Каттақўрғонда чилласи чиқмаган келин-куёв газдан заҳарланиб ўлди
Бугун Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани Олтинсой қишлоғида 28 кунлик келин-куёв тупроққа қўйилди. Бу ҳақда Абдураҳмон Ташанов Facebookда ёзди.
«Маълум бўлишича, тун ярмида газ тармоқдан узилган ва қайта ёқилган. Олов ўчгач, сизган газ туфайли уйқудаги келин-куёвни заҳарланган. Улар эрталаб хонадонида ўлик ҳолда топилишди.
Туман газ идораси аза бошланмасидан хонадон эгаларини техника хавфсизлигига риоя қилмасликда айблаб, далолатнома тўлдириб кетишди. Ўлганлар даъво қилолмайди: ҳеч ким газни нега бемаҳал уздинг, нега огоҳлантиришсиз ёқдинг, деёлмайди.
Шоҳрўз Аъзамов янги йил арафасида уйланганди. Кўпчилик қатори бир олам орзулари бор эди, эссиз… Оила фожиаси — миллат фожиаси, дейдилар.
Ўша куни қишлоққа ҳоким келган экан. Газчилар бу валломатга яхши кўриниш учун газни баландлатиб, масхарабозлик қилишган. Кечаси чегириб қоламиз, деганми, билмайман.
Одамлар ўлиши учун уруш бўлиши шарт эмас. Мутасаддиларнинг уқувсиз ва аҳмоқ бўлиши етарли. Уларни бу ёшларнинг уволи урсин!», дейилади пост якунида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter