Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кашта сабаб топилган бахт ёхуд душманлари кўп, тазйиқда бўлган ижодкорнинг ҳаёти ҳақида 

Кашта сабаб топилган бахт ёхуд душманлари кўп, тазйиқда бўлган ижодкорнинг ҳаёти ҳақида 

Бу галги суҳбатдошимиз адабиётнинг юмор, ҳажв йўналишларидан ташқари, санъат соҳасида ҳам ўзига хос мавқега эга, ўзбек матбуотининг отахон журнали «Муштум»нинг бир вақтлардаги бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраевнинг рафиқаси Назира опа Жўраева бўлди. Қаламкаш адиб «Юрак бўронлари», «Ўқ узган ким?», «Сенга кўнгил берсам», «Дил гавҳари», «Танимадинг-а?», «Конверт одам» каби ўнлаб насрий асарлар муаллифи сифатида ҳам танилган. Назира опа эса тиш шифокори бўлиб, турмуш ўртоғининг ўзига хос фазилатлари, биргаликда кечаётган умр йўллари, ҳаётий тажрибаси ҳақида қизиқарли маълумотларни сўзлаб берди.

Антиқа ўхшашлик

– Назира опа, сиз орзу қилгулик хонадон соҳибасисиз: ҳаётингиз фаровон, оилангиз тинч. Умр эса тезоқар дарё мисоли шиддат билан ўтиб бормоқда. Бир пайтлар қишлоқнинг чанг кўчаларида жамалак тақиб, югуриб юрган қизалоқ улуғлик ёшида шундай оиласи бўлишини орзу қилганми?

– Худойимга, етказган кунларига шукур. Мен оилада 10 нафар фарзанднинг тўнғичи, боболарим ва бувиларимнинг севикли набираси, ота-онамнинг эркатой қизи бўлганман. Қалбида сирли, сеҳрли дунёси, орзу-ҳаваслари билан яшайдиган, мактабда ўқиётганидаёқ ҳамшира бўлиш орзусидаги қиз эдим. Бундан ташқари, ўзимгагина аён қизиқиш­ларим бор эди, тикиш-бичиш, айниқса, кашта, йўрма тикишга жуда қизиққанман. 3-4-синфда ўқиб юрганимда тиккан кашталарим қўни-қўшнилар ва синфдошларимнинг назарига тушган. Биринчи ўқитувчим Норбиби Аҳмедованинг илк кашталаримни тенгдошларимга намуна қилиб кўрсатгани ҳануз кўз ўнгимда турибди, эсласам, ўша пайт­дагидек қувонаман. Тўнғич фарзанд бўлганим сабабли оиладаги масъулиятни ҳис қилардим.

Бир куни қишлоғимизда тўйдаги даврада ўтирган оқсоқоллардан бири отамга: «Уста Ҳалим, эшитишимизча, қизингиз чиройли кашталар тикаётган экан. Энди уста дурадгорнинг қизи ҳам ҳунарманд бўлса яхши-да, омадини берсин, бахт­ли бўлсин», деб дуо қилган эканлар. Тасодифни қарангки, ўша даврада тўйга бобоси билан меҳмон бўлиб келган, бўлажак турмуш ўртоғим Ашурали Жўраев ҳам бор экану, мен унинг эътиборини тортган эканман. Назаримда бахтимизни топишга ўша кашта сабаб бўлган.

– Демак, у киши билан бир қиш­лоқнинг фарзандлари экансизлар-да?

– Ҳатто синфдошмиз ҳам. Қизиқ ўхшашлик бор. У киши ҳам 10 нафар фарзанднинг тўнғичи бўлганлар. 4-синф­дан бизга қўшилган. Болалигидан тиришқоқ, қувноқ, аълочи, ҳамма билан тил топиша оладиган фаол ўқувчи эди. Ўша пайтлардан унда адабиётга қизиқиш юқори эди. Мактабдаги тадбирларда фаол иштирок этарди. Илк машқлари мактаб деворий газетасида эълон қилинган. Адабиёт муаллимимиз, раҳматли Аҳмад Очилов унинг ёзганларини бизга ўқиб бериб мақтардилар. 7-8-синфда унинг илк мақолалари Навоий туманининг ўша пайтдаги »Коммунизм учун» (ҳозирги номи «Кармана овози») газетасида чоп этила бошланди. Нокамтарлик бўлса ҳам айтай: аксарият мақолаларида менинг ҳам исм-фамилиям бўларди. Гоҳ «илғор теримчилар», гоҳ «аълочи ўқувчилар» қатори қаламга олинардим.

Шу ўринда яна бир гап: Ашурали Жўраев онаси бетоблиги сабабли олти ойлик чақалоқлигидан токи ўн беш ёшигача бобоси мулла Жўра ва Турдигул бувисининг қўлида тарбияланган. Боболари Бухоро мад­расасида таълим олган билимдон инсон бўлган. У киши доим «Мен бобом ва бувимнинг тарбия академия­сини тамомлаганман», деб фахрланиб юрадилар. Шу боис тарбияга жуда жиддий эътибор берадилар. Инсоннинг моҳияти, аслияти тарбияда намоён бўлади, деб ҳисоб­лайдилар ва фахр билан: «Эришган барча ютуқларим бобом ва бувимнинг тарбияси туфайли», дейдилар.

Каламуш бармоғини ғажиган гўдак

– Назира опа, Кармана туманининг Жалойир қиш­лоғидан Тошкентга кўчиб келишларингизга нима сабаб бўлган? Турмуш ўртоғингиз «Ташсельмаш» заводида чилангар, билим юртининг кечки бўлимида тарбия­чи, ўқитувчи бўлиб фаолият юритган эканлар, тўғрими?

– Талабалик йилларида, яъни 1975 йилда камтарона тўйимиз бўлган. Иккаламизнинг ҳам талабалигимиз ҳисобга олинганми ёки шароит шундаймиди, ишқилиб, кичик ва оддийгина ўтган. Ўша пайтларда бу киши Тошкент Давлат маданият (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият) институтида, мен эса Тошкент давлат медицина институтида (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)да ўқирдик. Ҳам ўқиб, ҳам ишлаганмиз. Таҳсилни битирганимиздан сўнг турмуш ўртоғим Тошкентда қолиб, ижод қилишни хоҳладилар. Ёш оила бўлганимиз, ҳеч кимдан моддий ёрдам олмаганимиз сабабли иқтисодий қийинчиликлар бошдан ўтган, албатта.

Бахтли ёки ибратли оила ҳеч қачон ўз-ўзидан барпо бўлмайди. Ўша пайтларда, ҳатто каламушлар исканжасидаги «барак» типидаги уйда ҳам ҳаётдан розилик ва аҳиллик билан яшаганмиз. Ижарама-ижара қийналиб юрганимизда, бизга турмуш ўртоғим ишлаётган Тошкент технология билим юртидаги 1929 йили Сибирдан сургун қилинган қулоқлар учун қурилган «барак»дан бир хонали уй беришганида роса қувонганмиз. Бу «барак» Тошкент 2-ун заводининг шундоқ ёнида эди. Маълумки, буғдой ва ун – каламушларнинг энг севимли емиши. Шу боис хонадонимизга тез-тез каламушлар галаси ҳужум қилиб турарди. Улар кечаси полни ғажиб, тешиб чиқар, баъзида ўзимизга ҳам ҳужум қилиб қоларди. Бир гал ярим тунда 1 ёшу 3 ойлик фарзандимизнинг чинқираб йиғлашидан уйғониб кетдик. Чироқни ёқиб қарасак, не кўз билан кўрайликки, унинг тўшаклари қон, бармоғини каламуш ғажиётган экан. Болагинамни 30 кун шифохонага қатнаб даволатганмиз.

Бундай ҳаётий воқеалар ҳикояга айланиб, ёзувчининг қатор асарларида акс этган. Бугун мазкур воқеалар ёшлар учун эртак бўлиб туюлади. Аммо булар – ҳаётимизда рўй берган ҳақиқатлар. Бугун у кунлар хотирага айланди. Шукрки, ҳаётимиздан нолимаймиз. Меҳр-оқибатли, аҳил оиламиз бор. Турмуш ўртоғим барча қариндош­лари ва яқинларининг ташвишини зиммаларига олганлар, яхши-ёмон кунларида ҳамдард бўладилар. Иккаламизнинг ҳам ака-укаларимиз Жалойирда яшашгани учун 50 йилдан буён у ердан меҳр ришталарини узганимиз йўқ. Ҳар сафар йўлга чиққанимизда ёзувчи эрим «Биз овора, вокзал овора, поезд овора», деб ҳазиллашиб қўядилар. Шу ўринда яна эътироф этишни истардимки, Ашурали Жўраевнинг «Жалойирга мактублар» ҳужжатли қиссаси анча машҳур бўлиб кетган. Жалойирлик­лар бу асарни меҳр билан ўқиганлари гувоҳиман.

– Назира опа, ёзувчининг айни ижодга шўнғиган навқирон пайтлари ҳақида суҳбатлашсак. У вақтларда саноқли матбуот нашрлари бўлиб, ўз касбининг фидойи­лари ишлашган. Бугунгидай замонавий технологиялар бўлмаган, шароит оғир эди. Баъзида таҳририятда қолиб, эрталабгача ишлашга тўғри келган. Шундай пайтларда кўнглингизга шубҳа ораламаганми? Ҳар ҳолда сиз тиш шифокорисиз, иш вақтларингиз аниқ белгиланган, журналистники эса аксинча.

– Тўғрисини айтиш керак, барча қатори бизнинг оиламизда ҳам баъзида, ҳаттоки аксар ҳолатларда тушунмовчилик, эр-хотиннинг «айтишувлари» бўлиб турар эди. Ҳатто рашк ҳам... Тўғрироғи, мен жуда рашкчи эдим. Бу табиий ҳол...

Вақт ўтиб, ёшимиз улғайгач, бир-биримизга ишончимиз мустаҳкамлана борди. Шу мус­таҳкам ишонч оиламизни нурли манзиллар сари олиб кетмоқда. Ишончда ҳикмат кўп экан.

– Ижод аҳлини тушуниш, ижодкор билан бахтли бўлиш учун унга ҳамкасб бўлиш шарт эмас, назаримда. 

– Ҳа, ҳар бир ижодкорнинг ўз дунё­си, ёзиш услуби бўлади. Бу ижод оламига кириб бўлмаса ҳам умр йўлдошини ҳурмат қилган аёл уни тушуниш ва билишга интилади. Турмуш ўртоғини қизиқтирган мавзулар билан қизиқади, тушунчага эга бўлишга ҳаракат қилади. Шу билан бирга ўзи ижодкор бўлмаса ҳам уир йўлдошининг ижод қилишига халақит бермайди. Яъни, бўлар-бўлмас талаблар билан чалғитмайди, борига шукр, йўғига сабр қилади. Беҳуда сўровлар, терговлар, талаблар журналистнинг қаламини, ҳатто руҳини синдириши мумкин. Бу аслида оддий аёллик вазифасига киради. Буларга амал қилиш ёшлик чоғида қийин бўлиши мумкин, чунки шайтон васваса солади, рашк уйғонади. Аммо сабрнинг таги сариқ олтин. Ҳозирги кунда аниқ айта оламанки, ижодкорнинг аёли бўлиш – мен учун бахт.

Ноҳақликлар ва йўқолган соғлиқ

– Назира опа, оилали аёлнинг жамият ишида фаол бўлиши осон кечмайди, қачонки умр йўлдоши кўмак­лашмаса, тўғрими? 

– У киши бундай ҳолатларни ҳар доим тўғри тушунишга ҳаракат қилганлар. Мен ишдан кеч қолиб, у киши эртароқ келиб қолсалар, баъзи эрларга ўхшаб, хотинини сўроққа тутиб, жанжал қилиш ўрнига болалари учун бирон мазали таом тайёрлаб қўярдилар. Улар таом тайёрласалар, дам оладилар, овқат қилишга иштаҳаси эмас, иштиёқлари баланд. Уйда бўлган пайтларида ҳар хил мазали овқатлар пишириб турадилар. Айниқса, палов, шўрва ва димламани боплайдилар. Дадасининг қўли ширин бўлганлиги учун болалар, ҳозир эса набиралар бобоси пиширган овқатларни талашиб-тортишиб ейдилар. Баъзан қизларимиз ота уйига меҳмон бўлиб келганларида ҳам дадасидан болалигидаги ширин таомлардан пишириб бериш­ларини сўрайди. Дадаси хурсанд бўлиб, бу юмушни эринмай бажарадилар. Ўзлари бозор қилиб келадилар. Меҳр бериб овқат тайёрлайдилар.

– Ўзбек адабиёти ва матбуотида Ашурали Жўраевнинг номи нафақат публицист, ёзувчи сифатида тилга олинади. «Муштум»га бош муҳаррир бўлганларида журнал халқнинг, оддий одамларнинг нажот майдонига айланган эди. Бунга эришишнинг ўзи бўлмагандир. Шундай эмасми?

– Мактабни тугатганимизда Ашурали Жўраев Тошкентга «Мен журналист ва ёзувчи бўламан», деган қатъий аҳд билан келганлар. Бу машаққатли йўлда тинмай ўқиб, изланиб, ўз мақсадларига эришдилар. Ишонасизми, у киши Тошкентда ўз севган касби бўйича 10 йилдан сўнг иш топганлар. Матбуот соҳасидаги иш фаолиятини 1983 йили «Ўзбекис­тон адабиёти ва санъати» газетасида бошлаганлар. Бу таҳририят ёш ижодкорнинг танилишида шарафли вазифани бажарган. Ўша пайтда газета таҳририятида ишлаган Одил Ёқубов, Иброҳим Ғафуров, Маматқул Ҳазратқулов сингари устозларидан жуда миннатдор бўлиб, номларини ҳурмат билан тилга оладилар.

Албатта, отадек меҳрибон устозлари Неъмат Аминовнинг ўрнига «Муштум» журналига бош муҳаррир бўлиб келганларида ишга катта масъулият билан ёндашдилар. Ҳатто «Муштум» журналига илова қилиб «Афанди» газетасини ташкил этдилар. Газета ҳам тез орада ўз ўқувчиларини топди, кулги мухлисларига манзур бўлди. Ашурали Жўраев тинмай меҳнат қилар, кеча-кундуз ижоддан бош кўтармас эдилар. Мен таҳририят ишларини билмасам-да, ўша даврда мавжуд бўлган «цензура»нинг фаолиятидан ва ноҳақликлардан асабийлашавериб, соғлиқларини йўқотганларини яхши биламан...

– Ашурали Жўраев ижоддан ташқари яна нималарга қизиқадилар? 

– Оилада эркак киши бажариши лозим бўлган ишларнинг ҳаммаси уларнинг зиммасида. Биринчидан, ҳамиша бозор-ўчарни ўзлари қилади. Мен ҳафсала билан бозор рўйхатини тузаман, у киши эса шараф билан ижро этади. Бундан ташқари, кўп вақтини китоб, газета-журнал ўқиш ва уларни таҳлил қилишга сарфлайдилар. Ўқиганларидан му­ҳим ва ибратли жойларини оила даврасида ҳам ўқиб, тушунтириб берадилар. Яна бир севимли машғулоти ўзбек қўшиқчилик санъатининг машҳур ҳофизлари, айниқса, Хоразм қўшиқ санъатини меҳр билан тинглаб, роҳатланиб, ҳордиқ чиқарадилар. Хонадонимизда ҳамиша Комилжон Отаниёзов, Ботир Зокиров, Маъмуржон Узоқов, Ҳабиба Охунова, Бобомурод Ҳамдамов, Отажон Худойшукуров, Ортиқ Отажонов ва Раҳматжон Қурбонов каби улуғ санъаткорларнинг қўшиқлари янграб туради. Бу машҳур ҳофизларнинг айрим қўшиқлари фарзанд­ларимиз ва набираларимизга ҳам ёд бўлиб кетган. Бу ҳам тарбиянинг бир кўриниши. Ўзлари қўшиқ эшитсам маънавий ва руҳий озиқ оламан, дейдилар.

– Ижодкор халқининг кўнгли нозик бўлади, баъзида бир сўзга кайфияти тоғдек кўтарилади, баъзида эса арзимаган гапдан дили оғрийди. Шундай пайтларда сиз қандай йўл тутасиз?

– Буни ҳаёт дейдилар, турмушнинг ҳам ўзига хос ва кутилмаган катта-кичик ташвишлари бўлади. Гоҳо у киши, гоҳида мен «жаҳл оти»ни тезроқ жиловлашга ҳаракат қиламиз. Энг муҳими, тезда «сулҳ» тузишга эришамиз. Бундай жараёнлар баҳор ёмғиридек тез ўтиб кетади.

Танқидий мақола учун дўқ-пўписа ва тазйиқ

– Устоз кўпроқ нималардан ранжийди, кўнгли тўлмайди?

– Ижодкор одамнинг дўстлари билан бирга душманлари, кўролмайдиган кимсалар ҳам кўп бўлар экан. Бундай ғаламислар у кишининг ҳаёт ва ижод йўлида етарлича учраган. Лекин ёзувчи бундайлар билан баҳслашиш, тортишувларга эътибор қилмай, ижодни давом эттирганлар. У киши ҳозир ҳам шундай. Ғийбат ва майда-чуйда миш-мишлардан юқори. Кўпинча: «Мен кенглик тарафдориман, Жалойир қишлоғининг Зарафшон оқиб ўтадиган бепоён Дайровотиданман», деб ҳазиллашиб кетаверадилар. Баъзан яқинлари ёки шогирдларидан кўнгилсиз гап эшитсалар, бир оз хафа бўладилар. Лекин бу хафагарчилик узоқ чўзилмайди. У киши кечиримли инсон. Ҳар қандай кўнгилсизликни тез унутиб, кечириб юборадилар. Шунингдек, ўзгалар ютуғидан қувонадилар. Янги китоби, газета ёки журналда ҳикоя ва мақолалари чоп этилса, қувониб юрадилар. Бирор бир ҳамкасбининг яхши китобини ўқиса, севиниб, бош­қаларга ҳам тавсия қиладилар. Ноҳақликка чидолмайди. Содда ва тўғрисўз киши. Тўғри гапнинг гадоси. Хушомад қилишни ёмон кўрадилар...

– Шу ўринда яна бир савол: Ашурали аканинг ёзган асари ёки мақоласи қаршиликка учрагани туфайли азоб­ланган ҳолатларига гувоҳ бўлганмисиз?

– Қай бирини айтай?.. Айрим танқидий мақолалари чоп этилганда таъна-дашномлар, ҳатто айрим «катта» раҳбарларнинг дўқ-пўписалари, тазйиқларига учраганлари рост. Эҳ, у замонларни эслашниям хоҳламайман. Лекин у киши ўз танлаган йўли ва эътиқодидан асло воз кечмадилар, шуниси муҳим! Ҳамон шу йўлдалар...

– Устознинг ҳаётда бирон хислати, дейлик соддалиги, кўнгил бўшлиги туфайли панд еган, афсусланган, яхшилик қилиб, жаб­рини тортган вақтлари бўлганми?

– Бўлган. Ҳатто кў-ўп ва хў-ўп бўлган. Бир сафар бу киши ўзини Тошкент шаҳар ҳокимлиги ходими, деб таништирган кимсани уйимизга киритганлар, бирга ўтириб нонушта қилишган. «Ходим» уйнинг ертўласини суратга олиб, ҳокимиятга жўнатишим керак, мабодо уйингизда сенсорли телефон йўқми, деб сўраса, бор, деб келинимизнинг қимматбаҳо телефонини олиб чиқиб берганлар. Сохта «ходим» қорнини тўйғазиб, телефонни олгану ғойиб бўлган...

Бу кишининг ҳаётида бундай ҳангомалар жуда сероб. Бир гал сохта асалфуруш бу кишини ишонтириб, асалини мақтаб, қиммат нархга пуллаб кетган. Кошки у асал бўлса... Тасодифни қаранг, яқинда кўчада кетаётсалар, ўша муттаҳам асалфуруш бу «содда» харидорини кўриб қолиб, машинасидаги беш кило «асал»ини сотмоқчи бўлаётганмиш!.. Хайрият, уларни набиралардан бири таниб қолибди. Бўлмаса...

– Устоз ҳақиқатан ишонувчан инсон эканлар. Бу ҳам кўнгли тозалигидан бўлса керак. Назира опа, нималар сизга фахр туйғусини беради?

– Мен турмуш ўртоғим, фарзандларим, оила аъзоларим ва набираларим билан ҳамиша фахрланаман. Уларнинг ҳар бир ютуғидан қувонаман ва бундан Аллоҳимга шукроналар айтаман. Тўрт нафар фарзандимиз бор. Ҳаммаси оилали, тинч-тотув. Катта қизимиз Наргизахон Тошкент юридик коллежини тамомлаган, ҳозир уй бекаси, ўғлим Алишер ҳуқуқшунос, қизим Нодира Тошкент молия институтини тамомлаган ва айни вақтда шу олийгоҳда ёшларга таълим беради, ўтган йили номзодлик илмий ишини ёқлади. Кичик қизимиз Нигора ҳам Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган, айни пайтда бола парвариши билан банд. 13 нафар неварамиз бор, аммо улар журналист, тиш шифокори ёки бошқа касб эгалари бўлишадими, бу ҳозирча номаълум.

– Устознинг асарларини ўқиб борсангиз керак, албатта. Улардан қайси бири сизга кўпроқ манзур? 

– Барча асарларини мутолаа қилганман. Уларнинг, айниқса, воқеани китобхонга содда ва равон тилда, баъзида юмор орқали осон етказиш услуби менга ёқади. «Юрак бўронлари», «Сенга кўнгил берсам», «Виждон қўнғироғи», «Саҳифага сиғмаган сатрлар» китобларини ҳозир ҳам қайта-қайта ўқийман...

– Серқирра ижод соҳиби бўлган турмуш ўртоғингизга тилакларингиз.

– Оиламизнинг ҳамда мухлисларининг бахтига доим соғ-саломат бўлсинлар. У кишига ижодий парвоз тилайман.                           

Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди

(«Adolat» газетасидан)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг