Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Иқтисод фанлари доктори Рустам Ҳасанов: «Тежамкор одамнинг қарзи бўлмайди»

Оила фаровонлиги нималарга боғлиқ? Пулни бўлар-бўлмасга сарфлаш қандай муаммоларни туғдиради? «Тийин сўмни тежайди», деган фикр бугун ҳам актуалми? Сарф-харажатлар дафтарини тутиш нима учун керак?

Иқтисод фанлари доктори, профессор Рустам Ҳасанов билан бугунги суҳбатимиз ёш оилаларда тежамкорлик ҳақида бўлди.

– Кўпчилик, айниқса ёш оилалар рўзғор юритишда тежамкорликка аҳамият бермайди...

– Бугунги суҳбатимиз ҳеч бир оилани бефарқ қолдирмайдиган мавзу оилада тежамкорлик. Оила харажатлар бир неча турга бўлинади. Яъни бирламчи харажатлар, иккинчи даражали харажатлар. Бирламчи даражали харажатлар бизнинг тириклигимиз учун жуда муҳим, озиқ-овқат ва турли ресурслар. Аслида пул топишга нисбатан уни сарфлаш мураккаб жараён ҳисобланади. Ёшлар пул топишни яъни кўпроқ пул топиш сир-асрорларини яхши билиши мумкин, лекин уни сарфлаш борасида эса кўпчиликнинг тажрибаси етишмайди.

– Бунинг учун улар ишни нимадан бошлаши керак?

– Ҳар бир ёш оила алоҳида дафтарда оила бюджетини юритиб боришни йўлга қўйиши керак бўлади. Оила бюджетининг даромадлар қисмида бир ойда келадиган тушум турлари – иш ҳақи, тадбиркорлик даромади, мулкдан келадиган тушум, нафақа ва.ҳ. акс эттирилади ва харажатлар қисмида бир ойлик сарфлар – озиқ-овқат, кийим-кечак, коммунал тўловлар сарҳисоб қилинади. Натижада оила бюджетидаги фарқлар юзага чиқади. Агар бир ойда оилага келадиган даромад юқори бўлса, яъни харажатлардан юқори бўлса пул жамғариш имкони пайдо бўлади, аксинча бўлса оила бюджети камомадини тўлдириш учун чора излаш керак. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, оилаларда эркаклар озиқ-овқат маҳсулотларига қилинадиган харажатларга мойиллиги кўпроқ, аёлларда кийим-кечак ва бошқа рўзғор буюмларига қилинадиган харажатга мойиллиги юқори бўлади. Шу тариқа оила истеъмоли баланслашади.

Кам таъминланган, ўрта ҳол ва бой яшайдиган оилаларда сарф-харажат ҳам шунга яраша бўлади. Аммо кўпинча оила даромади кам хонадонларда сарф-харажатлар ҳисоб-китоб қилинмаслиги оқибатида қийин вазият юзага келади. Айнан пулни бўлар-бўлмасга сарфлаш ҳолатлари кўп учрайди. Оилаларда мавжуд кўплаб нарсалар йиллар мобайнида тўпланиб қолади. «Камбағални кўчганда кўр», деб бежиз айтилмайди. Ўрта ҳол оилаларда эса кўпинча харажатлар даромадга қараб қилинади. Ўрта ҳол оилалар ҳатто ўз жамғармаларига эга бўлади.

Ўрта ҳол оилалар муддатли тўловга уй олиши, машина олиши мумкин. Бой оилаларда оила бюджетини юргизиш ҳам шартмас. Чунки улар хоҳлаган нарсасини хоҳлаганча амалга ошира олади. Лекин кўпчилик бой оилаларни харажатли, исрофгар деб ҳисоблайди. Лекин бой оилаларда ҳам тежамкорлик бошқаларникидан кам эмас, бу илмий исботланган. Биз харажатларни режалаштиришни кам таъминланган ва ўрта ҳол оилаларга тавсия қиламиз. Кўпгина оилаларда молиявий саводхонлик етишмайди, яъни қўлига пул тушдими эртанги кунини ўйламай сарфлаб юборади. Баъзида кам таъминланган оилалар тўйларни ҳашаматли қилиб юборади, бундай даромади кам хонадонлар кам харажат билан йиғин ўтказса бу оилада иқтисодий барқарорлик бўлади.

Турли тоифа оилаларнинг истеъмол танлови турли харажатларни юзага келтиради. Камбағаллар танлови асосан, арзон маҳсулотлар билан чекланса, бойлар танлови қимматбаҳо товарлар доирасида юз беради, ўрта ҳоллар танлови эса ҳар иккала гуруҳ товарлар оралиғида кечади. Танлов қандай бўлмасин, барибир унинг мақсади пулни оқилона сарфлашдан иборат бўлиши керак.

Бизни эшитиб турганлар кам таъминланганлар ҳақида «ўзи кам даромади бўлса топгани ош-овқатдан ортмайдику», дейишлари мумкин. Шунинг ўзи нотўғри фикр, даромадни қандай қилиб бўлсада жой-жойида тақсимлаш керак. Масалан, оила бошлиғи бир миллион ойлик олади, ўзи кам таъминланган оила. Шу оила бошлиғи зиёфат қилади, ўртоқлари билан ўтиради, лекин уйида гўшт йўқ, аёли йиртиқ шиппакда юрибди. Эркак уйига келиб: «200-300 минг сарфлаб мазза қилиб ўтирдик», дейди. Аёли: «уйда гўшт йўқ», деб нолиса, эркак: «нимага энди мен ўртоқларим билан ўтирмаслигим керакми» дейди. Ҳадисда айтилган қилинган харажатнинг энг савоблиси рўзғорга қилинган харажатдир. Биринчи рўзғорни минимал бўлсаям таъминлаш керак. Инсон даромад топиши керак бўлган манбалар кўп. Биз иқтисодчилар айтамизки: шу касбинг билан рўзғорингни боқолмасанг бу касбингни ўйлаб кўр.

Молиявий саводхонлиги бор оиланинг айтайлик даромади беш миллион. Бу оила минимал яшашга ҳаракат қилади ва бу оиланинг қарзи бўлмайди.

Баъзи оилалар даромадига қарамасдан ортиқча нарса олиб қўяди. Айтайлик, қиммат телефон. Ойма-ой тўлаш осондай кўринади. Шунда кутилмаган харажат чиқиб қолди – тўй, беморлик. Шунда бояги телефоннинг пули тўланмай қолиши мумкин. Ана шу қарз туфайли майда-майда қарз катталашади. Тежамкорликка эътибор бермаган оилалар камбағал бўлиб қолади ёки қарзга ботади. Агар оила харажатлари режалаштирилмаса, кўр харажатлар кўпайиб кетаверади, яъни пулни қаерга сарфланганини топиб ололмасликни биз кўр харажатлар деймиз.

Қарз қарзни чақиради дейишади. Бир хил одамлар қарз олишга мойиллиги бўлади, ёрдам олишга мойиллиги бор.

Бир оилани ревизия қилишганда жуда кўп нарса – керак нокерак нарсаларни олиб ташлашган.

Даромад ва буромад дафтарини тутиш ва уни бошқариб бориш керак. Шунда оиладаги барака юқори бўлади...

P/S: Мутахассис билан суҳбат орасида жуда қизиқарли оила бюджети билан боғлиқ мисоллар айтилди, сиз ҳам эшитинг ва мутахассис айтганидек, пулни режалаб ишлатишни ҳозирданоқ бошланг, дафтар юргизиш эсдан чиқмасин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг