Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Моҳира Султонова: «Ҳар бир кунингизда миллийлик бўлсин»

Миллийлик – бу фақат тўйларда кийиладиган зардўз либос ёки байрамларда эшитиладиган дутор садоси эмас. Миллийлик – инсон қалбининг, дилининг тубида ётадиган муҳаббат, туйғу ва фахр ҳиссидир. У инсон ўзини муайян бир миллатга мансуб деб билиши, унинг тили, маданияти, тарихи, урф-одатлари ва қадриятлари билан яшаши орқали намоён бўлади.

Миллийлик – бу ўзлик, ўзлигини тан олиш ва уни асраб-авайлаш демакдир.

Замонавий технологиялар, глобаллашув ва умумжаҳон маданияти таъсирида кўплаб миллий анъаналаримиз, ўзлик тимсолларимиз кун сайин йўқолиб бораётган бир даврда яшаяпмиз. Баъзан шу қадар чет эл услублари ҳаётимизга кириб келади-ки, ўзимиздан, ўз қийматларимиздан узоқлашиб қолганимизни сезмай ҳам қоламиз. Аммо шундай инсонлар борки, уларнинг қалбида миллийлик жонли, у яшайди ва яшайдигина эмас, балки авлоддан авлодга ўтиши учун жон куйдиради.

Бугунги суҳбатдошимиз ана шундай ватани, миллати, қадриятлари учун жон куйдираётган ва амалий ишлари билан миллийликни ҳаёт тарзига айлантирган инсон – Моҳира Султонова. У «Ўзбеклигим – ўзлигим» номли нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари бўлиб, миллий анъаналаримизни сақлаш, ёшларда миллийликка бўлган муҳаббатни ошириш йўлида фаол меҳнат қилмоқда. Шу билан бирга, у тадбиркор ва дизайнер сифатида ҳам миллий каштачилик анъаналарини замонавий мода билан уйғунлаштириб, юртимизда ва ундан ташқарида ҳам миллий ҳунармандчиликнинг юксалишига ҳисса қўшиб келмоқда.

– Миллатнинг миллат эканлигини кўрсатадиган асосий тамойил бу – миллийлик ва қадриятлар ҳисобланади. Айнан ўзбек халқининг ҳозирги кундаги миллийлиги ва қадриятлари шаклланишига қандай омиллар сабаб бўлган?

– Миллийлик бу миллатни бошқалардан ажратиб кўрсатувчи «юзи», алоҳида белгиси десак ҳам бўлади. Бунда ҳар бир миллат қадриятлари асрлар давомида шаклланади. Кўплаб халқлар ҳозирда ўзининг миллийлигини йўқотиб бораяпти ва кам сонли халқларгина ўзининг миллийлигини сақлаб қола олган, шукрки, улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Бунга сабаблардан энг каттаси, бизнинг туркийлар қавмидан эканлигимиз ва Марказий Осиё минтақасида жойлашганимиз. Қўшни халқлар билан ўз чегарасини ажратиб олиш ва миллат сифатида ажралиб туриш учун ҳам миллийликка катта аҳамият қаратилган.

Ҳозирда ёшлар орасида миллий маданиятга нисбатан лоқайдлик бор дея оласизми?

– Лоқайдлик дея олмайман, унутилиб қолаяпти дейишим мумкин. Чунки ота-оналар иш билан машғул, болаларда ўқиш, тўгараклар туфайли юклама катта, бошқа нарсаларга эса шунчаки вақти етмайди. Шунингдек, оилаларда анъаналар эсланмаётгани ва ота-оналаримиз томонидан миллий ўйинларимизни унутилиб кетаётгани, болалар миллий эртакларни эшитиб катта бўлмаётгани ачинарли ҳол. Бунинг ортидан болалар телефон орқали ғарб маданияти билан яқинроқ бўлиб қолиши эҳтимоли катта.

– Миллийлик ҳақида гапириш мумкин, уни либосларда кийиш мумкин, аммо ҳис қилиш-чи?

– Дастлабки мақсадимиз, миллийлигимизни танитиш эди, яъни уст-кийимлар ва хунармандчилик билан. Шундай ҳолга келдикки, миллийлик деганда фақат либосларни тушунадиган авлодга айланиб  қолдик. Энди олдимизга қўйган иккинчи мақсадимиз, миллий руҳни шакллантириш. Бу бўйича қадам ҳам ташладик, март ойининг бошида қадриятларимизни эслаган ҳолда мушоира кечасини ўтказдик. Ҳақиқий ўзбек аёллари образида  чиройли бир кеча ташкил этишга эришдик. Кейинчалик эса, жадидчиларимизга бағишланган кечаларни ташкил қилиш ниятидамиз.

– Юртимизда миллийликни қандай кўришни хоҳлаган бўлар эдингиз?          

Юртимизда миллийликни ҳар куни кўришни хоҳлардим. Наврўз ва Ҳайит арафасида миллий либосларимиз урфга киради, аммо вақт ўтиши билан  яна унутилади. Ҳозир ёш дизайнерлар ўртасида танлов уюштириш ниятидамиз, яъни талаба ёшларга мўлжалланган ва кунлик кийишга қулай либосларни яратиш ва тарғиб этиш. Негаки, кўча-кўйда гувоҳи бўляпман, ёшларимизнинг миллий сурат, туширилган, аксессуар қўшилган кийимларга қизиқишлари катта.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг