Жисмоний фаолликнинг ози ҳам, кўпи ҳам умрга зиён — тадқиқот

Жисмоний фаолликнинг узоқ умр кўришдаги роли шу пайтгача ошириб баҳоланган — Ювяскюля университети (Финляндия) олимлари шундай хулосага келишди. Тадқиқот натижалари European Journal of Epidemiology (EJE) илмий нашрида эълон қилинди.
Олимлар финляндиялик 22 750 нафар эгизакларнинг 1975 йилдан 1990 йилгача оралиқдаги жисмоний фаоллиги кузатилиб, қайд этиб борилган маълумотларини ўрганишди.
Биологик қариш жараёнини баҳолаш учун ДНК метилланишини таҳлил қилувчи эпигенетик соатлардан фойдаланилди. Шунингдек, юрак-қон томир касалликлари ва атртериал босимга ирсий мойиллик ўрганилди.
Натижалар кўрсатишича, мўътадил жисмоний фаоллик — умрни узайтириш учун энг мақбул танлов. Ўлим хавфи энг кўп камайиши (7 фоизга) камҳаракатлиликдан мўътадил жисмоний фаолликка ўтганларда кузатилган. Юқори жисмоний фаоллик даражаси узоқ умр кўриш учун қўшимча фойда келтирган ҳолатлар кузатилмаган.
Қисқа муддатли истиқболда юқори жисмоний фаоллик чиндан ҳам ўлим хавфни пасайтиради. Бироқ узоқ истиқболда (30 йиллик кузатувлар) жисмоний фаоллиги юқори ва камҳаракат инсонлар ўртасидаги тафовут унча сезилмаган.
Жисмоний фаоллик ва биологик қариш ўртасидаги боғлиқлик U ҳарфи ёки тақа шаклини эслатади. Қизиғи, спорт билан жуда кам шуғулланувчилар ва жуда кўп шуғулланувчиларда тез қариш кузатилган. Хулоса шуки, энг яхши танлов, «олтин оралиқ» — мунтазамлик ва мўътадилликда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter