Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қаҳва ичувчи аёлларга соғлом кексайиш кафолатланганми?

Қаҳва ичувчи аёлларга соғлом кексайиш кафолатланганми?

Фото: Unsplash

Кунига бир чашкадан уч чашкагача қаҳва ичишга одатланган 50 ёшлар атрофидаги аёллар орасида соғлом кексайиш кўпроқ кузатилмоқда. АҚШда аёллар саломатлигини ўрганиш бўйича ўтказилган энг йирик тадқиқотлардан бири — Nurses’ Health Study маълумотлари шуни кўрсатмоқда. Орландода бўлиб ўтган Америка озиқ-овқат жамияти анжуманида тадқиқот натижалари эълон қилинди, деб хабар берди CNN.

Торонто университети доценти Сара Маҳдавининг айтишича, қаҳва ичувчи аёлларда сурункали хасталиклар камроқ кузатилган, кексайганда ҳам уларнинг жисмоний, руҳий ва ақлий ҳолати нисбатан барқарор сақланган.

Тадқиқот 47 минг нафардан зиёд аёлни қамраб олди. Улар овқатланиш тартиби ҳақидаги анкеталарни тўлдиришган, сўнг 30 йил давомида шифокорлар бу аёлларнинг саломатлигидаги ўзгаришларни қайд этиб боришган. Таҳлиллар кофеинли қаҳвани мўътадил (меъёрда) истеъмол қилиш ва соғлом кексалик ўртасида чамбарчас боғлиқлик борлигини кўрсатди.

Эътиборли томони, чой ёки кофеинсиз қаҳва ичувчиларда бундай боғлиқлиқ топилмади. Шунингдек, кока-колага ўхшаган газланган ширин ичимликларни истеъмол қилувчи аёллар орасида кексайганда саломатликни сақлаб қолиш имконияти жуда пастлиги маълум бўлди.

Маҳдави қўшимча қилишича, бу тадқиқот барча аёллар ёппасига қаҳва ичишни бошлаши кераклигини англатмайди. Аввалдан кофе ичиб юрмаганлар ўз одатларини кескин ўзгартиришлари тавсия этилмайди.

Аёлларда организмнинг кофеинга реакцияси гормонал ҳолатга қараб ўзгариши мумкин. Эстроген кофеиннинг жигарда парчаланишига жавоб берувчи фермент фаолиятини сусайтиради. Шу боис ҳомиладорлик даврида, гормонал дори-дармонларни қабул қилаётганда ва шу каби ҳолатларда кофеин аёл организмида узоқроқ вақт сақланиб қолади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг