Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ишхонада қози-ю уйида оддий бека —  Ҳуснора Ҳакимова мисолида аёл судьялар ҳақида икки оғиз

Ишхонада қози-ю уйида оддий бека —  Ҳуснора Ҳакимова мисолида аёл судьялар ҳақида икки оғиз

Тасаввур шунақа: судья деганда ўта жиддий, шунга яраша бироз қўполроқ, гап оҳанги кескин, юзида кулгу акс этмайдиган шахс гавдаланади кўпчиликда. Бунинг ажабланадиган жойи йўқ. 

Судьялар,  таъбир жоиз бўлса,  бироз  «ёпиқ шахс». Уларни фақат суд процессида кўриш мумкин. Жамоат  жойларида деярли кўзга ташланмайди. Оммавий тадбирларда учратмайсиз ҳисоб. Вазифаси шуни тақазо этадики, ҳатто хизматдан ташқари пайтлари ҳам маълум чекловларга риоя қилишга мажбур. Қисқаси, суд тизими, судьялар – алоҳида олам. Илло, улар ҳам ҳамма қатори одам — фазилат-у қусурлардан холи эмас.

Судьялар орасида ўта соддалари ҳам борлигига нима дейсиз?! Не-не даъвогар-у жавобгар, ўғри-ю тўғри, қотил-у мақтулни сўроқ-савол қилиб, ҳукм-хулоса ясайдиган орасида соддалари ҳам борлигига кўплар шубҳа қилар эҳтимол. Аммо инсоннинг ишдаги зукколигига табиатидаги соддаликнинг кўпам алоқаси йўқ. Қолаверса, соддалик — ким нима деса, лаққа ишониш деганиям эмас-да.

Мана, Ҳуснора Ҳакимова. Ким-ким Олий суд судьяси! Мулк ҳуқуқи, ерга оид низолар бўйича тажрибали мутахасис. Бироқ анчагина содда. Гоҳ ўйлайсанки, Ҳуснорани ёш бола ҳам алдаши мумкин, деб. Аммо суд процессида эмас. Суд мажлисида у содда Ҳуснора эмас, судья Ҳакимовага айланади: қошлар чимирилган, нигоҳлар синчков, гаплари кескин. Бироқ...

Фуқаролик судларида озмунча низо кўрилмайди. Улар орасида  тасаввурга сиғмайдиган можаролар ҳам бор. Дейлик, қарз ундиришга оид низо. Бундай низоларда даъвогар сифатида кўпроқ судхўрлар намоён бўлаётгани бор гап. Бундай тоифадаги даъвогар қип-қизил ноинсоф, лекин қонунни, ўз ҳақ-ҳуқуқини билади. Шу боис хат-ҳужжатлари бадастир. Қарабсизки, судда ютиб турибди. Бунақа пайтда жавобгар судхўрдан кўра кўпроқ судьядан норози бўлади. Лекин биров айтмайдики, тилхат  ёки қарз эвазига мулкингни берган ўзинг, судхўрнинг ҳамма талабларига рози бўлган ҳам ўзинг, баски, судья нима қилсин?! Жиноят ишларида иш ҳолатига қараб, айбланувчига енгиллик берилиши мумкин, бироқ фуқаролик низоларида то даъвогар инсофга келмаса, суддан мурувват кутиб бўлмайди. Нега? Қонун шундайки, у кўз ёш-у, оҳ-у нолаларни кўтармайди кўпам. Ҳой, аҳли фуқаро, ҳуқуқингизни билинг, қонунлардан бохабар юринг, дейилаётгани бежизмас, ахир?!

Судья ҳам инсон: ноинсоф ғолиб-у бечора қарздорнинг ҳолатини оғриқсиз кузатади, дейсизми? Қаёқда! Ташига чиқаролмайди, аммо ичидан ўтганини ўзи билади. Шундай пайтлар бўладики, ҳукм ёки қарор ўқиган судья хонасини ичкаридан қулфлаб, дув-дув йиғлаб олади, ёки  кўтарилаётган қон босимини жиловлаш учун дори қидиришга шошади...

Бундай ҳолатни Ҳуснора Ҳакимова бошидан кўп ўтказган.

Яна бир ҳақиқат бор: судьяликда жинсга қаралмайди. Яъниким, у аёлми ёки эркак – талаб битта: енгилми ё мураккабми — чекига тушган «иш»ни  қонуний кўриши лозим. Шундан келиб чиқилса, аёл судьяларга осон эмаслиги ойдинлашади. Чунки, вазифа масъулиятидан ташқари оила, бола-чақа ташвишлари ҳам бор. Аёл судьялар ишхонада қози бўлса, ўз уйида оддий бека: эрнинг инжиқлиги (ёки шўхлиги), фарзанд эркалиги, турмуш юмушлари, келинлик вазифалари... ҳамма-ҳаммасини кўтаришга, ҳамма-ҳаммасига улгуришга мажбур. Иш ва оилани бирдай уддалаш аёл судьялардан каррасига риёзат талаб қилади, хуллас.

Ҳуснора Ҳакимова уч фарзанднинг онаси.  Тўнғичи энди йўлга кириб, боғчага чиқар-чиқмас кутилаётган воқелик – фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьялигига тайинланди. Шу билан бу ёғи ке-етди: беш йил ўтиб, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьялигига муносиб кўрилди. Яна уч йилдан сўнг Олий судга кўтарилди. Ўтган вақт давомида яна икки нафар фарзандни дунёга келтирган қаҳрамонимиз «судья келин»дан кичкина бўлмаган оила бекасига айланди. Булар нима учун ёзилмоқда? Фуқаролик ишлари бўйича судларда иш ҳажими-ю юкламалар кўплиги сир эмас. Барча ишларни ўз муддатида адо этмоқ маҳол. Чунки, жисмонан улгуриш қийин. Шунга қарамай иш-у оилани бирдек ушлаб, фарзандлар тарбиясига фурсат топиб, бир оиланинг биноийдек бекаси бўлаётганларга тасанно десак, асакамиз кетмас...

У гап-бу гапдан  садқа: юк кўтарган юзага чиқади, деганлари тўғри экан. Ҳуснора Ҳакимова намунали бека, намунали она сифатида аллақачон ҳурмат қозонган бўлса, мана, энди «Намунали судья» ҳам бўп турибди-ку....

Биласиз, давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан одил судловни амалга оширишда юқори рейтинг кўрсаткичга эга судьяларни «Ибратли судья» мукофоти билан тақдирлаш белгиланган эди. Яқинда мазкур мукофотнинг илк эгалари аниқлади: 16 нафар бахтиёр судьялари қаторида Олий суд судьяси Ҳуснора Ҳакимова ҳам бор.

Айтганча, Ҳусноранинг соддалиги ҳақида.

... Бир йил аввал, хотин-қизлар байрами арафасида суд тизими тарихида биринчи марта чоп этилган «Ўзбекистон аёл судьялари» журнали тайёрланаётган пайт. Вақт тиғиз, белгиланган муддатда журнал чиқиши керак. Шу сабаб Судьялар олий кенгаши раиси бошчилигида жонни жабборга беряпмиз денг. Ўша кунлари хизмат юзасидан Кенгаш чақирилган Ҳуснорада ишимиз қизиқиш уйғотсами?! Ана-мана босмахонага топшириладиган журнални кўздан кечирар экан, бир аёл судья ҳақида маълумотларга кўзи тушиб, бирдан хушёр тортди: «Хато ёзилибди». Хато? Қанақа хато? «Мана бу судьяни беш фарзанднинг онаси деб ёзибсизлар, унинг болалари уч нафар». «Айтинг, ўша ҳамкасбингизга, тезда хатони тузатсин!» дедик ясама жиддийлик билан. «Вай, қана қип тузатади?». «Тезда яна иккита бола туғиши керак!».

Гапимиздан Ҳуснора «қотиб қолди», чиппа-чин ишонди чоғи: «и-и-и, бунга вохт керек-ку», деди дув қизариб, аммо тезда ўзини қўлга олди: «э-э, ҳазилингиз қурсин...»

Т.Акбаров

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг