«Инқирознинг онаси» эшик қоқмоқда — Нуриэл Рубини
2008 йилги глобал иқтисодий инқирозни тўғри башорат қилган иқтисодчи Нуриэл Рубини El Mundo газетасига интервю берди.
Рубини яқин ўн йилда дунё «барча қарз инқирозларининг онаси» билан тўқнаш келади, деди.
«Бурилиш нуқтасига яқинлашяпмиз: давлатга қарашли ва хусусий кредиторлар, қарз олувчилар, зиқналар ва сочувчилар — ҳаммасининг ҳаёти ўзгариб кетади», — таъкидлади Рубини.
2023 йилда кўплаб мамлакатларда иқтисодий ўсиш бошланади деган башоратларга Рубини шубҳа билан қарамоқда.
«Асосий омиллардан бири — инфляция: уни 10 фоиздан 5 фоизга пасайтириш осон, бироқ 5 фоиздан 2 фоизга тушириш ўта мушкул масала. Қолаверса, қарзлар иқтисодий қулашни кучайтириб, дефолт ва молиявий тушкунлик хатарини оширади», — деди мутахассис.
Қарз инқирози жаҳон иқтисодиёти учун «мегатаҳдид»дир. Кўп мамлакатлар демографик муаммолар, иқлимий ҳалокатларга дучор бўлади, сунъий интеллект таъсирига тушади. Глобал пандемиялар таҳдид солмоқда. Ҳозирги авлод ўсиш даврининг интиҳосида яшаяпти, «хаос (тартибсизлик) ва сурункали нобарқарорлик» даври остонасига қадам қўймоқдамиз, дея тушкун башоратларини очиқлади Рубини.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter