Инновацион ривожланиш вазирининг германиялик ўринбосари ҳақида нималар маълум?
Германия фуқароси Карстен Хайнс Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири ўринбосари лавозимига тайинланган эди.
«Халқ сўзи online» нашрида ушбу мутахассис ҳақидаги маълумотлар эълон қилинди.
Карстен Хайнс бунгача Германия таълим ва илмий тадқиқотлар федераль вазирлиги(ТИТФВ) Шарқий Европа, Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган.
У 1961 йилда шарқий Германияда туғилган, мутахассислиги бўйича тарихчи. 1991 йилдан буён ТИТФВ тизимида ишлаб келади. Фақат орада тўрт йил ГФРнинг Москвадаги элчихонасида илм-фан ва таълим бўлими бошлиғи сифатида дипломатик фаолият олиб борган.
1995-2002 йилларда Карстен Хайнс Шарқий Европа, Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик соҳасида ишлаган, шунингдек, ЕИ тузилмалари билан ишлаш бўйича амалий тажрибага эга.
Германиянинг 1998-1999 йилларда ЕИга раислик қилган даврида у Евроиттифоқнинг таълим бўйича қўмитасидаги немис вакили ўринбосари сифатида фаолият юритган. Шу аснода таълим соҳасидаги стратегиялар ва дастурларни ишлаб чиқиш бошқариш масалаларига бағишланган конференциялар ҳамда семинарларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнларида қатнашган.
2013 йилдан Карстен Хайнс ТИТФВнинг Макс Планк номидаги жамият, Фраунгофер номидаги жамият, илмий тадқиқотларнинг инновацион йўналишлари” бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимига қўйилган.
Макс Планк жамияти - ГФРдаги мустақил жамоатчилик илмий-тадқиқот ташкилоти бўлиб, илмий тадқиқотлар ўтказишга кўмаклашади. Унинг аъзолари ичида илмий-тадқиқот институтлари ва идоралари раҳбарлари бор. Фраунгофер жамиятига эса 1949 йилда тузилган бўлиб, иқтисодиёт эҳтиёжлари ва ГФР ичидаги ҳамда ташқарисидаги бозор талабларини ўрганишга йўналтирилган амалий тадқиқотлар институтларининг бош бирлашмаси ҳисобланади.
Карстен Хайнс Германиядаги энергетика соҳаси, жумладан, энергия манбалари, мазкур жабҳадаги кластерларни бошқариш борасидаги тадқиқотлар билан шуғулланадиган илмий муассасалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳам тажрибага эга.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда инновацион ривожланишнинг яна бир ўринбосари хорижда 20 йил ишлаб келган Отабек Назиров ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter