Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инновация вазирлиги коронавирусга қарши курашиш бўйича лойиҳалар танловини эълон қилди

Инновация вазирлиги коронавирусга қарши курашиш бўйича лойиҳалар танловини эълон қилди

Иллюстратив фото

Инновацион ривожланиш вазирлиги республикамизда COVID-19 коронавирусга қарши самарали курашиш, касалликнинг республикамиз ҳудудига кириб келишини олдини олиш мақсадида илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида «Тиббиёт фанлари» йўналишида амалий лойиҳалар танловини эълон қилди.

Қайд этилишича, республикамизда коронавирусли инфекциялар патогенезини чуқур таҳлил қилиш асосида уларни даволаш технологияларини яратиш ҳамда коронавирус штаммларини аниқлаш учун молекуляр-генетик диагностикумлар яратишга эҳтиёжни юзага келтирмоқда.

Ҳозирда жаҳон бўйлаб тарқалаётган коронавирус инфекциясининг (COVID-19) Ўзбекистонга кириб келмаслигини таъминлаш, аввало, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими, профилактика ишларини янада юқори даражага кўтаришни тақозо этади.

Илмий лойиҳаларга давлат буюртмаси доирасида амалга ошириладиган амалий лойиҳалар мавзулари:

  • «Коронавирусли инфекциялар патогенезини чуқур таҳлили асосида уларга қарши кураш ва даволаш технологиясини яратиш» бўйича бажарилиши икки йилга мўлжалланган амалий лойиҳа (умумий молиялаштириш ҳажми – 2,0 млрд. сўм);
  • «COVID-19 коронавирус штаммларини аниқлаш учун молекуляр-генетик диагностикум яратиш» бўйича бажарилиши бир йилга мўлжалланган амалий лойиҳа (умумий молиялаштириш ҳажми – 1,5 млрд. сўм).

Электрон рўйхатдан ўтказилган лойиҳалар 2020 йилнинг 15 апрелига қадар шанба ва якшанба кунларидан ташқари ҳар куни соат 10:00 дан 18:00 гача вазирлик биносида қабул қилинади.

Тақдим этилган лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиат) йўл қўйилмаганлиги, талаблар асосида шакллантирилганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилган амалий ва инновацион тадқиқотлар натижалари улар якунланганидан сўнг тўлиқ тижоратлаштирилиши шарт.

Тақдим этиладиган лойиҳаларга тегишли вазирликлардан лойиҳа мавзуси, унинг бажарилиши ва ундан кутилаётган натижалар Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг тармоқ ва соҳаларини ривожлантириш учун зарурлиги таъкидланган ҳамда ташкилот Илмий (илмий-техник) кенгашлари томонидан тавсия этилганлиги ҳақидаги қароридан кўчирма илова қилиниши лозим.

Танлов ўтказилишининг объективлиги, адолатлилиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида лойиҳаларни қабул қилиш, экспертизасини амалга ошириш, махсус белгиланган хоналарда видеокузатув воситалари (камералар) орқали ёзиб олинади.

Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги ҳамда танлов ғолиблари томонидан илмий-техник лойиҳаларнинг натижадорлиги, тижоратлаштириш даражаси, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий лойиҳа раҳбарлари, илмий лойиҳани бажарувчи ташкилот раҳбарлари ва тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланадилар.

Белгиланган муддатда фан йўналишлари бўйича электрон ва қоғоз шаклларда тақдим этилмаган лойиҳалар танловга қабул қилинмайди.

Танловга битта лойиҳа келиб тушган тақдирда қайта эълонга берилади ва натижаси бўйича агар лойиҳа келиб тушмаса, дастлабки келиб тушган лойиҳа билан музокара ўтказилиб, салоҳиятига кўра ИТКга чиқарилади.

Дастлабки техник экспертизадан ўтмаган лойиҳалар танловнинг кейинги босқичига тавсия этилмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг