ИИВ вазири Пўлат Бобожонов аҳолига мурожаат билан чиқди
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов мамлакат аҳолисига мурожаат билан чиқди.
Вазир ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларни эътироф этиб, келгусида ушбу тизимни жамиятда тинчлик ва осойишталикни, жамоат тартибини сақлаш йўлида чин дилдан хизмат қиладиган халқчил профессионал тузилмага айлантириш учун саъй-ҳаракатлар давом этаётганини билдиради.
«Янги Ўзбекистонда «Инсон қадри учун» эзгу ғояси давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Инсон қадри улуғланаётган ана шундай тарихий шароитда қишлоқ, овул ва маҳаллаларимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида барчамизнинг зиммамиздаги масъулиятли вазифалар янада ортиб бормоқда», – дейди Бобожонов.
У, шунингдек, жорий йил 28 июль куни Фарғона шаҳрида Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг Президент раислигида бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида тизимдаги ишлар чуқур таҳлил қилингани ҳамда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар аниқ кўрсатиб берилганини таъкидлайди.
Шулардан келиб чиқиб, мавжуд муаммоларга ечим топиш, аҳоли учун хавфсиз яшаш ва меҳнат шароитларини яратиш борасида ички ишлар органлари томонидан қатор вазифалар белгилаб олинганини айтади.
«Биринчидан, бундан буён асосий эътиборни содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни илмий ёндашув асосида ўрганиш, уларнинг асл сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш масаласига қаратамиз. Эндиликда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини жалб этиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда «намунали ҳудуд методикаси» яратилади. Мазкур ёндашув орқали келгусида ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг асл сабаблари аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Иккинчидан, аччиқ бўлса ҳам тан олиш керак: тўққиз ярим мингга яқин маҳалланинг 1,5 мингдан зиёдида криминоген вазият мураккаблигича қолмоқда. Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, маҳалладаги жиноятчиликнинг илдизи кўпинча ижтимоий муаммоларга бориб тақалмоқда.
Шунинг учун ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича «ижтимоий профилактика» тизимини тўғри йўлга қўйиш орқали профилактика инспектори, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаолидан иборат «маҳалла бешлиги» ҳамкорлиги янада кучайтирилади. Маҳалланинг ўзида ўсмирлар, ёшлар ва аёллар ўртасидаги жиноятчиликни кескин камайтириш ҳамда муаммоли фуқаролар билан ишлашни кучайтирган ҳолда криминоген вазиятни барқарорлаштириш чоралари кўрилади.
Учинчидан, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва уларнинг вилоят бошқармалари раҳбар ходимлари, Бош прокурор ўринбосарлари, бошқарма бошлиқлари ва вилоят прокурорлари энг оғир маҳаллаларга бириктирилган ҳолда уларни «жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш» саъй-ҳаракатлари фаоллик билан амалга оширилади. Бунда ҳар бир раҳбар жойларга чиқиб «маҳалла бешлиги» фаолияти билан шахсан танишади, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳамда криминоген вазиятга таъсир кўрсатувчи омилларни муҳокама қилади, муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича манзилли чора-тадбирларни белгилайди ва назоратини ўрнатади.
Тўртинчидан, «Оила – маҳалла – мактаб – мустақил ҳаёт» тамойили асосида тарбияси оғир ўсмирларга вазирлик, идора ва ташкилот раҳбарлари бириктирилади, мустақил ҳаётга тайёрлаш даврида улар билан якка тартибда ишлаш тартиби йўлга қўйилади. Бунинг учун «Вояга етмаганлар билан ижтимоий-ҳуқуқий ишлаш кластери» тизими жорий этилади. Бунда ўсмирларни учта тоифага бўлган ҳолда мутасаддилар томонидан «оталиққа олиш» тартиби белгиланади.
Хусусан, жиноят содир этган ёки жиноят қилишга мойил бўлганларга ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва раҳбар ўринбосарлари, ижтимоий зарарли хатти-ҳаракат содир этиши мумкин бўлганларга давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва раҳбар ўринбосарлари, назоратсиз ва қаровсиз қолганларга ҳокимликлар, таълим муассасаси директорлари ва маҳалла раислари бириктирилади.
Бешинчидан, «Хавфсиз оила» тамойили асосида алоҳида иш тизими йўлга қўйилади. Бунда ижтимоий-маиший муаммоси ҳал бўлмаган оилалар билан ишлаш давлат идораларининг биринчи галдаги вазифаси этиб белгиланади. Судда низолашаётган оилалар билан манзилли ишлаш бўйича ягона идоралараро ахборот тизими ишга туширилади. Бунинг учун суд органларига низонинг мазмуни ва ундан кутилаётган хатарларнинг барвақт олдини олиш бўйича маҳалла ва ички ишлар органларини хабардор қилиш, таҳлилий тавсия бериш вазифаси юклатилади.
Ўз навбатида, ички ишлар органлари, суд тавсиясига асосан, низоли оилани ўрганиб, ҳимоя ордери орқали «оилабай» профилактик чораларни кўриш, сектор раҳбарлари ва маҳалла раисларига оиланинг маиший муаммоларини ҳал этишда яқиндан кўмаклашиш, адлия органлари эса низолашаётган оила билан манзилли маслаҳатлашув ўтказиб, малакали ҳуқуқий ёрдам бериш ишларини амалга оширади.
Олтинчидан, «Йўл ҳаракати хавфсизлиги – жамоатчилик назоратида» тамойили асосида йилига камида икки марта ижтимоий сўров ўтказиш, шунингдек, барча йўл-патруль хизмати ходимлари учун маҳаллаларни қамраб олувчи жавобгарлик ҳудудини белгилаб қўйиш амалиёти йўлга қўйилади. Бунда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан амалга оширилган ишлар бўйича Олий Мажлис, маҳаллий кенгашлар ва кенг жамоатчиликка ҳар ярим йилда ҳисобот бериб борилади.
Мамлакатимиз бўйича энг хавфли йўл ва чорраҳалар харитаси шакллантирилади. Ушбу харитада ҳаракатни тартибга солиш учун зарур бўлган светофор, йўл тўсиқлари, ер усти ва ер ости пиёдалар йўлакларининг аниқ сони ва ўрнатилиш жойлари, шунингдек, таъмирталаб, жиддий хавф туғдираётган йўл қисмларининг жойлашуви кўрсатилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари кўмагида, консультантларни жалб қилган ҳолда, ушбу йўл ва чорраҳаларда тартиб ўрнатиш ишлари бошланади.
Еттинчидан, сўнгги вақтларда янги турдаги жиноятлар ва уларни содир этиш усуллари пайдо бўлмоқда. Айниқса, ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатувчи ёт ғояларни тарғиб этиш, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш, фуқароларнинг шахсий маълумотларини ва мол-мулкини интернет ҳамда ижтимоий тармоқлар ёрдамида ноқонуний қўлга киритиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Мана шундай вазиятда барчамиз доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз, энг асосийси, маҳалла фаоллари, нуронийлар, устоз ва мураббийлар билан биргаликда келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимизни жиноят ва ҳуқуқбузарликлардан ҳимоя қилишнинг содда ва самарали усуллари амалда қўлланади.
Саккизинчидан, шиддат билан ўзгараётган ҳозирги замонда соҳани рақамлаштириш даражасини юксак даражага етказишга алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса, аҳолига электрон давлат хизматларини кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, идоралараро ахборот алмашиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш бўйича барча зарур чоралар кўрилади.
Бунга бор кучимиз ва имкониятларимизни йўналтирамиз.
Тўққизинчидан, тизимда маънавий-ахлоқий масалаларга эътибор тубдан ўзгаради. Ички ишлар органлари ходимлари ҳар куни минглаб фуқаро билан мулоқотга киришади. Бу жараёнда уларнинг хушмуомала бўлиши, фуқаролар муаммоларига қонуний ечим топиши аҳоли, умуман, жамиятдаги ижтимоий кайфиятга жуда катта таъсир кўрсатади.
Шу маънода, ўз касбига, хизмат бурчига садоқатли, юрт тинчлиги, халқ манфаати учун хизмат қилишни муқаддас бурчи деб биладиган чинакам фидойи ходимлар ички ишлар органлари зиммасига юклатилган вазифаларни муваффақиятли бажаришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунинг учун бундан буён ҳам кадрларни тайёрлаш, танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳамда тизимни нопок, ғаразли ниятдаги, ўз манфаатларини халқ манфаатидан устун қўядиган шахслардан тозалаш ишлари диққатимиз марказида бўлади», – дейди вазир.
Пўлат Бобожонов, шу билан бирга аҳолидан мамлакатда тинч ва осойишта ҳаётни янада мустаҳкамлаш, махаллаларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда ягона куч бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишликни сўрайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter