Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Муаммолар гирдобида қолаётган иссиқхоналар: улар банкрот бўлиш ёқасида...ми?

Муаммолар гирдобида қолаётган иссиқхоналар: улар банкрот бўлиш ёқасида...ми?

2018 йилда Бухорода тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, унинг салоҳиятини ошириш, аҳолини қишин-ёзин янги ва тоза полиз маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида иссиқхоналар ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланган эди. Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 июлдаги «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3843-қарори асос бўлган.

Қарор мақсади ташқи бозорларда талаб катта бўлган, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни таъминлайдиган замонавий иссиқхона, боғдорчилик ва узумчилик хўжаликларини ташкил этишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитларни шакллантириш, шунингдек, Бухоро вилоятининг ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда аҳоли даромадларини оширишга қаратилган.

Ушбуга кўра, «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонасига кирувчи ҳудудлар рўйхати шакллантирилиб, жами 3000 гектар ер майдони иссиқхоналар барпо этишга мўлжалланган. Бухоро тумани «Галаосиё» ва «Асад Шокиров» массивларидан 500 гектар ер майдони, Жондор тумани «Мустақиллик» массивидан 100 гектар, Когон тумани «Зиёқобил» массивидан 900 гектар,  Пешку тумани «Туркистон» массивидан 400 гектар, жами 1900 гектар ер майдони ажратилган. Биргина Ромитан туманидан эса исссиқхоналар ташкил қилиш учун жами 1100 гектар ер майдони ажратиб берилган. Бу «Боғитуркон» массивининг 600 гектар,  «Қаҳрамон», «Чандир», «Хосса» ва «Тошработ» массивларининг 500 гектар, жами 1100 гектар ер майдонларига тўғри келади.

Таҳририятга 80 нафардан ортиқ бухоролик тадбиркорлар – иссиқхона эгалари сўнгги йилларда иссиқхоначилик соҳасида бир қатор муаммо ва тўсиқларга учраб келишаётгани, нарх-наволарнинг кескин ошаётгани сабаб банкдан олинган кредит маблағларини тўлаш қийинчиликлар туғдираётгани, кўплаб иссиқхоналарнинг банк балансига ўтиб кетиши оқибатида уларнинг абгор аҳволга келиб қолгани хусусида мурожаат билан чиқишди. Шунингдек, ички бозорларда қўшни давлатлардан импорт шаклида кириб келаётган помидорлар назоратини кучайтириш, айрим импортёрлар томонидан божхона қоидаларини бузган ҳолда, етмаганига бозорларга карантин рухсатисиз маҳсулотлар сотилаётгани хусусида билдиришди.

Рақобат тенг шароитларда бўлиши керак

Республика мева-сабзавотчилар миллий Ассоциацияси раҳбари Абдураҳим Абдувалиевнинг «Xabar.uz»га билдиришича, республика бўйича 6,5 минг гектарга яқин майдонда иссиқхоналар мавжуд. Шундан 4,5 гектарга яқин иссиқхона ишлаяпти, холос.

Ҳозирги кунда жуда катта миқдордаги иссиқхоналаримиз абгор аҳволга келиб қолган. 10-12 минглаб ишсизлар сони ошмоқда. Барча турдаги таннархларнинг ошиши оқибатида республикамиз бўйлаб иссиқхоналар банклар олдидаги қарзларини тўлолмайдиган даражага етиб келди. 2018 йилдан ҳозирги кунга қадар олинган кредитлар валютада бўлгани сабабли нархлар 62 фоизга кўтарилди. Яқин қўшни давлатлардан божхоналар орқали кириб келаётган маҳсулотларни арзон нархдаги маҳсулот, айнан помидор маҳсулотининг  сифатлилик даражаси юқори, деб бўлмайди. Жорий йилнинг 12 март куни Қишлоқ хўжалиги вазирлигида тадбиркорлар иштирокида бўлиб ўтган йиғилишдан сўнг  Тошкент вилоятида жойлашган FOOD CITY бозорида ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганувда бу очиқланди, – деди Абдураҳим Абдувалиев.

Республика Мева-сабзавотчилар Миллий Ассоциацияси раҳбари Абдураҳим Абдувалиев

Ўрганув давомида йирик миқдордаги ҳужжатсиз помидорларнинг бозорларга кириб келаётгани ҳақидаги савол очиқ қолган. Тадбиркорлар бундай вазиятларда рақобат ҳалол бўлиши кераклигини таъкидлашмоқда.

Биз рақобатдан қўрқмаймиз. Биз билан тенг шароитларда рақобат бўлса, рақобатга, жоиз бўлса, иссиқхоналарда қийин ва мураккаб шароитларда етказилаётган помидорларни 2 минг сўм, балки 200 сўмдан ҳам сотишга тайёрмиз. Лекин Ўзбекистон шароитида харажатлар маҳсулотларнинг бозорларда қўшни давлатлар маҳсулотидан қимматроқ нархда чиқаришимизни тақозо этмоқда. Муаммолар тўпланиб, қўшни давлатлар билан рақобатлашишни нозик ҳолатга келтириб қўймоқда. Чегаралар орқали четдан кираётган сифатсиз маҳсулотларга назорат кучайтирилиши керак, – деди  Абдураҳим Абдувалиев.  

Суҳбатдошимизнинг сўзига кўра, республика бўйича 1147 та иссиқхонанинг катта қисми ёпилиб кетиш хавфини юзага келтирмоқда. Мазкур хавф муаммолар занжири сифатида ички бозорларда айрим маҳсулотлар тақчиллигига ҳамда нархининг ошиб кетишига олиб келади.

Республика мева-сабзавотчилар миллий Ассоциацияси раҳбари иссиқхоналарнинг тўлиқ салоҳиятини очиш ва унинг мамлакат иқтисодиётига ҳиссасини ошириш учун бир қатор муаммоларни бартараф этиш лозимлигини билдирди.

Жумладан, кредит сиёсатини оптималлаштириш зарур. Шунингдек, молиялаштириш шартларини ҳам қайта кўриб чиқиш ва имтиёзли даврни узайтириш муҳим. Барқарор энергия таъминоти эса асосий ривожланиш сари йўлдир. Ваҳоланки, 2023 йилда электр энергиясидаги узилишлар туфайли 140 миллиард сўмдан ортиқ маҳсулот йўқотилди. Малака ошириш дастурларини ишлаб чиқиш, сотиш инфратузилмасини ривожлантириш, логистика, экспортни соддалаштириш ва транспорт харажатларини субсидиялаш ўзбек маҳсулотларини жаҳон бозорида рақобатбардош қилади. Айтишим жоизки, Ўзбекистон иссиқхона хўжаликларининг асосий рақобатчилари – Туркия, Туркманистон, Эрон, Қозоғистон ва Озарбайжон. Бу давлатлар ўз ишлаб чиқарувчиларига катта субсидиялар ва имтиёзлар тақдим этади, бу эса маҳсулот таннархини пасайтиришга ва халқаро бозорларда рақобатбардош бўлишига ёрдам беради. Шунингдек, Қозоғистонда иссиқхона қуриш, реконструкция қилиш, кўчат етиштириш, ўғит олиш каби харажатлари компенсация қилинади, бу эса ишлаб чиқарувчилар харажатларини пасайтиради. Эронда ишлаб чиқарувчилар имтиёзли солиқ ва арзон энергетика ресурслари билан таъминланади. Натижада, бу давлатларда иссиқхона маҳсулотларининг чакана нархи ўзбек ишлаб чиқарувчиларига қараганда анча паст. Туркияда 1 кг помидорнинг ўртача таннархи 0,30-0,35 АҚШ долларни ташкил этса, Ўзбекистонда 0,80-1,00 АҚШ доллар. Туркманистон ва Эронда иссиқхона хўжаликлари учун газ нархи Ўзбекистонга қараганда, бир неча баробар паст, бу эса иссиқхоналарнинг иситиш харажатларини камайтиради. Халқаро тажриба ва ривожланиш истиқболларига кўра, ривожланган мамлакатларда иссиқхоналарга субсидиялар ва илмий технологияларни ривожлантириш орқали ёрдам берилади, – деди  Абдураҳим Абдувалиев.

Божхона чегара постларида нима гап? Карантин назорати қай аҳволда?

Маълумки, иссиқхоналар мамлакатни сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш, иш ўринлари яратиш ва экспортни ривожлантиришда муҳим рол ўйнайди. Бироқ, тадбиркорларга тегишли минглаб гектар майдонларни эгаллаб ётган иссиқхоналарни кузатар эканмиз, яхши мақсадлар билан бошланган улкан амалларнинг бўй кўрсатиш ўрнида оғриқли муаммолар гирдобида қолаётгани кишини ўйлантиради. Бир неча йил илгари иссиқхона «мақоми»да тикланган ва бугун гектар-гектар ер майдонларини эгаллаб ётиб, фақат темир асоси билангина қолиб, «банкрот» бўлган ва банкротлик ёқасида қаровсиз қолаётган иссиқхоналарни кўриб, ачинасиз. Айниқса, етиштирилаётган маҳсулотларнинг ҳали тўла ҳосилга етмай туриб, «жигарранг бужмайиш» ҳамда бактериал инфекция билан зарарланаётгани ачинарли. Тадбиркорлар бу ҳолатга божхона чегара постлар орқали кириб келаётган уруғ ва бошқа маҳсулотларни текширувдан ўтказишда Ўсимликлар карантини ҳимоясининг қатъий назорати йўқлиги ҳамда айрим импортёр тадбиркорларнинг божхона қоидаларини бузган ҳолда бозорларга ноқонуний кириб келаётганини сабаб қилиб кўрсатишди.
  

Назоратсизлик орқали кириб келаётган импорт маҳсулотлар иссиқхоналарнинг бактериялар босишига олиб келмоқда. Оғриқлиси, бу уларнинг ёпилиб кетиш хавфини юзага келтириши, шубҳасиз! Қўшни давлатлардан кириб келаётган импорт маҳсулотларни божхона назоратидан қатъий текширувларда ўтказиш, фитосанитария текширувини ташкил қилиш, бозорларда сотилаётган импорт маҳсулотларга нисбатан кучли назорат ўрнатилиши зарур, – дейди тадбиркорлардан бири.  

Бухоро вилояти божхона бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Алишер Ахадовнинг айтишича, «Туркманистон-Фароб» чегара Божхона бошқармаси пости билан чегарадош Олот пости мавжуд бўлиб, бу постга фақатгина Туркманистонда етиштирилган помидорлар импорт ва транзит тарзида олиб келинади, яъни Бухорога фақат Туркманистон Республикаси помидорлари киради.

Бухоро вилояти божхона бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Алишер Ахадов

Тадбиркор ўз мурожаатларида бозорларга Туркманистондан ташқари, бошқа қўшни давлатлар помидорлари ҳам кириб келаётгани ҳақида билдиришган. Масалан, Хитой помидорлари Олот чегара постидан кириб келмайди. Республикамиз  бўйлаб кириб келган хориж помидорлари фақатгина Олот божхона постидан эмас, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Андижон вилояти, Хоразм, Туркманистон билан чегарадош Сурхондарёдан ҳам кириб келади, – деди  Алишер Ахадов.

Журналистик суриштирув давомида масалага ойдинлик киритиш мақсадида Бухоро вилояти Божхона бошқармаси ҳамда Бухоро вилоят Ўсимликлар карантини ҳимояси бошқармасига юзландик. Муаоммоли вазиятни чуқур таҳлил қилиш мақсадида вилоят Божхона бошқармасида тегишли идора, ташкилот масъуллари, журналист, блогерлар ҳамда тадбиркорлар тўпланишди. Баҳс-мунозарали кечган суҳбат жараёнида вилоят Ўсимликлар карантини ҳимояси бошқармаси бошлиғи Отабек Мухторов, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан қўшни давлатлардан помидор маҳсулотининг кириб келиши 2024 йилдан бошланганини, ҳеч бир уруғ ёки маҳсулот назоратсиз ўтказилмаслигини билдирди.

Хориж давлатлардан импорт орқали кириб келаётган карантин остидаги маҳсулотлардан белгиланган тартибда намуна олиниб, марказий карантин лабораториясига экспертизадан ўтказиш учун юборилади. Худди шу экспертиза баённомасига асосан бошқарма томонидан маҳсулот реализациясига рухсат берилади, – деди Отабек Мухторов ўз сўзида.

Маълумки, карантин хизматининг асосий вазифаси чет мамлакатлардан импорт бўлиб келаётган карантин остидаги маҳсулотларнинг зараркунанда ёки касаллиги мавжуд-мавжуд эмаслигини аниқлайди.

Агарда зарарланадиган маҳсулот келса, экспортёр давлатга қайтариб юбориш ёки қайтариб юбориш имконияти бўлмаган тақдирда ёқиб, куйдириш йўли билан йўқ қилинади. Бу ерда адашиш бўлиши мумкин эмас. Бироқ, агар маҳсулот Божхона хизмати томонидан карантинга йўналтирилмаган бўлса, биз уни билмаймиз. Агар шунақа ҳолат кузатилган бўлса, у демак, божхона қоидаларини бузган ҳолда олиб кирилган ҳисобланади, – деди вилоят Ўсимликлар карантини ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фейзул Азизов.

Журналистик суриштирув: икки импортёрнинг қинғир иши фош этилди

Бироқ, журналистик суриштирув давомида уюштирилган суҳбатда тадбиркорлар тизимда назоратсизлик мавжудлигини мисоллар ва изоҳлар асосида очиқлаб беришди. Вилоят Божхона бошқармаси томонидан ўша вақтнинг ўзидаёқ, тезкор гуруҳ тузилди. Тегишли манзилга бориб ўтказилган рейдда ҳолат очиқланди. Ҳақиқатан ҳам бухорлик йирик импортёрлар томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилгани фош этилди. Уларнинг Божхона қоидаларини бузгани аниқланди.

Таъкидланишича, Божхона кодексининг 193-моддасига кўра, алоҳида шароит талаб қиладиган ва тез бузилувчан товарларни божхона омборида сақлаш имконияти бўлмаса, тадбиркор аризасига асосан, маҳсулотни ўз омборига вақтинча сақлашга рухсат берилади. Бунда тадбиркор маҳсулотни карантин рухсатномасини олмай туриб, эркин муомалага чиқарса, унга нисбатан Божхона қонун бузилиш ҳолатлари расмийлаштирилади.

Журналист ва тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотдан сўнг, тезкор гуруҳ шакллантирилиб, берилган манбаа бўйича рейд ташкил қилинди, ҳолат жойига чиқиб текширилди. Ҳақиқатан ҳам айрим импортёрларнинг вақтинча сақлов омборида туриши керак помидорларни ўзбошимчалик билан қонуний ҳужжатларсиз сотиб юборгани аниқланди. Уларга нисбатан Божхона қонун бузилиш ҳолати расмийлаштирилди ва хатти-ҳаракатлари билан жиноий жавобгарликка тортилишади, – деди вилоят Божхона бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Алишер Ахадов.  

Бундан ташқари, тадбиркорлар иссиқхона соҳасида юзага келаётган муаммолар билан бир қаторда иссиқхоналар кадастри ҳужжатларида ҳам муаммолар мавжудлигини билдиришди. Уларнинг сўзига кўра, Uzcad тизимида республика бўйлаб иссиқхоналар ер майдонлари қишлоқ хўжалиги категориясига эмас, саноат ерлари категориясига ўтказилгани ҳам бир қатор муаммоларга сабаб бўлмоқда.

–  Натижада иссиқхоналар учун қишлоқ хўжалик ерларига берилган имтиёзлар ўрнига бир неча баробар юқори солиқ тўловлари чиқяпти. Хусусан, 53- ва 58-кодлардаги муаммолар. Имтиёз қўлланишилиши ўрнида юзлаб миллион қўшимча солиқ тўловлари юзага келмоқда. Экин ерини ишлатиб, саноат учун мўлжалланган ер солиқларини тўлаш мантиқан нотўғри. Бу ўз ўрнида яна ўша маҳсулот таннархини ошириб юборади, – дейишди тадбиркорлар.

Таҳририятга мурожаат қилган 80 нафардан ортиқ тадбиркорни қийнаб келаётган муаммолар ва уларнинг таклифлари тегишли идора, ташкилотлар томонидан ўрганилиб, ҳолатга қонуний ва ҳуқуқий баҳо берилади, деб умид қиламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг