«Ҳоким ҳақиқатлари»: Китоб тумани раҳбари Xabar.uzда чиққан танқидга жавоб берди
Аввал сайтимизда «Икки ҳокимга «икки» баҳо: Китобдаги «Обод қишлоқ» уч йилдан бери обод бўлмаяпти» номли танқидий мақола эълон қилинганди.
Унда Қашқадарё вилоятининг олис Катта Тўпчоқ қишлоғида «Обод қишлоқ» дастури чала қолгани, қишлоқ марказидаги бино эса хароба аҳволда ётгани, атрофи чиқиндихонага айлангани қаламга олинган.
Xabar.uz мухбирининг хабар қилишича, Китоб тумани ҳокими Алишер Зокиров мақолага муносабат билдирди ва ҳудудга келиб нашр вакили ва маҳаллий аҳоли билан учрашув ўтказди.
Бир соатдан зиёд давом этган суҳбат давомида ҳоким тумандаги муаммолар ва мақолада «уриб чиқилган» мавзу юзасидан саволларга жавоб берди.
Алишер Зокировга кўра, туманда бу каби муаммолар ортида Китоб ҳудуди бюджетидаги камчиликлар, тушумларнинг камлиги ва иқтисодий ҳолатнинг мураккаблиги турибди.
— Китоб туманининг иқтисодий ҳолати ҳавас қиларли эмас. Фуқароларнинг солиқлардан катта қарздорлиги мавжуд. Бу ишни биров четдан қилиб бермайди, ўз ҳисобимиздан қилишга мажбурмиз. Мана рақамлар: тумандаги жами аҳолининг бюджет қарздорлиги 5 млрд 900 млн сўм. Биз турган Тўпчоқ МФЙ фуқароларининг ер ва мулк солиғидан қарздорлиги 632 млн 13 минг 978 сўм. МФЙда 66 та фермернинг жами 294 млн 697 минг 800 сўм қарзи бор. Ушбу бино 2019 йилда ўйламасдан бузиб ташланган (аввалги туман ҳокими даврида — таҳририят). Энди ўзингиз ўйланг, бюджетнинг бундай кўринишида чала ишлар ҳақида ўйлаш муаммо. Биз Хайробод қишлоғида дастурни жадаллик билан давом эттиряпмиз. Улуғбек айланма йўлида катта ишлар қилинди. Тўпчоқдаги камчиликларга ҳам навбат келади, — деди Китоб тумани раҳбари.
Ҳокимга кўра, 2021 йил якунига қадар қишлоқдаги камчиликларни бартараф этишга имконият йўқ. Лекин Алишер Зокиров мазкур муаммо 2022 йилда ҳал қилинишини айтди.
— Мен халқдан, хусусан матбуотдан ҳеч нарсани яширмайман. Мазкур муаммони бу йил ечишга шароит йўқлигини очиқ тан оламан. Лекин 2022 йил бу харобани гўзал кўринишга келтирамиз, обод қиламиз. Шу ўринда бир мулоҳаза: бу ернинг ободончилиги аввало ҳокимиятнинг вазифаси, буни эътироф этаман. Қаранг, чиқиндихоналар пайдо бўлиб, тупроқлар уюлиб ётибди. Буни аҳолининг ўзи бирлашиб ёки МФЙ раиси ёрдамида эпақага келтирса бўлади. Ўзим моддий ёрдам берардим. Нега шуни ҳеч ким ўйламади? Ҳамма вазифани ҳокимиятга топшириб қўйишдан осони йўқ. Ҳаммамиз аввало ўзимизни ислоҳ қилишимиз керак, — дея сўзини хулосалади ҳоким.
Сўнгсўз ўрнида
Ҳокимнинг ваъдасидан аҳолининг кўнгли бир қадар таскин топди. Аммо барибир айрим саволлар очиқ қолаверади: туппа-тузук бино нега ўйламасдан бузиб ташланган? Иморат чала ташлаб кетилгач, нега ижрочиларга чора кўрилмаяпти, қурувчи корхона вакили қаерда, нималар билан банд? Бизда шунчалик қаернидир бузиб ташлаш ва чала ташлаб кетиш осонми? Нега кимнингдир масъулиятсизлиги деб аҳоли жабр тортиши керак?
Саволлар кўп. Афсуски, аниқ жавоб топиш жуда-жуда мушкул.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter