Ҳокимларга нисбатан ишончсизлик вотумини тақдим этиш институти жорий этилади — лойиҳа
Маҳаллий ижроия ҳокимияти раҳбари (ҳокимлар)нинг маҳаллий вакиллик органи олдидаги масъулиятини ошириш мақсадида ҳокимга нисбатан ишончсизлик вотумини тақдим этиш институтини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Таклиф муаллифи бўлган Адлия вазирлиги бунда, халқ депутатлари Кенгашларининг депутатлари умумий сонининг камида 1/5 қисми ҳокимга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш таклифи билан чиқиш ҳуқуқига эга бўлиш керак деб ҳисоблайди.
Шунингдек, ишончсизлик вотумини қабул қилиш учун қуйидаги 5 та асосларни белгилаш:
- ҳудудни ривожлантириш бўйича дастурдаги тадбирларнинг камида 1/3 қисми бажарилмаганлиги;
- халқ депутатлари Кенгашларининг қонуний талаблари 2 мартадан ортиқ бажарилмаганлиги;
- ҳоким томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларини бузилганлиги;
- ҳокимнинг бошқа ҳақ тўланадиган лавозим ва касбларни эгаллашдаги чекловларга риоя қилмаганлиги;
- ҳоким ёки унинг ўринбосарлари томонидан давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлиги, бюджет маблағларини сарфлашда қонунчилик талаблари жуда кўп миқдорда бузилганлиги каби мезонлар белгилаш таклиф қилинган.
Вазирлик таклифига кўра, ишончсизлик вотуми халқ депутатлари Кенгашлари томонидан 10 кун муддат ичида кўриб чиқилиши ва депутатлар умумий сонининг камида ярмидан кўпи овоз берганда вотум қабул қилинган ҳисобланиши лозим.
Қабул қилинган ишончсизлик вотумига асосан вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимини лавозимидан озод этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, туман ва шаҳар ҳокимларини эса юқори турувчи ҳоким томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.
Маълумот учун, Қозоғистонда маҳаллий ижроия раҳбари акимга нисбатан ишончсизлик вотумини билдириш тартиби мавжуд бўлиб, маҳаллий вакиллик орган – Маслиҳат депутатлари умумий сонининг камида 1/5 қисмининг ташаббуси билан акимга ишончсизлик вотуми билдириш масаласи қўйилиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter