Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳиндистон фармацевтика компанияси Тошкент вилоятида антибиотиклар ишлаб чиқаради

Ҳиндистон фармацевтика компанияси Тошкент вилоятида антибиотиклар ишлаб чиқаради

Фото: «Tr.kcshounds.com»

Жорий йилнинг 2 июль куни мамлакатимизнинг Деҳли шаҳридаги элчихонаси томонидан «Kusum Healthcare» фармацевтика компаниясининг бош директори Санжив Гупта билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказилди. «Kusum Healthcare» компанияси 1997 йилда ташкил этилган бўлиб, гинекологик, ортопедик, дерматологик, ревматологик, неврологик, гастроэнтерологик, урологик ва бошқа касалликларни даволаш учун кенг турдаги дориларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Компаниянинг Ҳиндистонда учта, Украинада битта ишлаб чиқариш корхонаси бор. Маҳсулотлар МДҲ, шу жумладан, Ўзбекистон, АСЕАН ва Африка мамлакатларида сотилади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур компаниянинг хориждаги барча ваколатхоналари ва ишлаб чиқариш корхоналарида асосан маҳаллий ходимлар ишлайди. Ҳиндистон компаниясини мамлакатимиз билан кўп йиллик ҳамкорлик алоқалари боғламоқда. 2005 йилда компания мамлакатимизда ўз ваколатхонасини очиб, бугунги кунда бу ерда 120 дан ортиқ ходим ишлайди.

С. Гупта Ўзбекистондаги қулай сармоявий муҳит, малакали кадрлар, яхши хомашё ва инфратузилма имкониятлари каби бир қатор омилларга асосланиб, республикада ўз иштирокини кенгайтириш ниятида эканлигини таъкидлади. У Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ташкил этилган «Tashkent Pharma Park» фармацевтика кластери ҳудудида талаби юқори бўлган антибиотиклар, замбуруққа қарши, антиревматик ва оғриқ қолдирувчи дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳани амалга ошириш ниятида эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш натижасида 100 га яқин янги иш ўринлари яратилади.

Лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун томонлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти иштирокида қўшимча музокаралар ўтказишга келишиб олдилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг