Ҳиндистондаги тошқинлар оқибатида камида 34 киши ҳалок бўлди

Ҳиндистоннинг шимоли-шарқида жойлашган Манипур, Сикким ва Мегхалая штатларида сўнгги тўрт кун ичида ёғган шиддатли ёмғир ва тошқинлар оқибатида камида 34 киши ҳалок бўлгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги хабар берди.
Маҳаллий расмийлар ва ОАВ маълумотларига кўра, кўплаб ҳудудларда ер кўчкилари юз берган, одамлар ва транспорт воситалари сув остида қолган.
Табиий офатдан жабрланган Сикким штатидаги тоғли ҳудудларда 1000 нафардан ортиқ сайёҳ қидирув-қутқарув ишлари доирасида эвакуация қилинмоқда. Шунингдек, Мегхалаяда сув босган ҳудудларда 500 нафар одамни қутқариш учун Ҳиндустон армияси жалб этилган.
Айниқса, Манипур штатидаги Жавоҳарлал Неру тиббиёт институти касалхонаси сув тошқинидан жиддий жабрланган. Қутқарувчилар беморларни тиббий аравачада кўтариб чиқишга мажбур бўлишмоқда.
Ҳиндистон об-ҳаво хизмати яқин кунларда ҳам кучли ёмғирлар давом этишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистонда муссон ёмғирлари ҳар йили юзлаб одамлар ҳаётига зомин бўлади. Мамлакатда гидротехник инфратузилманинг етишмаслиги ва табиий офатларга тайёргарлик даражаси камлигини мутахассислар танқид қилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter