Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳаммаси ойнани синдиришдан бошланади...

Ҳаммаси ойнани синдиришдан бошланади...

«Синган ойналар» назарияси ҳақида эшитганмисиз? Ҳар қанча аччиқ туюлмасин, одам боласида қурувчилик эмас, балки бузувчиликка мойилликнинг кучлироқ эканини исботловчи илмий назария.

«Синган ойналар» назариясини социологлар: Жеймс Уилсон ва Жорж Келлинг ишлаб чиқишган. Кўчалардаги жиноятчилик билан боғлиқ вазиятнинг ривожланиш динамикасини ўрганган икковлон шундай хулоса ясашди: бузғунчилик (вандализм), кўчада маст бўлиб юриш, метро турникетларидан сакраб ўтиш ва ҳоказо майда қоидабузарликларнинг олдини олиш, умуман, жиноятчиликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш янада катта жиноятларнинг олдини олишда ёрдам беради. Ва аксинча, майда бузғунчиликларга кўз юмиш келгусида катта-катта жиноятларнинг болалашига замин яратади.

Соддароқ тушунтирганда, бугун битта кўзи синдириб кетилган дераза ойнаси тезда янгиланмас экан, эртага иккинчиси, учинчисига тош отилади, қарабсизки, биттаям бутун ойна қолмайди ва бу жойда (уй, кўча, туман, шаҳар, мамлакат) жиноятлар содир этилиши кўпаяди. Ҳатто энг кичик туюлган қоидабузарликни кўрганда ҳам одамларда ёввойиликка, бузғунчиликка мойиллик уйғонишни бошлайди. Албатта, ҳаммада эмас, бироқ кўпчиликда.

Назарияга мисоллар кўп. Дейлик, кимдир чиқиндиларни елим халтачага солиб, боласига ташлаб келишни буюрди. Бола-да — боришга эринибми ёки ўйнаб юрган ўртоқларини кўриб қолибми, қўлидаги халтачани ярим йўлда шундоққина ариқнинг бир четига улоқтириб юборади. Қарабсизки, эртага маҳалла яп-янги чиқиндихонали бўп турибди... Бугун деворга биров-ярим алламбалони ёзиб кетдими, билинги, эртага бўлмаса индинга, бу жойнинг танаффус пайтидаги мактаб доскасидан фарқи қолмайди... Кап-катта одамлар қилаётган ишларга ўтмай қўя қоламиз...

Психологияга доир бошқа назарияларга ўхшаб, «синган ойналар»нинг ҳам танқидчилари кўп бўлди. «Ташлаб кетилган чиқинди, девордаги ёзув, синган ойналарнинг ҳуқуқбузарликларнинг кўпайишига ҳеч қандай таъсири йўқ, бўлмайди ҳам», деб оёқ тираб олишганди улар.

Бироқ «Синган ойналар» назарияси жуда кўплаб тажрибалар ўтказилиб синалган. Ҳар доим натижа, хулоса ўша-ўша бўлган: рухсат этилмаган нарсанинг бузилиши аломатлари бор жойда рухсат этилмаган нарсага илгари бу ишни қилмаганлар қўл уришни бошлайди!

Ушбу назарияга кўра, одамлар уч тоифага бўлинади (жамоат юриш-туриш қоидаларига риоя этувчанлигига қараб).

Биринчи тоифа. Ўрнатилган тартибни ҳар доим, ҳар қандай вазиятда бузувчи одамлар.

Иккинчи тоифа. Ўрнатилган тартибни ҳеч қачон, ҳар қандай шароитда ҳам бузмайдиган одамлар.

Учинчи тоифа. Иккиланувчи одамлар. Булар бошқалар бузаётганини кўрса, уларга қўшилувчи ва аксинча, ҳаммаёқ батартиб, саришталигини кўрса, қоидаларга бўйсуниб яшовчилар.

Исталган жамиятда мана шу учинчи тоифа — иккиланувчилар жуда кўпчиликни ташкил этади. Кимдир қоидани бузаётганини кўришдими, ортидан эргашишади. Оқибатда тартиб ўрнини бетартиблик эгаллайди.

Қизиғи, тескариси ҳам худди шундай. Кимдир «синган ойналар»ни тинмай ямайверса, охир-оқибат «болға» ва «мих» кўтариб келувчилар топилади. Бунга бир пайтлар жиноятчилар уяси бўлган Ню-Йорк қандай қилиб Америкадаги энг хавфсиз шаҳарга айлангани бўйича тажрибадан яхшироқ мисол топиш қийин.

Ҳатто ХХ асрнинг 80-йилларида ҳам Ню-Йорк метросини «дўзах» деб аташарди. Эскириб кетган вагонлар, синган турникетлар, чиқинди уюмлари, безори ва каллакесарлар... Ўша пайтларда метрога тушишда пул тўлашдан кўра, турникет устидан сакраб ўтиш осонроқ эди. Бунинг учун ҳеч қандай   чора кўрилмасди.

Охир-оқибат тоқати тоқ бўлган Ню-Йорк катталари метрога Дэвид Ганн деган одамни бошқарувчиликка тайинлашди.

У ишни нимадан бошлади деб ўйлайсиз?

Янги бошлиқ биринчи навбатда поезд вагонлари ва метро бекатлари деворларига чизиб кетилган граффити (расм ва ёзувлар)ларни тозалашни буюрди. Ғалати қарор... Бироқ.

«Граффити — тизим бузилишининг рамзи. Агар метрони қайта қуриш жараёнини бошламоқчи эканмиз, биринчи ўринда граффити устидан ғалаба қозонишимиз керак. Шуники уддалай олмадикми, ҳеч қанақанги ислоҳот бўлмайди. Ҳар бири 10 миллион долларлик янги поездларни келтиришимиз мумкин, бироқ биз уларни бузғунчиликдан асрай олмасак, ҳеч нарса ўзгармайди».

Дэвид Ганн

Шундан сўнг метро ходимлар жон-жаҳдлари ишга киришишди, бекатларни, поездларни чиннидай тозалашар, ювишар, бўяшар эди. Энг муҳими, нимадир ўзгараётганини йўловчилар ҳам, метро ишчилари ҳам ҳис этишарди.

Яна бир муҳим чора — чиптасизлар билан кураш. Метро шундоқ ҳам даромад келтирмайдиган транспорт, аксига олиб, йўловчиларнинг озчилик қисмигина чиптани пулга сотиб оларди. Янги бошлиқ (Ганн) хавфсизлик бўйича бошқарувчиликка Уилям Браттонни олиб келди. Браттон турникетлар олдига фуқаро кийимидаги полициячиларни қўйиб қўйди.

Метрода полициячилар олдиндан бор эди. Фақат формали полициячилар кўпинча безориликни (масалан, турникетлардан сакраб ўтувчиларни) кўриб кўрмасликка олишарди. Чунки ғирт бошоғриқ иш: тартиббузарни тутиш, расмийлаштириш, кейин то суд биносигача кузатиб бориш керак. Шунча ишдан кейин ёзиладиган батафсил ҳисоботни айтмаса ҳам бўлаверади. Бунинг учун маошга қўшимча тўланмасди. Қайтанга полициячининг ўзи зарар кўриши мумкин эди: турган жойини ташлаб кетгани ёки статистикани бузгани учун раҳбариятидан камида сўкиш эшитарди.

Браттон метро полициячиларини «эл қатори кийинтириш» билан бирга, уларнинг ишини осонлаштирди. Энди ушланган қоидабузар бекатнинг махсус хонасига келтирилар, уни формали полициячилар махсус автобусда олиб кетишарди. Ҳаммаси йўловчилар ва метро ишчиларининг кўз ўнгида юз берарди. Қизиғи, кўп ўтмай метродаги қоидабузарликлар ва жиноятлар содир этилиши кескин пасайишни бошлади.

Кейинчалик Ню-Йорк мэри Браттонни шаҳар полицияси раҳбарлигига тайинлади.

«Синган ойналар» назарияси жаҳондаги энг йирик шаҳарда шу тарзда синовдан ўтганди. Аввалига метрони тартибга келтиришди, кейинчалик шаҳар миқёсида ҳам жиноятчилик даражаси пасайиб-пасайиб, Ню-Йорк АҚШнинг энг хавфсиз мегаполисига айланди.

Тартиб бу — тартиб. Катта-кичиги бўлмайди. Бола уйига қайтиб, чиқиндини қаерга ташлаганини албатта айтмайди. Ота-онаси ҳам сўрамаса керак... Болалик — қош билан кўзнинг ораси, бирпасда ўтиб кетади. Улғаяди, ўқишга, ишга киради, уйланади, ҳамма қатори машина мингиси келади. Буёғи қандай кечиши унинг миясидаги ва албатта жамиятимиздаги «ҳамма нарса мумкин» режимининг ўчиқ-ёниқлигига қараб. Балки катта олим бўлиб кетар. Балки «учинчи тоифа»дандир. Ким билсин...

Ҳатто энг майда бузилишларгача таг-туги билан йўқ қилиш осонмас. Бироқ керак. Албатта, чиқиндилар фаррошнинг, синган ойналар ширкатнинг, қоидабузарлар тегишли органларнинг иши. Шу билан олам гулистон бўлганида эди.

«Биласизми, сайёрангиз ғалати экан. Бу ерда чеколмаяпман. Ҳаммаёқ топ-тоза. Ораста. На чека оласан, на ифлос қилиш мумкин. Дам олишга боргандек ҳис этолмайсан ўзингни».

Филип Дикнинг «Мустамлакачилар» асаридан

Гап бизнинг сайёрамиз ҳақида эмас. Шунчаки фантастика, ёзувчининг орзуси.

Хўш, киммиз ўзи? Қўлимиздаги тошми ё болға?..

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг