Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Гўзаллик салонида хавфли касаллик юқтириб олиш мумкин, агар...

Гўзаллик салонида хавфли касаллик юқтириб олиш мумкин, агар...

Аҳолига хизмат кўрсатадиган сартарошхоналар ва гўзаллик салонлари, косметология хизматлари, жумладан «тату» ва бошқа хизматлар ишчи-ходимлари тиббий кўрикдан ўтган бўлишлари керак. Бундан ташқари, мижозларга хизмат кўрсатиш учун инструментлар, сочиқ, салфетка ва чойшаблар билан етарли миқдорда таъминланган бўлиши лозим, дейилади Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси хабарида.

Қайд этилишича, 0305-12-сон санитария қоида ва меъёрларида белгиланган талабларига асосан маникюр, педикюр ва косметик кабинетларда ҳар бир иш жойида мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш учун уч комплект инструментлар билан таъминланган бўлиши даркор.

Сартарошлик ва косметология хизматлари (маникюр, педикюр, қош териш ва бошқа косметология хизматлари) жиҳозлари мижозларга хизмат кўрсатишдан олдин зарарсизлантирилиб, стерилизацияланган бўлиши керак.

Ҳар бир мижозга тоза оқлик (сочиқ, салфетка, чойшаб) ишлатилиши ва ишлатилгандан кейин оқликлар ювилиши муҳим ҳисобланади.

Гепатит, ОИВ-инфекция, туберкулёз ва бошқа юқумли ҳамда паразитар касалликларнинг юқишининг олдини олиш мақсадида ҳар бир мижоздан кейин ишлатилган инструментлар зарарсизлантирувчи эритма солинган идишга солиниб, 15 дақиқа давомида зарарсизлантириши, сўнгра тоза сувда ювилиб, стерилизация қилиниши муҳим санитария-эпидемиологик аҳамиятга эга.

Тоза инструментлар махсус металл қутиларда, усти ёпиқ ҳолатда сақланиши керак.

Иш учун махсус кийим бош кийиши, мижозга хизмат кўрсатишдан олдин ва кейин қўлларини совун билан ювиши, косметология хонасида қўл териси учун антисептик ишлатиши, соч бўяшда резинали қўлқоплардан фойдаланишга амал қилиши керак.

Педикюр жараёнида мижоз оёғи тагига қўйиладиган ёстиқча, клёнка билан қопланган бўлиши, ҳар бир мижоздан кейин зарарсизлантирувчи эритма билан артилиши, оёқлар учун педикюр ваннаси ҳар бир мижоздан кейин ювувчи воситалар ва дезинфектантлар билан зарарсизлантирилиши шарт.

Сартарошхона ходимлари таркибида 70 фоизли спирт, ёднинг 5 фоизли спиртли эритмаси, лейкопластир, боғлов материаллари бор бўлган аптечка билан таъминланган бўлиши зарур.

Сартарошхона ва косметология хизматлари жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндилар зич ёпиладиган махсус идишга йиғилади ҳамда иш куни якунида бир марталик полиетилен қопларга солиниб, оғзи маҳкам қилиб боғланиб, ўрнатилган тартибда утилизация қилинади. Ишлатилган қоплар қайта ишлатилмайди.

Яна бир муҳим жиҳат, сартарошхона ходимлари ишга киришдан олдин ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиши, санминимум курсини ўқиган бўлиши шарт.

Сартарошхона ходимларини санминимум курсида ўқишидан мақсад, зиммасидаги иш жараёнида ҳар бир мижознинг соғлигига зарар етказмаслик, агарда бу каби ҳолат юзага келганда ҳам санитария-эпидемиологик жиҳатдан унинг оқибатлари, нималарга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлишда муҳим аҳамиятга эга.

Сартарошхоналар ва гўзаллик салонлари, косметология хизматларини амалга оширувчи ишчи-ходим иш жараёнидаги эҳтиётсизлик натижасида мижозга гепатит, ОИВ-инфекция, туберкулёз ва бошқа юқумли ҳамда паразитар касалликларни юқтирганлик учун қонун доирасида жавобгарликга тортилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг