Германия ТИВ халқаро ҳуқуқни ислоҳ қилишга чақирди
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок босқинчилик урушини бошлаган шахслар муқаррар жавобгарликка тортилиши учун халқаро ҳуқуқни ислоҳ этишни таклиф қилди.
«Чорак аср аввал узоқ ва машаққатли музокаралардан кейин амалга татбиқ этилган Рим статути кўп асрлик «қонунга асосланган дунё» ғоясини рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлди. Дунё ҳамжамиятининг пойдевори саналган халқаро ҳуқуқ тизимида Халқаро жиноий суд деб номланган муассаса пайдо бўлди. Ниҳоят, давлатлар халқаро ҳамжамият тақдирига дахлдор энг оғир жиноятлар жазосиз қолмаслигини тушуниб етди», – дейди Германия вазири Халқаро жиноий суднинг 25 йиллиги муносабати билан берган баёнотида.
Анналена Бербок Халқаро жиноий суд жиноятчиларга қарши ўткир қиличга айланганини қайд этар экан, айни чоқда, агрессорларни жазолаш учун тўсиқлар мавжудлигини таъкидлаган.
«XXI асрда ҳеч ким босқинчилик уруши олиб бориши ва бунинг учун жазосиз қолиши мумкин эмас. Шу боис ҳам биз ҳамкорларимиз билан биргаликда XXI аср воқелигига жавоб бермоғи учун халқаро ҳуқуқни такомиллаштириш тарафдоримиз», – дейди сиёсатчи.
А.Бербок, хусусан, Россиянинг Украинага босқинини кескин қоралаган.
1998 йил 17 июлда қабул қилинган ва 2002 йил 1 июлдан кучга кирган Рим статутига асосан Халқаро жиноий суд геноцид, агрессия, инсониятга қарши ҳамда ҳарбий жиноятларни кўриб чиқади.
Халқаро маҳкама айбдорларни жазога тортиши учун мамлакат Рим статутига расман қўшилган бўлиши керак. Бу эса амалда зикр этилган жиноятларни содир этган шахсларни жазолашни қийинлаштиради. Шунга мувофиқ, расмий Берлин Рим статутига ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда. Унга кўра, агрессия жиноятини содир этган шахслар чекловсиз таъқиб этилиши керак.
Германия ташқи ишлар вазири Рим статути қабул қилинганинг 25 йиллигига бағишланган маросимдаги нутқида ҳам БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоси бўлган Россия империячилик даъвоси билан қўшни Украинага бостириб кирганига эътибор қаратган.
Олмон бош дипломати фикрича, халқаро ҳамжамият ушбу урушни бошлаган шахсни қонуний жазога тортиш учун фаол ҳаракат қилиши керак. Акс ҳолда, жазосизлик сабаб дунёга таҳлика ва қўрқув муҳити яна қайтади.
Рус қўшини 2022 йил 24 февраль куни Украина ҳудудига бостириб кирганидан кўп ўтмай Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноий суд Киев сўровига кўра Россия мансабдор шахсларига нисбатан эҳтимолий оғир жиноятлар юзасидан суриштирув-тергов бошлаган.
Жорий йил 17 март куни эса халқаро маҳкама Россия президенти Владимир Путин ва болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди. Ушбу қарор рус армиясининг Украинага бостириб кириши ва унинг оқибатида Украинадан болаларнинг Россияга ноқонуний депортация қилиниши билан изоҳланган.
Рим статутини имзолаган 123 давлат халқаро маҳкама ҳужжатини бажаришга мажбур. Улар орасида Европа, Жанубий Америка давлатлари, шунингдек, Тожикистон ҳамда Афғонистон бор. АҚШ ва Россия бу ҳужжатга қўшилмаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter