Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Германия илм учун 75,2 миллиард евро сарфлади

Германия илм учун 75,2 миллиард евро сарфлади

Берлиндаги Ҳумболдт университети кутубхонаси.

Фото: “Wikidata.org”

2021 йилда Германияда илмий тақдиқотлар ва изланишлар учун 75,2 миллиард евро маблағ сарфланди, деб хабар берди dpa ахборот агентлиги. Таъкидлаш жоизки, бу дунёдаги ўнлаб мамлакатларнинг йиллик ЯИМдан ҳам юқори кўрсаткичдир.

Анъанага кўра, Stifterverband маркази Германия таълим ва илмий тадқиқотлар федерал вазирлиги буюртмасига биноан давлат ва хусусий секторда илмий изланишлар, инновациялар соҳасида сарфланган харажатларни ўрганиб чиққан. Таҳлиллар жараёнида 2021 йилда 2020 йилга қараганда илмий изланишлар учун 5,9 фоиз кўпроқ маблағ сарфлангани аниқланган. Хусусан, ахборот технологиялари ва коммуникация секторида сармоя миқдори кескин ўсган.

«Барча секторларда тадқиқот ва изланишлар учун маблағ миқдори ошгани –  яхши янгилик. Аммо бу биз учун қониқарли натижа эмас. Ҳозирги мураккаб даврда илм-фанга молиявий кўмакни янада ошириш мақсадга мувофиқдир. Негаки, тадқиқот ва изланишларга маблағнинг оширилиши келажакка сармоя бўлиб қолмай, бугунги ва эртанги инқирозларни ҳал этишга ҳам хизмат қилади», – дейди Германия таълим ва илмий тадқиқотлар вазири Беттина Штарк-Ватцингер.

Федерал ҳукумат 2025 йилга бориб ЯИМнинг 3,5 фоизини илмий изланишлар соҳасига ажратишни мақсад қилган. Маълумот ўрнида: Жаҳон банки ҳисоб-китобига қараганда, Германиянинг ЯИМ 2021 йилда 4 триллион 223 миллиард долларни кўпроқни ташкил қилган.

Германия илм-фанга ажратилаётган маблағ ва эътибор бўйича дунёдаги пешқадам давлатлардан саналади. Мамлакат бўйича илм-фан ва инновация тизимида 530 мингдан зиёд олим ва тадқиқотчи фаолият юритади. Уларнинг 300 мингдан ошиғи олий таълим муассасаларининг профессор ва илмий ходимлари ҳисобланади.

Олмон ўлкасида олий таълим муассасаларидан ташқари йирик ширкатлар, ишлаб чиқариш корхоналари ҳам ўз тадқиқот марказлари ва лабораторияларига эга. Яъни илм-фан ҳамда саноат, ишлаб чиқариш ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилган. Масалан, 2018 йилда BMW, Daimler, Volkswagen, Audi, Bosch, Schaeffler, Siemens, Bosch каби йирик ширкатлар илмий тадқиқотлар учун 72 миллиард евро маблағ сарфлаган.

Илм-фан учун маблағнинг аялмаслиги ўз мевасини бермоқда. Германия 2020 йилда Жаҳон иқтисодий форуми ҳамда Bloomberg рейтингларида биринчи ўринни эгаллаб, дунёнинг энг инновацион давлати деб топилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг