Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғазога кўмак бермоқчи бўлганлар қош қўяман деб кўз чиқарди

Ғазога кўмак бермоқчи бўлганлар қош қўяман деб кўз чиқарди

Фото: AFP

Қамал шароитида яшаётган Ғазо секторига самолётлар орқали инсонпарварлик кўмаги ташлаш амалиёти бахтсиз ҳодисага олиб келгани ҳақида хабар берган эдик.

Ал-Шати қочқинлар лагери ҳудудига ташланган гуманитар кўмак қутилари беш кишининг ҳаётига зомин бўлди, яна ўндан зиёд кишини жароҳатлади.

Жаҳон ОАВ фожианинг сабабларига эътибор қаратмоқда.

CNN’га кўра, самолётдан ташланган оғир қутилар махсус парашют очилгач, ерга енгил қўниши кўзда тутилган, аммо фожиа рўй берган жума куни парашютлар очилмай қолган. Очлик, ташналик ва чорасизлик сабаб кўмакка кўз тикиб турган ғазоликлар гуманитар ёрдам нажот эмас, балки ажал келтираётганини англашга ҳам улгурмаган.

БМТ Ғазода очлик авж олгани ҳақида бонг уриши ортидан сўнгги ҳафталарда Иордания, Миср, БАА, АҚШ каби давлатлар ҳаво орқали гуманитар кўмак йўллаш амалиётини ўтказди. Аммо айрим таҳлилчилар бу амалиёт кўпроқ хўжакўрсин ва пиар учун ўтказилмоқда деб ҳисоблайди.

Аксар мутахассислар самолёт орқали кўмак ташлаш инсонлар ҳаётига хавф туғдириб қолмай, самарасиз эканини ҳам айтмоқда.

«Гуманитар кўмак тизими вакиллари ҳаво орқали ёрдам йўллаш суратга олиш учун яхши имконият экани, аммо амалда самарасиз эканидан шикоят қилади», – дейди БМТнинг Халқаро инқироз гуруҳи директори Ричард Гоуэн.

Ғазода яшовчи журналист СNN мухбирига АҚШ ва Иордания томонидан яқинда ташланган қутиларда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари йўқлигини ҳам айтган.

Ahmed Rahma чизган карикатура

Халқаро ташкилотлар гуманитар ҳалокат ёқасидаги Ғазо секторига қуруқлик орқали мунтазам кўмак етказиш лозимлигини талаб қилмоқда.

БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича директори Адель Ходр Исроил блокадаси туфайли Ғазода болалар, хусусан, чақалоқлар ўлими хавфи кескин ошганидан огоҳлантирди. Халқаро ташкилот вакили тиббий хизмат издан чиққан ҳудудда болалар ҳаётини сақлаб қолиш икки карра мушкул эканини урғулаган. Қайд этилишича, болалар очлик сабаб чорва молларига мўлжалланган озуқаларни ҳам истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда. Бу эса заҳарланиш ва бошқа юқумли хасталиклар хавфини оширмоқда.

БМТга кўра, сўнгги вақтларда Ғазода очлик даражаси 12 бараварга ортди.

17 йил қисман блокада шароитида яшаган Ғазо сектори 2023 йил октябрь ойидан буён тўлиқ қамал остида. Ҳудудга сув, озиқ-овқат, ёнилғи кириши чекланган.

Айни пайтда 2,3 миллион аҳоли ҳаётига Исроил бомбаларидан ташқари очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солиб турибди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг