Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эммануэль Макрон: Вазият чидаб бўлмас даражада...

Эммануэль Макрон: Вазият чидаб бўлмас даражада...

Ғазода очлик ҳукм сурмоқда. 2025 йил 16 май. 

Фото: AP

Франция президенти Эммануэль Макрон Ғазо секторида гуманитар инқироз чидаб бўлмас даражага етгани ҳақида баёнот берди.

«Ғазодаги гуманитар вазиятни асло қабул қилиб бўлмайди. Вазият шу даражага етдики, зиддият бошланганидан буён ҳеч кузатилмаган ҳолат ҳукм сурмоқда», – деди Макрон 16 май куни Албанияда Европа етакчилари учрашувида.

Франция раҳбарига кўра, айни вақтда Европа давлатлари учун Исроил ҳамда ҲАМАС ўртасида оташкесимга эришиш ва инсонпарварлик кўмаги етказишни тиклаш устувор мақсад ҳисобланади.

Макрон Ғазодаги оғир вазиятни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва АҚШ президенти Доналд Трамп билан муҳокама қилишини қайд этган.

Жорий ҳафта сешанба куни Франция раҳбари Исроилнинг Ғазо секторидаги сиёсатини «шармандали» деб баҳолаган ва Европа Иттифоқи яҳудий давлати билан ҳамкорлик битимини қайта кўриб чиқиши мумкинлигига ишора қилган эди.

«Бу даҳшат... На сув бор, на дори-дармон. Жароҳатланганларни ҳам хавфсиз жойга кўчира олишмаяпти. Қатъий равишда айтаманки, Бинямин Нетаняҳу ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари номақбулдир», – деган эди француз етакчиси. 

Президент Макрон аввалроқ Франция Фаластин давлатини тан олишни режалаштираётганини маълум қилганди.

Париж жорий йил июнь ойида Саудия Арабистонида ўтадиган икки давлат (Исроил ва Фаластин) муаммосига бағишланган халқаро анжуманда Фаластин давлатини расман тан олишини эълон қилиши мумкин.

Исроил қарийб уч ойдан буён Ғазо секторини тўлақонли қамалда тутиб турибди. Ҳудудга сув, озиқ-овқат ва дори-дармон кириши буткул тўхтатилган.

Халқаро ташкилотлар Ғазодаги 2,3 млн аҳоли очлик, ташналик ва турли хасталиклардан азият чекаётгани ҳақида бонг урмоқда. Жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Адҳаном Гебрейесус озиқ-овқат ва дори-дармон Ғазо секторидан бир неча дақиқалик масофада ушлаб турилгани ҳолда, ўлим сони ошиб бораётгани ҳақида баёнот берган.

ЮНИСЕФнинг ижрочи директори Кэтрин Рассел Ғазодаги бир миллиондан зиёд болалар ҳаётига очлик таҳдид солаётганини маълум қилган.

Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён 53010 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Уларнинг асосий қисми болалар ва аёллардир.

Исроил армияси Ғазо секторида 15 май куни уюштирган бомбардимонларда камида 103 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг