Газета ва интернетдан ҳам кучли таъсир воситаси бор
Аҳолига янгиликларни етказишнинг энг оммалашган усуллари — ижтимоий тармоқлар, газета, радио, телевидение. Бироқ, ўзбошимчалик билан қурилган уйларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича умумдавлат акция доирасида олиб борилаётган ишларнинг энг натижа берадигани бу уйма-уй юриб қилинган тарғиботдир. Тўғри, хонадонма-хонадон юриш кўп вақт ҳамда кучни талаб этади, аммо самарали.
Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси барча туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари ходимлари 14-15 ноябрь кунлари вилоят бўйича 2452 та хонадонда бўлиб 51 та ноқонуний қурилган уйни аниқладилар. Шулардан 27 нафар фуқаронинг уй-жойига эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар расмийлаштирилди ва хонадон эгалари қўлига топширилди. 24 нафарининг мурожаатлари қабул қилиниб, ўрганиш учун ҳокимликлар қошидаги ишчи комиссияга тақдим этилган.
Тарғибот жараёнига ФҲДЁ бўлимлари мудиралари ҳам қўшилдилар. Улар ҳам худудларда марказ ходимлари билан бирга никоҳи қайд этилмаган, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олмаган фуқароларни аниқладилар. Вилоят бўйича икки кун давомида ижтимоий аҳволи ўрганилган 2452 хонадондан 53 тасида айнан фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзиш бўлимлари билан боғлиқ давлат хизматларига эҳтиёжи борлиги маълум бўлди. 41 нафар болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар берилган бўлса, 12 нафаридан аризалар қабул қилинди. Худди шундай 25 та шаръий никоҳда яшаб келаётган оила аниқланиб, 19 тасининг никоҳи қайд этилди.
Уйма-уй қилинган тарғибот давомида аҳолидан якка тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ниятида бўлган фуқароларнинг мурожаатлари ҳам қабул қилиниб, давлат рўйхатидан ўтказилди. 14 та оилада тадбиркорлик қилиш истагининг пайдо бўлгани диққатга сазовор. Давлат хизматлари томонидан ташкил этилаётган сайёр қабулларда аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолаётгани йўқ. Тарғибот жараёнида 325 та бошқа ечимталаб масалалар аниқланиб, жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Хуллас, «ўзи йўқнинг кўзи йўқ» деган нақл бежизга айтилмаган. Мабодо, сайёр рўйхат жараёнида кўз кўзга тушмаганида аҳолининг дарди муаммоларини жойида бориб ўрганиш, унга ечим топиш осон кечмаган бўларди. Шунинг учун марказ ходимлари уйма-уй юриб тарғибот қилиш, сайёр хизмат кўрсатишни афзал биладилар.
Сардор Адизов,
Давлат хизматлари Агентлигининг
Навоий вилояти бошқармаси бош маслаҳатчиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter