Галкин Путинга қарши?! Россияда концертлари тақиқланган сўз устаси янада кескин баёнот берди
Россиялик таниқли сўз устаси ва шоумен Максим Галкин Украинанинг Одесса шаҳридаги тураржойлар Россия томонидан ўққа тутилганини кескин қоралади. У тинч аҳоли уйлари насронийларнинг Пасха байрами арафасида вайрон этилганини таассуфланарли ҳолат ўлароқ баҳолаган.
«Оила қурбон бўлди, уч ойли чақалоқ ҳалок бўлди. Бу не бедодлик, айтинг! Ахир, қанотли ракеталар нафақат байрам кунлари, балки одатий кунлада ҳам тураржойлар томон учиши асло мумкин эмас-ку! Сиз (расмий шахслар) Патриарх билан тинчлик сўраб дуо қиласиз, Москвага муқаддас олов келтирасиз, айни чоқда, айни шу ҳукумат (аҳоли уйларига) ракеталар учиради. Ёки бу гал ҳам буни биз содир этмадикми?» – дея оғриқли саволлар қўяди М.Галкин.
Сўз устаси сўнгги фожиаларда Россия айбдор эканини таъкидлаган.
«Россия кўплаб даҳшатли ҳолатлар учун айбдор. Аммо айбсиз эканларини уқтирмоқдалар. Бучадаги хунрезликни биз содир этмадик, Малайзиянинг «Боинг» самолёти ҳалокатига алоқамиз йўқ. Мариуполни ер билан битта қилган бизлар эмас. Одессага ракета йўллаётган биз эмас, асло биз эмас. У ҳолда у ерда нима қиляпмиз ўзи?» – деб кинояли мулоҳазалари билан ўртоқлашади М.Галкин.
Ушбу баёнотга муносабат билдирган украиналик журналист Дмитрий Гордон Галкинга миннатдорона далда берган.
«Максим Галкин мен умрбод ёдимда қоладиган сўзларни айтар экан, ортидаги барча кўприкларга ўт қўйди! Зотан, жиноят содир этилаётганда виждон (агар у мавжуд бўлса!) ҳеч қачон ҳақиқатдан кўз юммайди. Россияликлар, уйғонинлар!» – деб ёзди Дмитрий Гордон.
Таниқли хонанда Алла Пугачёванинг турмуш ўртоғи бўлмиш М.Галкин Россия Украина ҳудудига бостириб кирган илк кунларданоқ кўплаб санъаткорлар қаторида урушни тўхтатишни талаб қилди.
Кескин сиёсий фикрлари ортидан М.Галкин миллионлаб даромаддан маҳрум бўлди – Россияда ўтиши режалаштирилган концертлари тақиқланди, реклама шартномалари бекор қилинди. Санъаткор айни пайтда Исроилда экани айтилмоқда. Дарвоқе, у Исроил бўйлаб ўтадиган концертлардан тушган маблағнинг маълум қисмини Украина қочқинларига кўмак учун ажратишини маълум қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter