Фарғонада сохта ЙПХ ходими қўлга тушди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Унда фуқаро М.Х. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, фуқаро М. сотиб олмоқчи бўлган «Урал» русумли юк автотранспорт воситасини қайта жиҳозлаш орқали «Зил» русумига ўзгартириб, ҳужжатларни тайёрлаб бериш эвазига 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, ўтказилган терговга қадар текширувда, М.Х. ўзининг номига Фарғона вилояти ИИБ пенсионери ҳамда вилоят ЙҲХБ йўл посбони сохта гувоҳномаларини тайёрлаб олганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28, 211-моддаси (пора бериш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Куни кеча Қува туманида ЙПХ инспектори пора олгани учун қочгани акс этган видео тарқалганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter