Фарғонада 19 киши коронавирусдан соғайди. Улар орасида 3 ойлик чақалоқ ҳам бор
Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан коронавирус инфекциясига чалинган 19 нафар бемор соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Соғайганларнинг 9 нафари Туркиядан келишган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Қолган 10 нафари коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Улардан 11 нафари Фарғонадан, 3 нафари Тошкент шаҳридан, 2 нафари Самарқанддан, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидан 1 нафардан. Беморларнинг 10 нафари эркак, 9 нафари аёл бўлиб, улар орасида уч ойлик чақалоқ ҳам бор. Энг ёши каттаси 61 ёшда.
Фарғона вилояти бўйича шу пайтга қадар 11 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 30 нафарга етди.
Ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 582 нафар бемор тўлиқ соғайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter