Фактчекинг: Путин Цзиньпин қаршисида тиз чўкдими?
Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг президент Владимир Путин таклифига биноан 20-22 март кунлари Россияга давлат ташрифи билан келгани дунё матбуоти эътиборида бўлди.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган, Москвадаги музокара пайти олингани айтилган фотосурат кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Суратда Путиннинг хитойлик ҳамкасби қаршисида тиз чўкканча унинг қўлидан тобеларча ушлаб турганини кўриш мумкин. «Путин тиз чўккан кўйи хўжайини жаноб Сига содиқлик онтини ичмоқда» дейилади изоҳлардан бирида.
Фотосуратнинг нечоғли ҳаққоний эканини ўрганган DW таҳририяти у сохта деган хулосага келган.
Аввало, қидирув жараёнида суратнинг асл манбаси топилмаган.
Фотосуратнинг ўзи синчковлик билан ўрганилганида, бир қатор нотабиийликлар қайд этилган. Путин экани айтилган шахснинг ўнг оёғидаги пойабзал чап пойига қараганда катта экани яққол кўзга ташланади. Унинг боши ҳам тана аъзолари ҳажмига мутаносиб эмас. Қолаверса, «Путин»нинг ҳам, «Цзиньпин»нинг ҳам қулоғи нуқсонли экани суратнинг ҳаққонийлигини янада кучли шубҳа остига қўяди. «Давлат раҳбарлари»нинг чап томонида турган мулозимнинг қўллари ҳам гўёки бирлашиб-қўшилиб кетган.
DW хулосасига кўра, фотосурат катта эҳтимол билан сунъий интеллект ёрдамида яратилган. Қўл ва қулоқларга хос аномалиялар ҳам айнан сунъий интеллект ёрдамида ясалган суратларда учрайдиган нуқсонлардир.
Newsweek нашри эса фактчекинг жараёнида Россия ва Хитой раҳбарлари экани айтилган шахсларнинг тасвири хира ва мубҳам эканига эътибор қаратган.
Фотосуратни Kyiv Post нашри мухбири Жейсон Жей Смарт ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифасида «Путин Сини ишонтиришга уринмоқда» деган изоҳ билан чоп этган. Журналист Newsweek вакили билан суҳбатда Россия раҳбари амалда Хитой раисига қарам мавқега тушиб қолганини таъкидлагани ҳолда, миллионлаб фойдаланувчилар муҳокамасига сабаб бўлган фотосурат қалбаки эканини маълум қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter