Деновдаги ЙТҲда жабрланган судьянинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган – СОК
Бир муддат олдин жорий йилнинг 9 мартида Сурхондарё вилояти Денов туманида суд раиси ва адвокат ЙТҲга учрагани ва бунинг оқибатида адвокатнинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Мазкур хабарларда, жумладан, адвокатнинг оила аъзолари ЙТҲда Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди раисини айбдор сифатида кўрсатиб, унга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳанузгача таъсир чоралари кўрилмаётгани айтилади.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдириб, ҳолат юзасидан очилган жиноий иш айни пайтда терговда экани ва у билан боғлиқ турли тахминларни ОАВ орқали илгари суриш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлайди.
Шу билан бирга, воқелик бўйича Судьялар олий кенгаши томонидан хизмат текшируви ўтказилгани, натижада туман суди раисининг ваколатлари муддатидан илгари тугатилгани айтилади.
«Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг 9 март куни Денов туманида юз берган ЙТҲ бўйича хизмат текшируви фожеага сабаб бўлган омиллар ва бу жараёнда суд раисининг хатти-ҳаракатлари доирасида ўтказилган бўлиб, унда Судьялар одоби кодекси талаблари бузилгани аниқланган.
Хизмат текшируви хулосаси Сурхондарё вилояти судлари судьялар малака ҳайъатида муҳокама этилиб, туман суди раиснинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган. Мазкур қарорга нисбатан берилган шикоятлар эса рад этилган», – дейилади расмий муносабатда.
Таъкидланишича, ушбу чора интизомий жазо характерида бўлиб, тергов ишларига дахли йўқ.
«Пировардида, оғир оқибатга олиб келган ЙТҲнинг айбдорини аниқлаш тергов органи ваколатига тегишли экани яна бир бор қайд этилади», – дейилади ташкилот муносабатида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter