Давлат раҳбарининг даъвати
(Мурожаат шунчаки тинглаш учун эмас, балки, англаш ва амал қилиш учундир)
Замон ва маконларнинг боғланиш нуқтаси инсондир. У турли даврларнинг муаммоларига оқиллик ва одиллик билан жавоб топишга қодир. Пандемия панд берган бўлса-да, ундан қутулиш ва уни бартараф этиш халқимизни бу офатдан асраш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар бунинг яққол мисолидир.
Халқнинг саломатлиги, бойлиги, розилиги ва фаровонлиги учун кўриладиган тадбирлар мамлакат тараққиётининг кафолатидир.
Янги йил олди интиқлик билан кутганимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаати ва унда кўтарилган масалалар ҳамда ечимлар мамлакатимиз истиқболи ва равнақи йўлидаги дадил қадамдир. Президент эришилган ютуқлар билан биргаликда ривожланишга тўсиқ бўлувчи баъзи омиллар борасида таҳлилий ва танқидий назар орқали ўз мулоҳазаларини билдирди.
Мамлакатимизнинг барча соҳалари бўйича, аниқ ва фактик маълумотларни келтириш билан мулоҳаза юритиш асносида ёшлар ҳаёти ва уларнинг таълим-тарбиясига дахлдор бўлган ўқитувчиларнинг ўрни ва масъулияти ҳақида алоҳида тўхталди.
«Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади», деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотларнинг амалга оширилиши замон тақозоси. Бу эса истиқболнинг меъмори –ўқитувчининг заҳмати билан боғлиқ. Ўқитувчининг ўрни эса таълим ва тарбияни ўз умри мазмунига айлантиргани, касбига садоқати ва фидойилиги билан белгиланади. Фидойилик эса касбига шайдоликдан бошланади.
Шу боис Президент «Жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим», дея уқтириб, мамлакатимизда 2021 йилда ўқитувчи ва педагогларга устама ҳақ тўлаш тизими йўлга қўйилишини таъкидлади. Бу ташаббус яқин тўрт йилдаги ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий нуфузи ва мавқеини ошириш борасидаги амалий фаолият ва ҳаракатларнинг изчил давоми дейиш ўринлидир.
Президент Мурожаатномада таълим сифатини тубдан яхшилаш, унинг самарали ва натижадорлигини таъминлаш зарурияти борасида қатор мулоҳазаларни қайд этдил. Ўқитувчиларга бошқа туманга бориб ишласа 50 фоиз, бошқа вилоятларга бориб ишласа 100 фоиз устама тўланиши ҳақидаги фикр ҳам таълим сифати ва самараси учун куюнишдир.
Хўш, таълимнинг сифати ва самарасига эришиш учун нималар зарур? Давлат раҳбари бунга ҳам аниқ ва равшан жавоб берди. Бунинг учун аввало ўқув дастурлари, ўқитувчи ва домлалар учун методик қўлланмаларни халқаро дастурларга мослаштириш, болаларнинг таҳлилий ва креатив фикрлаш қобилиятини ривожлантириш учун уларга сермазмун ва тушунарли дарсликлар яратиш зарурлигини эътироф этдилар. Эски усулдаги баландпарвоз гапириладиган таълим стандартлари эндиликда керак эмаслиги, илғор хорижий тажриба асосида болаларга ортиқча юклама бермайдиган миллий ўқув дастури жорий этилиши вақти келганини уқтирди. Таълим сифати фақат пойтахтда эмас, балки олис қишлоқларда ҳам юқори бўлиши шартлиги, бунинг учун эса малакали кадрлар билан таъминлаш, таълим сифатини ошириш бўйича алоҳида дастурни ҳал этиш муҳимлиги таъкидланди.
Очиғини айтиш керакки, таълим тизимидаги айрим дарслик ва қўлланмалар ҳали ҳам эски усулда, ўқувчи ва талабаларни қизиқтириш ўрнига бездирадиган тарзда, ҳаёт билан боғланганлик даражаси паст бўлиб назарий қоидаларни қуруқ ёдлатиш замирига қурилган. Энг қизиғи, мактабнинг таълим қозонида қайнамаган, уқувсиз олимлар томонидан ёзилган дарсликларда ўқувчиларнинг ёш ва психологик хусусиятлари эътиборга олинмаган. Бу эса уларнинг қизиқишини, эътиборини сўндиради. Айни пайтда ўқувчида умидсизлик, ишончсизлик туйғусини уйғотиши мумкин. Шу тариқа билимсизлик, ҳафсаласизлик урчийверади. Ҳар бир фан бўйича ўз умрини, қобилиятини сарф этиб келаётган шу соҳа вакилларининг, тажрибали мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларини эътиборга олиш керак. Амал-тақал қилиб ёзилган дарсликдан ҳеч қандай нафъ йўқ. Агар у ёш авлоднинг билим-савияси, онг-у дунёқарашини юксалтиришга хизмат қилмаса, унинг нима кераги бор?
Муаммонинг иккинчи бир томони борки, бу педагогик маҳорат масаласи, яъни ўқитувчининг коммуникатив компетентлигидир. Тасаввур қилинг, юқори савияда тайёрланган дарслик ва қўлланмалардан баҳраманд бўлган ўқитувчи кенгқамровли билимга эга бўлса, ахборот компьютер технологияларини обдон эгаллаб, бир нечта хорижий тилларни ҳам билди дейлик, ҳали бу таълимнинг сифати ва самараси дегани эмас. Олинган билимни, оширилган малака, ҳосил қилинган кўникма, ўзлаштирилган илмни ўқувчи ёки талабанинг онг-у шуурига сингдириш механизми, яъни коммуникатив компетентлиги бўлмаса ҳеч қандай натижа йўқ. Демак, гап педагогик маҳоратда, янада аниқроғи, ўқитувчининг мулоқот маданияти, нотиқлик санъатини қай даражада эгаллаганлигида. Билими бўлса-ю, уқуви бўлмаса педагог таълимида сифат ҳам бўлмаслиги тайин.
Тасаввур қилинг. Асл деҳқон, чорвадор етиштирган масаллиқни бозордан келтириб ош тайёрлаш буюрилса, таом бемаза бўлса, айбдор ким? Деҳқонми, чорвадорми, сабзи, гуруч, гўшт каби ош масаллиғими ёки уни сотиб олиб келтирган харидорми? Албатта, ошпаз. Шундай экан, дарслик, қўлланмалар қанчалик сермазмун ва сифатли бўлмасин, педагогнинг коммуникатив қобилияти, нутқий маҳорати бўлмаса мақсад тўла рўёбга чиқмаслиги аниқ. Педагогнинг уқуви, билими ва тажрибаси таълим сифатининг муҳим ўзаги.
Уйғониш даврининг уйғоқ виждони маҳоратли ўқитувчилардан таълим олган ёш авлод бўлиши аниқ. Бунинг учун таълимнинг сифати ва самараси ҳар қачонгидан муҳим. Сабаби таълимнинг калити нутқ бўлса, тарбиянинг калити хулқдир. Худди шу маънода, мулоқотнинг очқичи нутқ билан, муомаланинг тутқичи эса хулқ биландир.
Шу ўринда Уильям Уорднинг педагогик маҳорат бобидаги ушбу фикрини келтириш жоиздир. «Ўртача ўқитувчи баён қилади, яхши ўқитувчи тушунтиради, машҳур ўқитувчи намойиш қилади, буюк ўқитувчи илҳомлантиради». Тўғри, машҳур ва буюк ўқитувчилар таълими ва мотивациясидан илҳомланган ёш авлод чинакам маънода, келажак пойдеворини қуришига шубҳа йўқ.
Президент илм-маърифат ва таълимни юксалтириш, инновацияни ва интеграцион жараёнларни амалга ошириш мамлакатнинг тараққиёти билан боғлиқлиги борасида қимматли мулоҳазаларни билдирди. Сўнгра келгуси йилда 10 та Президент мактаби ва табиий фанлар, ахборот компьютер технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлаши ҳақидаги хабар барчани руҳлантириб юборди.
Юқори даражадаги таълим тизими амалга оширилса, фарзандларимизни чет элларга юбориб ўқитишдан кўра, кенг имконият ва имтиёзларга эга бўлишимиз муқаррар. Бу борада ҳам Президент дадил қадам ташлаётганини эътироф этди. Рақобатбардош миллий кадрларни янги авлодини тайёрлаш мақсадида Тошкентда алоҳида янги университет очилиши, хориждан профессионал фан-таълим мутахассислари жалб этилишини эътироф этилди. Токи, чет элга бормасдан ўз юртида юқори билим олишга эришсин. Педагоглар малакасини ошириш тизими ҳам бизда ибратли эмас эди. Улар ҳар 5 йилда бир маротаба малакасини оширишарди. Бу эса ақлга сиғмайдиган ҳол. Бугунги даврда ҳар кун, ҳар соатда барча жараёнларда янгиликлар, ўзгаришлар содир бўлаётан пайтда уларнинг малакасини узлуксиз равишда амалга ошириш талаби юзага чиқди.
Президент, шунингдек, ўқитувчиларнинг ўз фанини билиши, педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигидан келиб чиқиб тоифа бериш мезонлари қайта кўриб чиқилиши, муаллимлар болаларга сифатли таълим бериш ўз устида ишлашдан бошқа нарса ҳақида ўйламаслиги учун давлат барча шароитларни яратиб бериши зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Таълим олиш учун яратилаётган имконият ва имтиёзларнинг яна бир мисоли сифатида грантлар сони камида 25 фоизга оширилиши, эҳтиёжманд оилаларнинг қизлари учун грантлар сонини 2000 тага етказиш хусусидаги Президент эътирофларини келтириш мумкин.
«Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт, Камол ар касб этарсен, бемалол эт», – дейди Ҳазрат Навоий. Президент маърузасида келтирилган ушбу ҳикматнинг мазмуни шуки, қуёшдай бўлишни истасанг, камолот касб эт, камолотга етишга интилар экансан, бу ишни ўзингга малол олмай амалга ошир демакдир. Қуёш ҳамма жойга бир хил нур сочади, лекин бир жойда янтоқ, бир жойда гул ўсади. Муаллимнинг маърифат ёғдуси қуёш сочувчи зиёга монанд. Катта авлод билим ва тажриба кони. Уларнинг узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат ва шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзланган марраларга, албатта етишимиз муқаррарлиги Мурожаатномада алоҳида уқтирилди.
Шундай экан, ёшларга эътибор давлат сиёсати даражасида бўлиши уларни ҳар дамда ва ҳар қадамда қўллаб-қувватланиши халқимизнинг саломатлиги билан боғлиқ ҳолда бўлиши йил номида ҳам акс этгани бежиз эмас. «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш»да даъват ва чорлов бор. Барча кўзланган режалар, пировард мақсадлар ана шу иккита асос ёшлар ва аҳоли саломатлиги билан рўёбга чиқади.
Раҳимбой Жуманиёзов,
ТИҚХММИ доценти, «МАЪРИФАТ» тарғиботчилар жамияти аъзоси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter