Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дастурчилик сизнинг ҳам қўлингиздан келади

Дастурчилик сизнинг ҳам қўлингиздан келади

Дастурчилик, айтишниклик... Айни кунларда ким билан суҳбатлашманг энг долзарб мавзу шу:

 – Ўғлим айтишник бўлмоқчи, бу касбга қаерда ўқитишади?

– Неварамни дастурчи қилмоқчиман. Энди мусиқа ва санъат мактабига эмас, дастурчилликка ўргатадиган ўқув марказига қатна, деяпман. Тўғри қиляпманми, йўқми, нима дейсиз?

– Дастурчи уйда ўтириб ҳам пул топавераркан. Шу ростми?

– Фақат юқори маошни деб касбни ўзгартирган инсон кейин афсус чекиб қолмайдими?

– Дастурчи қандай фазилатлар соҳиби бўлиши керак?

Ана шу саволларнинг баъзиларига Ўзбекистондаги йирик нуфузли аутсорсинг «UIC Group» компанияси раҳбари Муродхўжа Муратовдан эшитганларимизни қисқача баён қиламиз.

Ҳа, дастурчи кўп пул топади. Бу рост. Уйида ўтириб ишлайдиганлар ҳам кўп. У қандай бўлиши керак, десангиз, аввало дастурчиликка чиндан ҳам қизиқиши керак. Ўқиши керак. Кимгадир ўрганиш учун ярим йил, кимгадир сал кўпроқ кетади. Дастлабки кўникмаларни ҳосил қилган бўлса, турган гапки, камроқ вақт кетади. Астойдил ҳаракат бўлса бас.

Бу касбларимизда ҳар қандай одам ҳам ўзини синаб кўрса ёмон бўлмайди. Ҳаммага ўзингизни дастурчиликда синаб кўринг, деган бўлардим. Фойдаси бўлса бўладики, зарари бўлмайди. Хўш, дастурчи қандай сифатларни ўзида камол топтириши зарур? Аввало инглиз тилини билсин. Ўз устида доимий ишласин. Мунтазам равишда интернетдаги роликларни кўриб, адабиётларни ўқиб, ўрганиб борсин. Янгиликларни кузатишдан эринмасин. Ишидан нафақат қониқсин, ҳузур топсин. Булар жуда муҳим.

Яна бир масала борки, бунга ҳам тўхталиб ўтай, яъни айти оламини мукаммал эгалладим деб билим олишдан тўхтаб қолишдан, «Мен юлдузман» дея «юлдузлик» касалига мубтало бўлишдан сақлансин. Унутмасинки, «Ёриб ташладим» деган иши ҳам бир пасда эскиради-қолади. Замон шиддати шунчаларки, ҳар куни ҳам гапми, ҳар дақиқа билим эскиряпти, энг сўнгги разработкалар-ишланмалар ҳам эскиряпти. «Айфон 4» тақдирини эсланг. Бунга чиройли мисол бўла олади! Қанчалар зўр эди! Эскирди. Ҳа,бугун тер тўкиб ишлаган лойиҳамиз эртага эскириб қолиши ҳеч гап эмас. Шу боис соҳа тўхтовсиз изланишни, ўқишни тақозо этади. Ҳадиси Шарифда ҳам айтилганку, «Бешикдан қабргача илм изла» деб!

Яна бир масала бу дастурчиликда «Бу ишни эртага қиламан» дейиш ҳам кетмайди. Чунки дастурчи бирор компанияда ишласа, эртасига ўша ишини тугатмай, бошқа жуда катта вазифа юкланса борми, бояги иши ниҳоясига етмай қолаверади.

Бизнинг жамоамизда фаолият юритиш ниҳоятда фахрли ва кўнгилли. Негаки, барчамизнинг масадимиз ягона — бир оиладек аҳилликда, ҳамфикрликда ишлаймиз.Шу сабаб ҳар бир лойиҳа, ҳар бир вазифа, муваффақиятли амалга ошади. Кенгашга кенг дунё дейдиларку. Бирдамлик турган-битгани — ҳикмат, ҳар қандай жойда қўл келади. Кимдадир тўхтаброқ қолган иш юришиб кетади. Умуман олганда ҳамма жойда бўлганидек жамоа — катта куч. Ҳар қандай мураккаб иш ҳам тез, ўз муддатида адо этилади. Жамоадаги дўстлик, биродарлик иқлимини яратиш, дам олиш ҳам иши ҳам алоҳида аҳамиятга молик масала. Футбол, киберспортда «Заковат» беллашувларимиз, ёқимли хордиқ туфайли миямизни эгаллаган кераксиз майда ахборотлардан холи бўламиз. Руҳиятимиз кўтарилади. Асосийси, жамоа жипслиги янада мустаҳкамланади ва ишга унум бағишлайди, самарадорлик ошгандан ошиб бораверади.

Шуни ҳам таъкидлашим керакки, имкон борича кўпроқ шогирд чиқаришга интиламиз. Устоз-шогирд анъанасига қатъий риоя этамиз. Ўзбекона қадриятларимизни эъзозлаймиз, ҳар бир ишда менталитетни ҳисобга оламиз. Ютуқларимизнинг илдизлари ана шу миллийлигимизга бориб тақалади.

Дизайнерликнинг сирларию нозик жиҳатлари шунчалар бисёр эканки, компаниянинг таҳлилчиси, жамоадаги исми жисмига монанд жасоратли 9 нафар Жасурбекларнинг бири — Жасурбек Пўлатовнинг, IT-парк Фарғона филиали фаолияти борасидаги филиал раҳбари Баҳромжон Жалиловларнинг чиқиши ҳам беҳад эсда қоларли бўлди. Сифатли лойиҳа қандай бўлиши ҳақида гапирган компаниянинг энг ёш мутахассиси Қиличбек Қурбоновнинг фикр-мулоҳазалари, таҳлилий хулосалари ҳам жуда таъсирчан кечди.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиалида ташкил этилган мазкур учрашув-мулоқотда ёнимда ўтирган 1-босқич талаба қизлари Хушноза Алижонова, Одина Абдусаломова, Сарвиноз Исоқжоноваларнинг таассуротлари оламча эди.

Бири «Ҳа, мен албатта дастурчи бўламан», деди ишонч билан, бири «Ҳамманинг қўлидан келади, дейишди. Демак, менинг ҳам қўлимдан келади», деди. Бири бўлса, «Ҳозир эшитганларимни ёдлаб олдим», дея завқу шавқини баҳам кўрди. Дарҳақиқат,талабаларнинг илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш бўлими бошлиғи Фарангиза Кенжаевага қараганда айниқса дастурчилик тадбиркорлигига эндигина киришган Ғуломхон Йўлдошхонов бошчилигидаги талаба ёшларга компания вакиллари жуда ажойиб мотивация беришибди. Бир ғайратларига ўн ғайрат қўшилибди. Талайгина қизлар эса дастурчилик мубҳаму ўта мураккаб эмаслигини англашиб, салоҳиятларини ишга солишга қарор қилдилар.

Ҳадемай дунёга машҳур дастурчилар сафида фарғоналик ёшлар бўлади. Мана, кўрасиз!

Ҳафиза Саляҳова,
«Хабар»нинг Фарғона вилоятидаги мухбири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг