Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Цзиньпин ва Путин Самарқандда учрашди

Цзиньпин ва Путин Самарқандда учрашди

15 cентябрь куни Хитой раҳбари Си Цзиньпин ҳамда Россия президенти Владимир Путин Самарқандда учрашди. Таҳлилчилар бу Украина босқини бошлангандан буён икки давлат раҳбарининг дастлабки юзма-юз мулоқоти эканига эътибор қаратмоқда.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, расмий Пекин дунёдаги беқарорликларнинг олдини олишда Москва билан ҳамкорлик қилишда собит экани маълум қилган. Хитой томони буюк давлат сифатида масъулиятни зиммага олиб, Россия билан биргаликда жаҳонда тартиб ўрнатиш истагини билдирган.  

Кремль матбуот хизматига кўра, Путин Хитой раҳбарига дунёда бир қутбли низомни яратишга уриниш бўлаётгани ҳақида гапириб, бу ҳолни номақбул деб атаган. У, айни чоқда, Тайвань масаласида Хитойни тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Расмий Пекин тарқатган хабарда муҳокама этилган масалалар қаторида Украина мавзуси тилга олинмаган. Аммо Кремль хабарида Путин «хитойлик дўстларнинг Украина инқирози борасидаги вазмин позициясини юксак баҳолагани» қайд этилган.

Кузатувчиларга кўра, Хитой раҳбари билан учрашув, аввало, коллектив Ғарб томонидан яккалаб қўйилган Путиннинг халқаро майдондаги нуфузини яхшилаш учун муҳим. Қолаверса, Украина босқинидан кейин мисли кўрилмаган санкцияларга дучор бўлган Россия Хитойнинг сармоя, технологиялари ва сиёсий далдасига муҳтождир. Кремль Украина урушидан кейин мамлакат бозорини тарк этган Ғарб ширкатлари ўрнини Хитой компаниялари эгаллашига ҳам умид қилмоқда. Қолаверса, сўнгги пайтларда Украина фронтида муваффақиятсизликка учраётган Россия Хитойнинг ҳарбий кўмагига кўз тикмоқда.

Қайд этиш жоизки, Хитой раҳбарияти гарчи Украина урушининг келиб чиқишида АҚШ ва НАТОни айблаган бўлса-да, амалда халқаро санкцияларга риоя қилиб, Россияга яқин кўмакчи бўлишдан ўзини тиймоқда.

АҚШдаги Стимсон таҳлил маркази Хитой тадқиқотлари дастури директори Юнь Суннинг фикрича, уруш қандай якун топишидан қатъи назар Пекин барибир ютади: агар муҳорабада Россиянинг қўли баланд келса, Хитой қудратли иттифоқчига эга бўлади; Путин мағлубиятга учраса, мамлакат де-факто Хитойнинг вассалига айланади. 

Цзиньпин ва Путиннинг Самарқандда учрашгани расмий Вашингтон томонидан хавотир билан қаршиланган.

«Биз Хитой ва Россия муносабатлари чуқурлашувидан хавотиримизни изҳор этиб келмоқдамиз. Бу ҳол ҳатто Россия Украинада беаёв, агрессив уруш бошлаганидан кейин ҳам кузатилмоқда. Бу учрашув ана шу илиқликнинг намунасидир», – дея изоҳ берган Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер 15 сентябрь кунги матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Хитой ва Россия раҳбарларини муқояса этар экан, «Унда (Цзиньпин назарда тутилмоқда – таҳр.) демократиянинг “д” ҳарфи ҳам йўқ. Бироқ у ақлли, ақлли йигит. У ҳам худди Путин каби автократия – бўлғуси тренд деб ўйлайдиганлар сирасидан», – деган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг