Чўлга саёҳат –«Ўзбекнефтгаз» саволларга жавоб берди
Қарши шаҳридан Ғузор томон юриб, туман марказига 10 чақиримча қолганда ўнгга бурилсангиз, Қашқадарё чўллари бағрига кириб кетасиз. Аввалига бу чўлга сира ўхшамайди, текис йўл, четлари эса дарахтзор. «Ўзбекнефтгаз» йигитларининг меҳнати самараси бу, дарахтларни лозим бўлганда юк машинасида сув ташиб суғоришган.
Бора-бора йўл ҳам, дарахтлар ҳам тугайди, қип-қизил чўл бошланади. Бу ёғига онда-сонда чўпонларнинг қўналғаси учраб турмаса, замонавий ҳаёт аломатини фақат тошлоқ йўл четидаги симёғочлар кўрсатиб туради ҳолос. Юравергач униси ҳам, буниси ҳам тугайди, бу ёғига энди ҳар икки томонда бир хил манзара – чўл, чўл, чўл. Мана шу чўлнинг ости эса газ билан тўла.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ ахборот хизмати томонидан Қашқадарё вилоятига ташкил этилган пресс-тур давомида газчиларнинг оғир меҳнати билан танишиб қайтдик. Олдиндан айтамиз, икки кунлик сафар 20 кунлик чарчоқни берди, аммо завқи ҳам шунга яраша...
Биринчи борган манзилимиз –«Шўртан» конидаги 329-сонли қудуқ бўлди, бу ерда хориж тажрибаси асосида бурғилаш ва рақамлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Қудуқ қазишда 38 киши меҳнат қиляпти, «Газпромнефт»дан таклиф этилган мутахассис эса керакли маслаҳат ва йўриқларни бериб турибди.
Сургутлик Тагир Калимулин ўзимизнинг қоракўз мутахассислар орасида ажралиб туради, оқ-сариқдан келган, шимол одами экани бир қарашдаёқ сезилади. Яқинлашиб, саломлашаман.
– Исмингиз Тагир экан, шу ўзимизнинг Тоҳир эмасми?
– Ҳа, шундай, Тоҳир десангиз ҳам бўлади. Татарман мен, сизга яқинмиз.
– Ўзимиздан экансиз-да, қайси шаҳардансиз?
– Сургутдан. Биз томонлар анча салқин... (кулади)
– Иссиқ қийнамаяптими?
– Чидаса бўлади, мана шу интервьюлардан ўтиб олсак бўлгани, – яна кулади Тагир.
Бу орада ҳамкасблар уни ўраб олишган, микрофонлар тутилган, интервьюга шай бўлиб туришибди. Тагир қуёш тиғи остида турганча барча саволларга жавоб беради – бурғилаш ишлари яхши кетяпти, «Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбарияти томонидан барча шароитлар яратилган, газ борлиги кутилаётган 3500 метр чуқурликка режадаги 88 кун ўрнига 50 кунда тушиш мақсад қилинган. Қазиш ишлари 38 кун эртароқ якунланиши ҳисобига бир неча ўн миллиард сўм тежаб қолинади, бу эса жуда яхши натижа деганидир.
Тагир Калимулин билан интервью тугаши ҳамоно кечикиб келган бошқа ҳамкасбларимиз яна микрофон тутишади. Начора, шимолдан келган йигит уларнинг ҳам саволларига жавоб бериши керак.
Табиийки ўзимизнинг мутахассислар ҳам бўш қолишгани йўқ, журналистларга бурғилаш жараёнидаги мураккаб жиҳатларни тушунтириб туришибди.
– Бу қудуқда янгича, хориж тажрибасига асосланиб иш олиб боряпмиз. Ҳозирча натижалар жуда яхши, насиб қилса кейинчалик бу тажрибани бошқа қудуқларда ҳам жорий этамиз. Асосий мақсад маҳсулдор қатламни сифатли очиш ва қудуқлар қурилиш муддатини 40 фоизгача қисқартириш, – дейди биз билан суҳбатда газ қазиб чиқариш бошқармаси бошлиғи Азиз Раҳмонов.
Режалар катта. Бизга айтишларича, яқин вақтлар ичида босқичма-босқич «Ўзбекнефтгаз» АЖга қарашли барча бурғилаш объектлари «Бурғилаш ишларини бошқариш маркази» томонидан тўлиқ онлайн назорат қилинади. Бунинг учун дастурий таъминот бўйича мутахассислар малакаси оширилади ва иш тартиблари ўзлаштирилади. Табиийки, ўшанда самарадорлик ҳам ошиши кутиляпти.
329-сонли қудуқни кўздан кечириб бўлгандан сўнг чўл бўйлаб «Е-кон» лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиш учун кетамиз. Бизга айтишларича, рақамлаштириш ишлари 20-сонли газ йиғиш пунктида тўлиқ тугатилган. Бу ерда биргина муҳандис-оператор 20 тагача қудуқдан олинаётган газ кўламини кузатиб туриш имкониятига эга. Барча қудуқларда ҳарорат ва босимни ўлчайдиган чиплар ўрнатилган бўлиб, муаммо юзага келган тақдирда дарҳол чора-тадбир кўрилади.
– Илгари газ қазиб олишда муаммо бўлса, назоратчиларимиз барча қудуқларни бирма-бир текшириб чиқишга мажбур бўлишарди. Бунинг учун 18 километрлар юришар ва қимматли вақт йўқотиларди. Энди эса муҳандис-операторнинг ёлғиз ўзи қаерда қанақа муаммо борлигини аниқлай олади ва керакли мутахассисларни керак жойга йўналтира олади. Кейин носоз қудуққа кислотали ишлов бериладими, ёки техник таъмирлаш ишлари ўтказиладими, мутахассисларга ҳавола, тезда қарор чиқариб, муаммони бартараф этадилар, – дейди Азиз Раҳмонов.
Бизга маълум қилишларича, йил охирига қадар «Ўзбекнефтгаз» АЖга тегишли барча конларда рақамлаштириш ишлари якунига етади ва барча керакли маълумотларни Тошкентдан туриб кузатиш мумкин бўлади. Умуман олганда, бу тизим ҳозир ҳам ишлаб турибди, Xabar.uz сайтида бу ҳақда репортаж ҳам берилган эди.
Газ йиғиш пункти билан танишиб олганимиздан сўнг ҳудудий штаб томон юрдик, бу ерда эса бизни яхшигина сюрприз кутиб турганди — журналистлар билан мулоқотда бўлиш учун «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Баҳодир Сиддиқовнинг шахсан ўзи Ғузорга етиб келибди. Бу эса ОАВ учун ажойиб совғадир, табиийки саломлашиб бўлганимиз ҳамоно саволлар ёмғири бошланиб кетади. Баҳодир Сиддиқов бирорта саволни жавобсиз қолдирмади, ҳаммасига батафсил тушунтириш берди. Мулоқот икки соатга яқин давом этди, бир неча бор тўхтагандек бўлди ҳам, аммо яна қайтадан давом этди.
Савол-жавоблар орасида аномал совуқ ҳам, Афғонистондан қайтган дизел ҳам, бензину, GTL заводи ҳам қолмади, барчаси сўралди. Xabar.uz сайтида суҳбат бир неча қисмларга бўлинган ҳолда чоп этилди, исталган вақтда ўқиб олишингиз мумкин.
– Журналистлардан бир нарсани алоҳида сўраган бўлардим, – деди Баҳодир Сиддиқов мулоқот давомида таъкидлаб. – Биз ҳар доим сиз билан алоқада бўлишга тайёрмиз, савол берсангиз бўлгани, жавоб берамиз. Масалан, яқиндан бошлаб ахборот маконида Ўзбекистонда газ тугаб бораётгани ҳақида хабарлар кўпайиб кетди. Бир нарсани тушунишингизни истардим – тўғри, охирги йилларда газ олиш қисқарди, бунга сабаб эса асосий конларимиз ўтган асрнинг 70-80-йилларида очилгани бўлиб турибди. Яъни, ернинг юза қисмига яқин бўлган чуқурликда газ ҳақиқатан камайган, аммо бу ҳолат бир бизда эмас, бутун дунёда кузатилмоқда. Демак, эндиликда хориж тажрибасига асосланган ҳолда яна-да чуқурроққа тушиш лозим бўлади. Биз ишлаяпмиз, айни вақтда 5 500 ва 6 500 метргача бўлган чуқурликкача бурғилаш ишлари олиб борилмоқда. Насиб қилса, яқин вақтлар ичида халқимизга хушхабарлар етказишни ният қилганмиз...
Баҳодир Сиддиқов билан суҳбатимиз якунига етганда қош қорайиб қолганди, ҳамкасбларда чарчоқ кучли, кайфият эса кўтаринки эди. Шу ўринда бир мулоҳаза, кўпинча журналистларни дилетантликда айблашади ва балки бу тўғридир ҳам. Аммо журналист бирор соҳага чуқур кириб бориши учун аввал унинг саволларига жавоб бериш лозим бўлади. Ўзаро мулоқот бўлсагина аниқ ва тўғри хулоса чиқариш мумкин.
«Ўзбекнефтгаз» бу йўналишда катта ва дадил қадам ташлади. Умид қиламизки, кейинги қадамлар ҳам бундан қолишмайдиган бўлади...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter