Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чўлда талончилик қилган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Чўлда талончилик қилган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалоловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Ромитан туманидаги чўл ҳудудида жойлашган объектдан бир гуруҳ шахслар дизель ёқилғисини талон-торож қилишган. Талончилик қилган гуруҳ ушланган.

«Газли» чўл массиви Ромитан тумани марказидан қарийб 70 километр олисда жойлашган. Узоқ йиллардан буён ушбу ҳудудда «Inter Engineering» компанияси фаолият юритади.

Таъкидланишича, ушбу компания томонидан газ қувурларини монтаж қилиш ишлари олиб борилаётган ва бунинг учун махсус техникалар йиғиб қўйилган бўлган.

«Жорий йилнинг 10 август куни тунги соат тахминан 04:00ларда бир гуруҳ номаълум шахслар ушбу объектдаги «ХCMC» русумли экскаватор ва «DAIFENG» русумли труба ётқизувчи махсус техникаларнинг дизель ёқилғисини яширин равишда талон-торож қилишни бошлашган. Ҳолатдан ушбу объект қўриқчиси хабар топган ва бир гуруҳ шахсларга қарши чиқиб, уларни тўхтатмоқчи бўлган. Талончилар қўриқчига таҳдид қилиб, унинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатишган. Жами 3 310 285 сўмлик 395 литр дизель ёқилғисини талон-торож қилиб, ҳодиса жойида қочишган», — деди Шуҳрат Жалолов.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 166-моддаси (Талончилик) 2-қисми «а,в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор техник ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноят Ромитан туманининг «Қоқиштувон» маҳалласида яшовчи М.С. ва Ж.А. ҳамда «Қумработ» маҳалласида яшовчи Б.Ш.лар томонидан содир этилгани аниқланган.

Ҳозирги кунда ушбу жиноий гуруҳнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг