Чирчиқ дарёсига рангли оқова қаердан тушаётгани маълум бўлди
Facebook ижтимоий тармоғидаги Потребитель.uz гуруҳи орқали Чирчиқ дарёсига рангли оқовалар ташланаётганлиги ҳолати акс этган мурожаат эълон қилинганди. Давлат экология қўмитасиси ушбу мурожаатга муносабат билдирди.
Таъкидланишича, Давлат экология қўмитаси, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ходимларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилиб, тезкор тартибда ҳолат ўрганилган.
Ўрганишлар давомида чиндан ҳам Чирчиқ дарёсининг Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани, «Чингелди» МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмига рангли эритмалар билан ифлосланган оқовалар ташланаётганлиги аниқланган.
Ушбу оқоваларнинг ҳосил бўлиш манбаи «Тошкент сув таъминоти» МЧЖга қарашли Тошкент вилояти Байтқўрғон МФЙда ҳудудида жойлашган «Чирчиқ оқова тозалаш иншооти» бўлиб чиқди. Ҳолат бўйича лаборатория таҳлилларини ўтказиш мақсадида Давлат экология қўмитасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган аналитик назорат марказининг мутахассислари жалб этилган. Сув таҳлиллари учун Чирчиқ оқова тозалаш иншоотининг Чирчиқ дарёсига чиқарувчи оқова сувлари ташлама нуқтасидан, оқоваларнинг дарёга қўшилиш ва 500 метр қуйи нуқталаридан сув намуналари олиниб, таҳлиллар ўтказилмоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан Чирчиқ оқова тозалаш иншоотининг ҳолати, технологик жараёнлари ўрганилганда тозалаш самарадорлиги 40-50 фоиздан ҳам пасайиб кетганлиги тасдиқланган.
Хабарда айтилишича, ишчи гуруҳ томонидан Чирчиқ оқова тозалаш иншоотига меъёрдан ортиқча ифлосланган турли рангли эритмалар тутган оқова ташлайдиган 10 та йирик корхона, жумладан, 6 та таркибида бўёқ цехлари бўлган тўқимачилик корхоналари рўйхати шакллантирилди. Чирчиқ шаҳридаги ҳамда Бўстонлиқ туманидаги таркибида бўёқ цехлари бўлган йирик тўқимачилик корхоналарининг оқова тозалаш иншоотларини ўрганиш мақсадида экологик назорат тадбирлари ташкил қилинмоқда. Бунинг учун белгиланган тартибда «Бизнес Омбудсман»га буюртмалар тайёрланиб киритилади.
Таъкидланишича, «Чирчиқ оқова тозалаш иншооти» 1975 йилда қурилган бўлиб, тозалаш технологияси ва қурилмалар маънан эскирган, қуввати суткасига 80 минг куб метр бўлгани ҳолда Чирчиқ шаҳри, Бўстонлиқ ва қисман Қибрай туманларининг тобора ортиб бораётган аҳолиси ва саноат корхоналарининг оқоваларини қабул қилиб келмоқда.
Қўшимча қилинишича, Тошкент вилоятидаги тозалаш иншоотлари тизимларини 2023–2026 йилларда қуриш ва реконструкция қилиш назарда тутилган ва Ҳукуматнинг алоҳида қарори қабул қилиниб, лойиҳанинг техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилмоқда.
Давлат экология қўмитаси ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилишини маълум қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter