Чирчиқ дарёсини қазиб ташлаганлар ишини Бош прокуратура ўрганади
Тошкент вилояти Юқоричирчиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсида олиб борилган назорат рейд тадбирларида дарёнинг муҳофаза минтақасидан 1 дона юкловчи ва 2 дона MAN русумли юк ташувчи транспорт воситалари ёрдамида ноқонуний тарзда шағал қазиб олиб кетилаётгани аниқланди.
Экология вазирлиги ходимлари олиб борган суриштирув давомида қум-шағал «Шарқ нефтгаз бизнес» МЧЖ раҳбари О. К. томонидан қаздирилганлиги маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, ҳайдовчилар ва МЧЖ раҳбаридан тушунтириш хатлари олинган. Шунингдек, иккита юк машинаси ҳамда экскаватор жарима майдонига жойлаштирилган.
«Шағал маҳсулоти қазилган жойда олиб борилган ўлчов натижасида табиатга етказилган зарар 6 миллиард 635 миллион 894 минг 160 сўмни ташкил қилди», – дейилади расмий хабарда.
Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва айбдорларга нисбатан қонуний чора кўришни таъминлаш мақсадида тегишли ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter