Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоронинг «айти» бўйича ўз бренди бўлади (видео)

Бухоронинг «айти» бўйича ўз бренди бўлади (видео)

Қорақалпоғистон ва Хоразмда «C++» дастурлаш тили бўйича ўқув курслари бўлаётгани тўғрида хабар берган эдик. Бу яхши ташаббус Бухорода ҳам давом этмоқда.

«Бухоро азалдан илм-фан маркази бўлган. Бугун ҳам билимли, интилувчан ёшлар кўп. Бухоронинг «айти» соҳаси бўйича брендини яратиш керак. Бунинг учун барча нарса — шароит, ресурс, интеллект бор», — деган эди Шавкат Мирзиёев жорий йил бошидаги ташрифи вақтида. Орадан кўп вақт ўтмасдан ютуқлар кўзга ташланмоқда.

Халқ таълим вазирлиги ташаббуси билан «SmartGov» ҳамкорлигида информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиларининг билими ҳамда малакасини ошириш мақсадида «C++» дастурлаш тили бўйича Бухорода ҳам ўқув семинарлари олиб борилмоқда. «Xabar.uz» вилоятнинг энг чекка туманларида ҳам бўлиб, олиб борилаётган ишларга гувоҳ бўлди.

Бухоро вилоятининг 11 та туманида жами 185 нафар информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари «C++» дастурлаш тили бўйича замонавий билимларни эгаламоқдалар.

Бугун мактаблардаги информатика фани дарсликлари ўз устида ишламаган ўқитувчи учун мураккаблик қилиши тайин. Бу ўқув курслари ўқитувчиларни замонавий дастурлар билан ишлаш ва замон билан ҳамнафас бўлишига ёрдам беради.

«Нафақага чиқишимга 2 йил қолган, лекин ўзим шу дастурлаш тилини ўрганишга ташаббус билан чиқдим. Ўрганганимни ҳали кўплаб ўқувчи ва ўқитувчиларга ўргатмоқчиман», – дейди Бухоро тумани 23-мактаб ўқитувчиси Малика Элеева.

Бухоронинг чекка Жондор тумани 49-мактаб ўқитувчиси Гулола Бозорова президентимизнинг «Бухоронинг «айти» бўйича ўз бренди бўлиши керак» деган гапларини шиор қилиб олганликларини, ҳали ёш авлодни шу бренднинг бир қисми сифатида тарбиялашни режа қилганини айтди.

Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳар, Когон ва Ғиждувон каби туманлари ҳам ўз фаоллиги билан ажралиб турганини кузатдик.

Бугун замонавий дунёда замонавий дарсликларга, шу дарсликларни ўқита оладиган етук устозларга талаб ошмоқда. Келгусида ҳам бу ижобий ишлар олиб борилишига ишонамиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг