Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухородаги жездан қурилган ялтироқ матолар шаҳри цивилизация ўчоғига айланмоқда

Бухородаги жездан қурилган ялтироқ матолар шаҳри цивилизация ўчоғига айланмоқда

«Пойкент машҳур шаҳар, унда хилма-хил одамлар (халқлар) бор. Пойкенд аҳолисининг ҳаммаси савдогар бўлган, улар Хитой ва денгиз орқали бориладиган мамлакатлар билан савдо қилганлар ва ғоят бой бўлганлар»

Наршахий «Бухоро тарихи» китобидан

Қадимий кент саналган Пойкент Бухородан 50 км жануби-ғарбда, Жондор ва Қўракўл туманлари туташган ҳудудда, Зарафшон дарёсининг қуйи оқимида Мовороуннаҳр музофотининг жанубий қисмида жойлашган.

Бухоро азал-азалдан кўҳна тамаддун бешиги, илк цивилизация ўчоқларидан бири бўлиб келган. Саёҳатчиларнинг эсдаликларида «мўъжизалар ва эртаклар шаҳри» дея тилга олинади. Бундай эътирофлар унга бой тарихи, ҳар қандай одамни ҳам ҳайратга сола оладиган бетакрор обидалари ва осору атиқалари, қадимий шаҳар қўрғонлари учун берилган бўлса, ажаб эмас. Бухоронинг мана шундай қадим ўтмишидан дарак берувчи маволардан бири Пойкент шаҳридир.

   

Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу шаҳарни қадимги Хитой тарихчилари «Пати-ян», араб тарихчилари Ат-Табарий, Ибн ал-Хордадбеҳ ва Ибн Фақиҳлар «Мадина ат-тужжор» - савдогарлар шаҳри, Муҳаммад Наршахий «Шаҳристони роин» - Бронза шаҳристони ёхуд «мис шаҳар» дея таърифлаганлар. Ўрта аср ёзма манбаларида эса шаҳар Бойканд, хитой солномаларида Би номлари билан юритилган. Унинг номлари “Қуйи шаҳар” маъносини англатади. Пойкент мустаҳкам мудофаа деворлари билан ўраб олинганлиги сабабли «жездан қурилган шаҳристон» (жез шаҳар) номи билан ҳам шуҳрат топган.

«Бу машҳур антик шаҳарнинг атрофида кўплаб қўрғонлар барпо этилган. Пойкент атрофида кўплаб работлар қурилишидан ҳам унинг ҳудуди янада кенгайиб борган. Умумий майдони 20 гектарни ташкил этади. Пойкент атрофида 3000 та работ бўлганлиги ёзма манбалар асосида исботланган. Баланд тепалик устида барпо этилган Пойкенд шаҳрини «савдогарлар шаҳри» деб ҳам юритганлар. Бундай дейилишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган. Биринчидан, Наршахийнинг ёзишича, шаҳар аҳолисининг аксарияти савдогар бўлиб, улар Хитой ва денгиз бўйи мамлакатлари билан савдо қилганлар ва жуда давлатманд бўлган. Иккинчидан эса, бу шаҳардан Бухорога томон йўналган карвон йўли (кенглиги 20 м) нинг икки ёқаси бўйлаб жойлашган 20 дан ортиқ карвонсарой вайроналарининг қайд этилганлигидир. Учинчидан Табарийнинг ёзишича, араблар яъни Қутайбанинг Пойкентга босқини арафасида шаҳарнинг бойлигидан араблар ҳайратга тушганлар, ҳатто, эритилган олтин-кумуш анжомлар ва бутларнинг тош қолипидан 150 минг мисқол миқдорда ёмби ажратиб олинган. Масалан, бир бутхонада 40 минг дирҳам оғирликдаги соф олтиндан ишланган санамлар бўлиб, биттасининг кўзлари ўрнида каптар тухумидек иккита инжу топилган. Бу маълумотлар шуни тасдиқлайдики, шаҳарнинг яна бир номи бўлиб, у «Байркент» - ялтироқ матолар Ватани, деб аталганлигидан далолат беради»,-дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети доценти,  тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шавкат Бобожонов.

Пойкентдан кўплаб буюк олим ва алломалар етишиб чиққан. Булардан айримларининг номларини манбаларда учратишимиз мумкин: Абу Закриё ибн Жаъфар Аъян ал-Аздий Баҳрий (ҳадисшунос), Муҳаммад ибн Салом (фиқҳшунос), Аҳмад ибн Юнус ан-Назр ибн Шамил (хатиб), Али ас-Сулаймон (улуғ муҳаддис), Абу Фазл Аҳмад ибн Али (ҳофиз), Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳомидибн Убайд (муътазимий олим), Абу Амр Усмон ибн Али ал-Пойкандий(имоми солиҳ) ва бошқалар шулар жумласидандир.

Суҳбатдошнинг сўзига кўра, уч минг йиллик тарихга эга ўзбек давлатчилиги ҳамда шаҳарсозлигининг илк пойдевори ҳисобланган Пойкент шаҳри марказидан VIII-IX  асрга оид дорихонанинг топилгани оламшумул янгилик бўлган. Пойкент дорихонасидан тиббиётда «алембиклар» деб юритиладиган 12 дона қон сўрувчи идишлар топилган. Аптекар (доришунос)га тушган буюртмалар, мурожаатномалар ва уларнинг рўйхати тарихий ҳужжатлар орқали аниқланган. Бундан кўриниб турибдики, юртимизда буюк ватандошимиз, Авиценна номи билан машҳур бўлган бобомиз Абу Али ибн Синодан ҳам олдин табибликнинг илк куртаклари барқ ура бошлаган.

Бухородан қадимийроқ саналган тарихий шаҳар ҳақида халқ орасида турли-туман ривоятлар мавжуд бўлиб, улардан энг машҳури - Фирдавсийнинг «Шоҳнома» достонида Кайхусрав Пойкентда олов ибодатхонасини қуриб, унинг деворларида Зардуштийларнинг муқаддас китоби «Авесто»ни зарҳал ҳарфлар билан ёздирганлиги ҳақидаги афсонадир.

«Бир неча йилча илгари Бухоро давлат университети ижтимоий-иқтисодий факультетининг тарих йўналиши бир гуруҳ талабалари илмий изланишлару археологик қазишмалар давом этаётган Пойкентда бўлишган. Бунда халқимизнинг шаҳарсозлик ва давлатчилик тарихи ўрганилган. Бу каби қадим тепаликларда амалиётни ўташ ва археолик қазишма ишларини олиб бориш ёшларнинг, нафақат, назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам билимини мустаҳкамлайди. Биз ёш тарихчилар бу қадимги қалъаларни кўриб, аждодлармизнинг ақл-заковати  билан ғурурланиш, балки уларга муносиб авлод бўлиб, тарихимизни янада чуқурроқ ўрганишимиз даркор, –Шавкат Бобожонов,- Бу ердан топилаётган тарихий ашёлар эса юртимизнинг дунё тамаддунида етакчи ўрин тутганлигини яна бир карра намоён этишига шак - шубҳа йўқ».

Пойкент тепалиги олдида 2001 йил 1 майда «Қадимги Пойкент тарихи» музейи ташкил этилган. Музейда қадимги Пойкент тарихи, маданияти, санъати, сиёсий-иқтисодий ривожланиши, савдо-сотиқ алоқаларига дахлдор 5000 дан зиёд нодир экспонатлар сақланиб келинади. Музей ҳозирда Парижнинг Лувр ҳамда Санк-Петербург Эрмитаж музейлари билан яқиндан алоқа олиб бормоқда.

Илк цивилизация ўчоқларидан бири бўлган Пойкенд шаҳрининг қадимда шунчалик даражада юксак тараққий топганлиги аждодларимизнинг нечоғлик юксак ақл-заковат ва мукаммал илм-фан эгалари бўлганлигидан далолат беради.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг