Бухорода йирик лойиҳа амалга оширилади: тафсилотлар
«Masdar» (БАА) компанияси лойиҳа директори Филипп Торрес Бухоро вилоятининг Олот туманида қуёш фотоэлектр станциясини қуриш мақсади билан келди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят ҳокимлиги вакили Жаҳонгир Ғайбуллаев маълум қилди.
Таъкидланишича, Флипп Торрес вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов билан учрашган. У «Masdar» компанияси томонидан Олот туманида қуввати 250 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш лойиҳаси амалга оширилиши бошлангани икки томонлама манфаатли ҳамкорликнинг амалий ифодаси эканини билдирган.
Учрашувда лойиҳани амалга ошириш жараёни, қурилишнинг навбатдаги босқичи доирасидаги ишларга тайёргарликнинг бориши, шунингдек, Олот тумани ва унга туташ ҳудудлар бўйлаб юқори вольтли линияларни ўтказиш бўйича ташкилий масалалар тўлиқ кўриб чиқилган.
«Олотдаги лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига унинг тоза энергия ва иқлим ўзгариши борасидаги мақсадларига эришиш бўйича кўрсатилган ёрдам борасида салмоқли натижаларга эришганимиздан далолатдир. Коммунал корхоналар учун шамол энергетикасини ривожлантириш соҳасида дунёдаги етакчи давлат сифатида Ўзбекистоннинг паст углеродли энергетика соҳасидаги стратегиясини қўллаб-қувватлаш ва барқарор тараққиётни таъминлаш учун ҳукумат билан ҳамкорликнинг мустаҳкамлаётганидан мамнунмиз. Қадим Бухоро билан шериклик алоқаларни оширамиз», — дейди Флип Торрес.
Ботир Аҳмедов Флип Торресни Бухорода инвесторлар учун яратилган барча имтиёзлардан фойдаланган ҳолда қуёш, шамол ва гидро-энергетика лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида муқобил энергетика ҳамда замонавий меҳмонхоналар қуриш каби даромадли соҳаларда инвестицион ҳамкорликка чақирган. Чекка Олот туманида қуввати 250 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилиши хорижий инвесторларга бизнесни амалга ошириш учун кенг йўл ҳам эканини таъкидлаган.
Маълумот ўрнида: Қайта тикланадиган энергия манбалари билан шуғулланувчи «Masdar» компанияси қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш, барқарорлик билан боғлиқ глобал муаммоларни ҳал қилиш учун шаҳарнинг барқарор тараққиёти ва тоза технологияларни илгари суради. «Masdar» Абу Даби ҳукуматининг стратегик инвестициявий компанияси «Mubadala Investment Company» таркибига киради. Мазкур компаниянинг лойиҳалари келажак авлодлар учун нафақат иқтисодиёт, балки энергия манбаларининг диверсификациясини таъминлаган ҳолда БААнинг дунё энергетика секторидаги етакчилигини сақлаб туришга ёрдам беради. Бугунги кунда «Masdar» 30 дан ортиқ мамлакатда, жумладан БАА, Иордания, Саудия Арабистони, Мавритания, Миср, Марокаш, Буюк Британия, АҚШ, Австралия, Испания, Сербия, Ҳиндистон, Индонезия, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларда фаолият юритади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter