Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода туман ҳокими ташаккурнома олди

Бухорода туман ҳокими ташаккурнома олди

Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани ҳокими Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ташаккурномаси билан тақдирланди, дея «Xabar.uz»га маълум қилмоқда туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Мансур Жўраев.

Таъкидланишича, Ғиждувон туманида адиб Ўктам Усмонов таваллудининг 85 йиллиги, шоир Рауф Парфи ҳамда Омон Матжон таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан «Тирик абадият» дея номланган республика анжумани ўтказилган. Ғиждувон тумани ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда адабиёт ихлосмандлари, зиёлилар, ёшлар тўпланишган.

«Халқни халқ, миллатни миллат қиладиган унинг тили,  адабиёти, маънавияти, маданияти ва санъатидир. Бинобарин, адабиёт ва санъатнинг қадру қимматини чуқур англаган эл ҳеч қачон кам бўлмайди. Шу нуқтаи назардан, Ғиждувонда китобхонлик маданиятини юксалтириш, бадиий ижод аҳлига ёшлар эътиборини ошириш мақсадида таниқли ижод намоёндаларининг хотирасига бағишлаб, «Тирик абадият» бадиий анжуманини ўтказишни мақсад қилдик. Ўйлаймизки, уларнинг ҳаёт йўли, ижод маҳсулини кенг тарғиб қилиш келажак авлоднинг маънавий камолотига беқиёс салмоқ кўрсатади», — деди туман ҳокими Шерзод Ашуров.

Анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Нодир Жонузоқ, адабиётшунос олим Раҳмон Қўчқор, Ўзбекистон Халқ артисти Эркин Комилов, шоир Чоршаъм Рўзиев, Зикрилла Неъмат ва бошқалар ташриф буюришган. Улар хотираси ёд олинаётган адиблар ҳаёти ва ижоди хусусида сўзлаб, улар ижодидан намуналар ўқишган. Ортиқ Отажонов сулоласи давомчилари Зокир ҳамда Улуғбек Отажонов, Илҳом Фармонов каби санъаткорлар Омон Матжон ва Рауф Парфи қаламига мансуб қўшиқларни ижро этишган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ёзувчи Ўктам Усмонов қаламига мансуб «Гирдоб» романи эл кўнглидан жой олган. Шу асар асосида тайёрланган видеофильм ўз вақтида унинг ижодкорларига шон-шуҳрат келтирган. Асардаги бош рол – Азиз Қосимов образини таниқли актёр Эркин Комилов ижро этган эди. Анжуман давомида Эркин Комиловнинг чиқиши адабиёт ва санъат байрамининг янада жозибадорлигини таъминлади.

«Мен Ўзбекистон адабиёти равнақи ва унинг келажаги  йўлида мамлакатимизда забардаст ижодкорлар хотирасини ёдлаб, маънавиятга мустаҳкам тамал тошини қўйиш учун жон куйдирган туман ҳокимини илк бор учратяпман. Шундай ҳокимлар кўпаядиган бўлса, уларнинг қўллаб-қувватлови билан аҳоли ва ёшлар ўртасида тарғибот кучайса, эртанги кунимизда маънавият   яшаб, яшнаб кетишига, шубҳа йўқ»,— дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакили.

«Тирик абадият» анжуманини ташкил этишда бош-қош бўлган туман ҳокимига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ташаккурномаси ҳамда нодир китоблар совға қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг