Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода ўсмир қизнинг «ўғирлангани» ростми?

Бухорода ўсмир қизнинг «ўғирлангани» ростми?

Бугун ижтимоий тармоқларда «Бола ўғрилари пайдо бўлганини айтишмоқда» сарлавҳаси остидаги хабар шов-шувга сабаб бўлди.

Ҳолат «Xabar.uz» мухбири томонидан ўрганилди.

Ижтимоий тармоқларда тарақалган видеога кўра, Шофиркон тумани, Кўришкент МФЙ Ўзган қишлоғида яшовчи, тумандаги 14-умумий ўрта таълим мактаби 6-синф ўқувчиси Г.Т. ўзини 1 нотаниш эркак ва 2 аёл қора рангли «Кобальт» русумли автомашинага босиб, олиб қочишга уринганини айтган.

«Тенгдошларим билан ўйнаб юргандик. Ўшандаям машинани олдинроқда турган эди. Тенгдошларим тарқалишгач, мен амакимникига кетдим. Амакимникига ҳеч ким йўқ экан. Қайтиб келаётганимда, бир эркак ва икки аёл мени машинага босиб олиб кирди»,-деган.

Ўсмир қиз воқеани зудлик билан келиб онасига билдирган. Онаси туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Ҳолат юзасидан тезкор гуруҳ шакллантирилиб, суриштирув ишлари бошлаб юборилган.

Г.Т. ўз кўрсатмасида нотаниш кимсаларнинг куч ишлатиб, давлат рақами беркитилган автомашинага босиб олиб киришгани, қаршилик кўрсатса, уни уришгани, бир километрча юрилгач, маҳалладаги 28-мактабгача таълим муассасаси олдидаги чуқурчага машинанинг оёғи тушиб, эшиги очилиб кетганини ва шунинг натижасида қиз уларнинг қўлидан қочиб кетганини важ келтирган.

«Г.Т. мактабда яши баҳоларда ўқийди. Ўзлаштириши ёмон эмас. Аммо, мени ҳайратда қолдиргани, наҳотки, у одамларни бақир-чақир қилиб, ёрдамга чақиради-ю, ҳеч ким эшитмайди. Ахир, 28-сонли мактабгача таълим муассасаси жудаям гавжум жойда жойлашган. Бу ерда йирик дўкон, ишлаб чиқариш цехи, гузар бор. Кечки соат 21-22 ларгача одамлар билан гавжум. Ваҳоланки, қишлоқ жойи. Тушунмадим»,-дейди мактаб директори Мирали Тошев.

Маҳалла раиси Лола Бўронова ҳолатга изоҳ берар экан, ўсмир қиз важига кўра, уни чиндан ҳам ўғирлаб қочишаётган экан, бир нафар эркак ва икки нафар аёл уни зўрлик билан ҳам ушлаб қолиши мумкинлигини, қизнинг бир важи кейинги важига тўғри келмаётганини таъкидлаган.

«Г.Т. аввалига уни олиб қочган автомшина давлат рақамининг беркитилганини билдирган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога эътибор қилинадиган бўлса, у машина рақамининг катта-катта рақамлар билан ёзилганини, аммо унга эътибор қилмаганини айтиб ўтган»,-дейди маҳалла раиси.

Ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатларини олиб боришган ва у ҳудудда фаол фаолиятда бўлган бирорта камерада қора рангли «Кобальт» русумли автомашина ҳаракатланмагани тасдиқланган.

«Ҳолат юзасидан барча ҳуқуқ-тартибот органлари идоралари, ҳокимият ва ёшлар ташкилотлари жиддий шуғулланишмоқда. Тегишли тартибда терговга қадар тергов ҳаракатлари бошланди. Ўсмир қизнинг руҳий ҳолатидаям қаттиқ назоратга олинди. Якуний текширув ишлари юзасидан маълумот тақдим этилади»,-деди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг