Бухорода ҳужжат ўғриси қўлга олинди
Бухорода автомашина ойнасини ғишт билан синдириб, ҳужжатларни ўғирлаган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилди.
Таъкидланишича, шаҳар кўчаларидан биридаги яшаш хонадони олдида қолдирилган «Кобальт» русумли автомашинанинг олд йўловчи томон ойнаси ғишт бўлаги билан синдирилган. Номаълум шахс автомашина салонидан ҳайдовчига тегишли фуқаролик паспорти ва ҳайдовчилик гувоҳномаси, автомашинани қайд қилиш гувоҳномасини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.
Орадан бир неча соат вақт ўтгач, автомашина эгаси ҳолатдан хабар топган ва ички ишлар органига мурожаат қилган. Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-модда (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш),169-моддаси (Ўғрилик) 1-қисми ва 227-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни бухоролик фуқаро Р.Б. исмли шахс содир қилгани аниқланган.
Фуқародан нега ўзига аввалдан таниш бўлмаган шахсга тегишли ҳужжатларни унинг автомашинасига шикаст етказиш орқали қўлга киритгани билан қизиқилганда, у гўёки йўқотилган ҳужжатларни топган шахс сифатида эгаси қайта топшириб, пул ишлашни ўйлаб, жиноятга қўл урганини тан олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter