Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоро шаҳрида 7 қаватли «дом» қулаб тушмаган. Аммо қулаш эҳтимоли юқори...

Бухоро шаҳрида 7 қаватли «дом» қулаб тушмаган. Аммо қулаш эҳтимоли юқори...

Ижтимоий тармоқларда «Бухоро шаҳар, Низомий кўчаси Эндокринология шифохонаси яқинидаги 7 қаватли дом қулаб тушди» хабари тарқалди. Бу кўпчиликнинг эътиборини қаратди. «Xabar.uz» мухбири ҳолат билан қизиқди.

Бухоро шаҳар Баҳоуддин Нақшбанд кўчаси ёқасида янги қурилаётган уй-жойлар атрофида яшаётган аҳолининг сўзига кўра, «7 қаватли «дом» қулаб тушмаган. Аммо қулаш эҳтимоли юқори...»

«Эътибор бериб қарасангиз, юқори қаватлардаги газоблоклар нотекис терилган. Бу биргина плиталарнинг кўчиб тушишигинамас, балки «дом»нинг ҳам қулаб тушишини таъминлаши мумкин. Шундоқ кўриниб турибди-ку...»,—дейди мухбир билан суҳбатда бўлган фуқаро.

«Ҳолат содир бўлган туннинг ўзида Бухоро шаҳар ҳокими томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилиб, унинг таркибига ФВБ, ИИБ, прокуратура, қурилиш инпекцияси ва бошқа тегишли ташкилотлар ходимлари жалб этилди. Махсус ишчи гуруҳ вакиллари томонидан ҳолат ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича бино бешинчи қаватга қадар пишиқ ғишт, олтинчи ва еттинчи қаватлари газаблок териш йўли билан қурилган. Қурилиши якунланмаган бинонинг еттинчи қавати том ёпмаси бетон плиталари остида бўлган темир бетон белгиланган мустаҳкамликка эга бўлмаган тўсин (ригелга) ортиқча юкланишни берилиши сабабли  рама конструкциянинг тўсин (ригел) қисмида бузилиш юзага келган»,— дейди Бухоро шаҳар ҳокими ахборот  хизмати раҳбари.

Билдирилишича, ҳолат содир бўлган вақтнинг ўзида қурувчи томонидан эгилган бетон плиталар хавфсиз жойга туширилиб, хавф бартараф этилган. Ҳодиса содир бўлган вақтда бинода қурувчилар бўлмаган. Тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Бухоро вилояти курилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи Баҳодир Тошевнинг билдиришича, ажратилган 1,7 га ер майдонида ушбу кўп қаватли уйни тиклаш,  болалар майдончалари қуриш ва атрофини ободонлаштириш  ишларини амалга ошириш Бухоро шаҳар ҳокимининг 2015 йил 30 декабрдаги № 2147-сонли қарорига мувофиқ, «Ингенеринг строй-монтаж сервис» МЧЖга ажратиб берилган. Мазкур қарорга асосан, Бухоро шахар Архитектура ва қурилиш бошқармаси томонидан 2015 йил 31 мартдаги № 61-сонли архитектура-режалаштириш топшириғи (АРТ) ҳужжати тайёрлаб берилган. «Лойиҳасувқурилиш» МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари, Бухоро шаҳар қурилиш бўлими томонидан ушбу бинонинг бош режа ва фасад кўринишлари 7 қаватли этиб келишилган.

«Келишилган 7 қаватли бинонинг лойиҳа-смета ҳужжатлари учун экспертиза ташкилотининг ижобий хулосаси олиниб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли  қарорнинг 5-иловасига асосан, «Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш тўғрисида» ДХА орқали хабарнома юборилган. Вилояти курилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан 2020 йил 48-сон билан рўхатдан ўтган. 2021йил март ойида нотариал олди-сотди шартнома асосида ушбу ҳудуддаги 400м2 ер майдонидаги қурилма фуқаро Акмал Сайфиддиновга сотилган. Ва мазкур обектларнинг қурилиш жараёнлари ҳудудий инспекция томонидан доимий назорат қилинган бўлиб, «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали буюртмачи, лойиҳачи ташкилотларига инспекциянинг электрон ёзма кўрсатмалари тақдим этилган,— дейди Баҳодир Тошев.

Бироқ, мазкур обектда лойиҳа назоратчиси томонидан белгиланган календарь режа-жадвал асосида назорат ишлари тўлиқ амалга оширилмаган. Натижада жорий йилнинг 27 декабрь куни тунги вақтда бинонинг 7-қаватида ригелларга таянган

5 та плита тушиб кетиши билан боғлиқ авария ҳолати юзага келган.

«Плиталарнинг қулаб тушиш сабаблари ўрганилганда, бинонинг асосий юк кўтарувчи конструкцияси  раманинг регил қисмлари қуйма-бетондан эмас, маҳалий қум-шағал аралашмасидан (ГПС) тайёрлангани аниқланди. Бетон ишлари қурилиш майдонининг ўзида қум-цемент  аралашмаси таваккалчиликка асосланган ҳолда тайёрланган. Бундан ташқари, ригеллар етарлича мустаҳкамлик даражасига етмай туриб, унинг остидаги ёғочли таянч устунчалари (опора опалубки) олиб ташланган. Ўрнатилган плиталарнинг устига ортиқча юк ортилган ва конструкцияда зўриқиш юзага келган. Оқибатда шундай авария ҳолати юзага келган», — дейди Баҳоир Тошев.

Мазкур ҳолат юзасидан, ҳудудий инспекция томонидан қурилиш талабларини бузгани учун Акмал Сайфиддионов Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 99-моддасига асосан, жавобгарликга тортилган.

Қайд этилишича, мазкур бинонинг юк кўтарувчи  асосий девор-конструкцияларида ҳам носозлик мавжуд. Темир-бетон колонна ва ригелларнинг мустаҳкамлик кўрсаткичлари шмид асбоби орқали синаб кўрилганда, мустаҳкамлик даражалари паст экани ҳам аниқланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг