Боланинг кўнгли оғримаса – танаси ҳам оғримайди

Бола ҳаётининг илк қадамлари оила бағрида қўйилади.
Оила нафақат тарбия шаклланадиган маскан, балки бола иммунитети, жисмоний ва руҳий соғлиғи мустаҳкамланадиган муҳитдир. Шу муҳитдаги ҳар қандай заҳарли сўз, зўравонлик, бепарволик бола организмида «жимжит» олов бўлиб, кўзга кўринмас жараёнларни бошлаб юборади. Улардан бири – онкология, яъни саратон касаллигидир.
Эпигенетика нима дейди?
Сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, боладаги саратон хасталикларининг катта қисми туғма ген мутациялари эмас, балки эпигенетик ўзгаришлар туфайли юзага келади. Бу дегани – ҳаёт тарзи, стресс, экологик омиллар, нотўғри овқатланиш ва энг муҳими, руҳий муҳитнинг носоғломлиги инсон генларида ўзгаришларга сабаб бўлади. Уйдаги жанжаллар, ўта қаттиққўл тарбия ёки меҳр-оқибат етишмовчилиги бола организмининг ҳимоя механизмларини сусайтиради. Ва шу заифлашган иммун тизимидан ҳужайралар назоратдан чиқиб, хавфли ўсмалар шаклида ривожланади.
Таҳдидлар муҳитида ўсган бола
Агар фарзандингиз ҳар куни ота-она орасидаги қаттиқ тортишувларни эшитса, агар у жазо ва таҳдид муҳитида ҳаёт кечирса, агар у камситилса, эшитилмаса, ҳиссиётларини писанд қилмасангиз, у тўйиб ухламаса, меҳрингизни ўзи хоҳлаганчалик ҳис қилмаса унинг танасидаги ҳар бир ҳужайра «ҳаёт» учун эмас, «омон қолиш» учун курашади. Ва бу кураш организмнинг ички барқарорлигини бузади. Ҳужайраларнинг «ишчи интизоми» йўқолади ва мутациялар, ўсмалар, саратон пайдо бўлади.
Соғлом муҳит – соғлом бола
Мен шифокор сифатида оилани энг муҳим саратонга қарши профилактика маркази деган бўлар эдим. Бу марказда энг керак бўлган нарса муҳаббат ва тинчликдир.
Оиланинг ҳар бир аъзоси бир-бирига меҳрибон ва кечиримли бўлиши шарт.
Ўзаро ҳурмат иммунитетнинг яширин қўлловчисидир.Қаттиққўллик эмас, меҳр ва тушуниш боланинг ички дунёсида нур ёқади. Фарзандингиз соғлом бўлишини истайсизми? Уни дорилар билан эмас, муҳаббат билан озиқлантиринг.
Кечиринг, қучоқланг, тингланг, ҳис қилинг. Боланинг кўнгли оғримаса – танаси ҳам оғримайди.
Болалар онкологиясини даволаш қийин. Муаммолар жудаям кўп. Давлат яна ўнлаб шифохоналар қуриши мумкин. Қиммат операцияларга ҳомий ҳам топилар. Бироқ, касални даволагандан кўра олдини олган маъқул эмасми?
Шунинг учун саратонга қарши курашни – оиладаги муҳаббатни тиклашдан бошланг!
Бугун тонгдан болангизни қучоқланг. Унга «Мен сени яхши кўраман» деб айтинг. Балки бу гап унинг ҳаётини сақлаб қолар, балки ухлаб ётган касалликни таг-туби билан йўқ қилар.
Муаззам Иброҳимова,
шифокор, «Сен кучлисан» ННТ координатори
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter