Бодрум – бинафшаранг гуллар макони
Бодрум Муғланинг энг кўзга кўринган манзили бўлиш билан бир қаторда Туркиянинг афсонавий дам олиш масканларидан бири ҳамдир. Бодрумда кўм-кўк ва тиниқ денгизлари билан машҳур кўрфазлар жойлашган бўлиб, жами 11 ҳудудда 65 та кўк байроқли хусусий ёки жамоат пляжлари мавжуд.
Битез
Битез – сузиш учун энг қулай ва шинам масканлардан. Битезни ювиб турадиган Эгей денгизи сувлари илиқ ва тоза, кўпинча тўлқинсиз бўлади. Битез соҳилларининг энг афзал томони сув сатҳининг аста-секин чуқурлашиб бориши бўлиб, айни шунинг учун ҳам бу ерлар болали оилаларнинг энг севимли масканига айланиб улгурган. Бу минтақада жамоат пляжлари билан бир қаторда хусусийлари ҳам бор.
Гўлтуркбуку
Мовий байроқли денгизларга бой Гўлтуркбукунинг сузиш учун энг бебаҳо маскани Женнет кўрфазидир. Кўрфазнинг денгизи тиниқ ва тўқ кўк ранги билан ажралиб туради ва марказдан узоқда жойлашганлиги сабабли мавсумда гавжум бўлмайди.
Акярлар
Акярлар Бодрумда балиқлар ҳамроҳлигида сузиш мумкин бўлган ноёб жойлардан биридир. Денгиз суви тиниқ, саёз ва шамол бўлмаган пайтлар жуда сокин. Ҳудуднинг аксарият қисмида корхоналар бўлишига қарамай, жамоат пляжлари ҳам бор. Ушбу минтақадаги Метеор ва Караинжир кўрфазлари сайёҳлар томонидан энг кўп танланадиган жойлардандир.
Гумюшлюк
Гумюшлюк денгиз бўйидаги ҳашаматли ресторанлари билан машҳур бўлиб, денгиз соҳили қумли ва уларни доим тўлқин ювиб туради. Денгиз суви илиқ. Унда чўмилиш учун ресторанлар орасидаги исталган бир қулай жойдан ёки жамоат пляжларидан тушиб бориш мумкин. Гумюшлюкда жойлашган Тавшан ороли ва Эски Каракая қишлоғи энг хушманзара жойлар ҳисобланади.
Торба
Торба шаҳарчаси мовий байроқ ва тиниқ денгизлари билан ҳашаматли дам олиш маскани бўлиб, денгизда вақти-вақти билан кузатиладиган тўлқин туфайли кечки пайтлари сув усти бироз лойқаланиши мумкин, лекин шамолсиз кунда сув жуда тоза ва шаффоф бўлади. Торба қирғоғи ва денгизи бутунлай қумли, денгиз сувининг ҳарорати илиқ, денгиз сатҳи аста-секин чуқурлашиб боради. Торбадан жўнаб кетадиган қайиқларда бошқа кўрфазларга саёҳат қилиш мумкин.
Каргижак кўрфази
Каргижак кўрфази унчалик маълум ва машур бўлмаса-да, ўзининг яширин ва қўл тегмаган табиий гўзаллиги билан Бодрумнинг энг ёқимли масканидир. Каргижак кўрфазининг денгизи ҳудди аквариумга ўхшайди, бироқ денгиз суви бошқа жойларга қараганда совуқроқ ва бироз шўр. Бу кўрфазда бирон бир идора-корхона ёки савдо дўконини учратиш имконсиз. Шунинг учун ҳам сайёҳларга ўзлари билан бирга егулик ва ичимликлар олиш тавсия қилинади. Табиат вa денгиз ихлосмандлари бу ерда чодир қуриб дам олишлари мумкин.
Яликавак
Яликавакнинг мовий байроқли денгизи жуда тоза, аммо сертўлқин. Минтақанинг кўплаб дам олувчилар томонидан афзал кўрилишининг энг катта сабаби бу ресторанлар ва хусусий пляжларда тақдим этилган имкониятлардир.
Яликавакда сузиш учун энг кўп танланадиган кўрфазлардан Арка Кудур ва Тилкижик кўрфазларидир. Яликавак шамол тегирмонлари билан ҳам машҳур. Яликавакда шамол сёрфинги бўйича машғулотларда қатнашиш имконияти ҳам мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, «мовий байроқ» тушунчаси 1987 йилдан бери халқаро мукофот сифатида қўлланади ва ҳар йили суви юқори сифат стандартларига жавоб берадиган ва хавфсиз сузиш учун мос келадиган пляжлар ва мариналарга берилади. Франция пляжлари Мовий байроқ билан илк марта 1985 йилда мукофотланган. Шу сабаб ҳам мамлакат мовий байроқнинг ватани ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter