Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Биз қонунга оила институтини бузадиган нормадек қарамаслигимиз керак – Камола Алиева

Биз қонунга оила институтини бузадиган нормадек қарамаслигимиз керак – Камола Алиева

Жорий йил 11 апрель куни имзоланган 829-сон қонун билан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллашмоқда.

Мазкур Қонун билан жамиятда тез-тез кузатилиб турган бир қанча ижтимоий муаммоларга, жумладан, хотин-қизлар билан боғлиқ зўравонликларга нисбатан жавобгарликлар белгиланяпти, айримларига эса жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Ушбу қонуннинг айрим моддалари ва тушунчалари борасида мутахассиснинг фикрларини билиш мақсадида Тошкент давлат юридик университети доценти в.б., гендер масалалари бўйича мутахассис Камола Алиевани суҳбатга тортдик.

– Янги қабул қилинган қонун билан оилавий зўравонликлар, «таъқиб этиш» ва «шилқимлик» каби бугунги кунда пишиб етилган муаммоларга қандай ечимлар бериляпти?

– Куни кеча президент томонидан аёллар ва вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликлар ёки бошқа турдаги зўравонликларга қарши жазоларни кучайтириш бўйича қонун имзоланди. Ушбу қонунга кўра, оилавий зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Бундан ташқари, тақиб қилиш ва шилқимлик қилиш каби ҳуқуқбузарликлар маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилиб, жазолар белгиланмоқда. Масалан, 2021-2022 йилда берилган ҳимоя ордерлар сонига кўра, 80 фоиз зўравонликлар оилада амалга оширилгани аниқланган. Эндиликда киритилган ўзгартиришларга кўра, оилавий зўравонлик жиноят саналади. Биринчи марта зўравонлик содир этганлиги учун маъмурий жавобгарлик, иккинчи бор содир этганлик учун эса жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Оилавий зўравонликнинг барча турлари, хусусан, руҳий, иқтисодий, жинсий ва жисмоний зўравонликлар учун назарда тутилган нормалар киритилмоқда. Жазо зўравонликнинг енгил ёки оғир эканлигига қараб белгиланади. Агар зўравонликнинг энг оғир даражаси (тан жароҳати етказилса, ҳомиладор аёлга ёки вояга етмаган қизларга тажовуз)  содир этилса, 12 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган. Лекин енгил турдаги жиноят (тан жароҳат етказиш, шаънини ерга уриш ёки иқтисодий томонлама эркинлигига тўсқинлик қилиш) содир этилса, ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш ёки жарима жазоси белгиланмоқда.

Тақиб қилиш ва шилқимлик қилиш бўйича ҳам жавобгарлик белгиланмоқда. Шаҳвоний шилқимлик бўйича ҳам моддалар киритилиб, бу ҳаракатни амалга оширган шахсга нисбатан 1,5 миллион сўм жарима ёки 1,5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланмоқда. Агар бу ҳаракатлар бир йилда икки марта содир этилса, жарима миқдори 15 миллион сўм, маъмурий қамоқ жазоси эса 15 сутка этиб белгиланмоқда.

– Жиноят кодексига маиший зўравонликларга оид 126-1-модда ҳам қўшилди. Эътибор берадиган бўлсак, мазкур моддада «бир рўзғор асосида бирга яшаётган шахс», «умумий фарзандга эга бўлган шахс» ҳамда «хотини» тушунчалари келтирилган. Ушбуларни бир-биридан қандай фарқлаш керак?

–  Жиноят кодексининг 126-1-моддасида «хотинига ёки собиқ хотинига, эрига ёки собиқ эрига бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва меҳнатга оид ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш каби ҳаракатларни содир этганлиги учун қуйидаги жавобгарликлар белгиланган», деб ёзилган. Лекин биз субъектлар қисмига қарайдиган бўлсак, у ерда «эр-хотин ва собиқ хотин (собиқ эр)», «бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахс», дейилмоқда. Бир рўзғор асосида дейилганда битта уйда яшаётган шахслар тушунилади. Бу ерда қайнона-қайнота, қариндошлар томонидан аёл ёки эркакка, фарзандга нисбатан зўравонлик содир этилса, оилавий зўравонлик моддаси бўйича жавобгарликка тортилиши назарда тутилган.

Умумий фарзандга эга бўлган, ФҲДЁ органларидан расмий рўйхатдан ўтмасдан эр-хотин бўлиб яшаб келаётганлар ўртасидаги ҳар қандай зўравонлик ҳолатлари айнан 126-1-моддаси бўйича оилавий зўравонлик деб қаралиши белгиланган.

– Шунингдек, мазкур моддада томонларнинг муносабатларидаги, жумладан, таълим, мулк ва меҳнатга оид ҳуқуларини амалга оширишга тўсқинлик қилгани учун ҳам, маъмурий чоралардан кейин жиноий жавобгарлик белгиланяпти. Бу оилаларда кузатилиб турадиган кичик муаммолар ҳам катталашиб, судгача етиб бориши ҳолатларини кўпайтирмайдими? Фикрингиз...

– Аслини олганда аёлларнинг одил судловга бўлган имконияти жуда паст. Яъни, улар оилавий зўравонликка учраган ҳолатда кўпинча иш судгача бормайди. Ҳатто, аризалар берилмайди. 126-1-моддада айтиляптики, «хотинига ёки собиқ хотинига, эрига ёки собиқ эрига бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва меҳнатга оид ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, уларни таҳқирлаш, қад-қимматини ерга уруш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш каби ҳаракатлари учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, шунингдек, башарти бошқа жиноят аломатлари бўлмаса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима ёки 160 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.»

Оилавий зўравонлик доимий равишда содир этилмаётган бўлса, оғирлаштирувчи ҳолатлар юз бермаётган бўлса, бу ҳолатда жиноят кодексининг 66-1-моддасида яраштириш деган қисми бор. Яъни, ишни судгача олиб чиқмасдан яраштириш асосида тугатиш имконияти мавжуд. Лекин бу модда оилавий зўравонликнинг барча қисмларига ишламайди. Томонлар бир-бирига тан-жароҳати етказиш ҳолатларида яраша олмайди. Фақат енгил ҳолатларда томонлар ўзаро келишиб ярашиши мумкин бўлади.

Биз бу қонунга оила институтини бузадиган нормадек қарамаслигимиз керак. Бу ерда биз оилавий зўравонликни олдини олишга қаратилганлигини англашимиз лозим.  Бу ерда оилавий зўравонлик нормал ҳолат эмас эканлигини, бу учун жавобгарлик белгиланганлигини, бунга қарши давлат томонидан курашиш йўлга қўйилганлигини тушунтириш, оилавий муаммоларни мулоқот орқали ечишни тарғиб қилишни назарда тутилган. Ўйлайманки, аввало, иш судгача етиб бормайди. Чунки бизда оиладаги муаммолар ташқарига чиқиши қийин.

– Мазкур қонун билан хотин-қизлар ҳамда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қатор амалдаги ҳуқуқий-норматив ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Энди ушбу тартибларни жамиятга олиб киришда, сингдиришда нималарни эътиборга олиш зарур?

– Ҳар бир янги қонунни жамиятга тўғри сингдириш, уни тўғри тарғиб қилиш ва қонун ижросини таъминлаш жуда катта куч ва вақт талаб қилади. Бунинг учун барча масъул ташкилотлар, хусусан, бу қонунни ишлатадиган ҳуқуқни муҳофаза қиладиган органлар, психологлар, тиббиёт, маҳалла ходимларини ўқитиш керак бўлади. Яъни, хизмат кўрсатувчиларни ўзи жабрланувчиларни тўғри ҳимоя қилиш бўйича ўқитилиши керак. Бундан ташқари, оиладаги зўравонлик ҳеч қанақа оқлаб бўлмайдиган ҳолат эканлигини, зўравонликка чидаш, сабр қилиш ва охир оқибат ўз жонига қасд қилувчи ҳаракатларни олдини олиш учун шу қонунни тўғри татбиқ қилиш жуда катта аҳамиятга эга.

Элбек Боймурадов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг