Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бир контур – бир маҳсулот»: деҳқонга банк кўмак беради

«Бир контур – бир маҳсулот»: деҳқонга банк кўмак беради

Бугунги Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг бош мақсадларидан бири — аҳоли турмуш даражасини ошириш ва камбағалликни қисқартиришдир. Бу йўлда банклар, хусусан, Микрокредитбанк каби молиявий институтлар фақат кредитлаш эмас, балки маҳаллабай ёндашув, ижтимоий ташаббуслар, иш ўринлари яратиш ва экспортга йўналтирилган лойиҳалар билан фаол иштирок этмоқда.

АОКАда бўлиб ўтган брифингда банк ахборот хизмати раҳбари Сарвар Очилов айтиб ўтганидек, Президентнинг 2024 йил 16 декабрдаги видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар асосида махсус дастур қабул қилинган ва шу асосда бир неча муҳим йўналишлар бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Маҳаллабай ишлаш тизими

Банк таркибида махсус департамент, ҳудудларда «маҳалла сектори» ташкил этилди. 1 121 та маҳаллага 332 нафар «маҳалла банкири» ва ҳар бир маҳалларда ёрдамчи агент бириктирилди. Улар орқали аҳоли эҳтиёжларини ўрганиш ва мақсадли молиявий хизматларни етказиш тизими йўлга қўйилди.

Кредитлаш орқали фаол қўллаб-қувватлаш

Жорий йилнинг ўтган 4 ойида банк томонидан жами 3,6 трлн сўм кредит ажратилди. Бунинг 1,8 трлн сўми бевосита маҳаллалардаги аҳоли ва тадбиркорларга тўғридан-тўғри етказилди. «Оилавий тадбиркорлик», «Бизнесга биринчи қадам», «Маҳалла лойиҳаси» каби дастурлар бу жараённинг асосий таянчига айланди.

Аҳоли бандлиги

Иш ўринлари яратиш борасида январь–апрель ойларида банк кўмагида қарийб 122 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди, шундан 76 минг нафари тадбиркорликка жалб этилди. Хусусан, 18 мингдан ортиқ микролойиҳа амалга оширилиб, 38 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.

Мижозлар билан жонли мулоқот

Ҳисобот даврида банк мижози бўлган 17 минг нафар тадбиркор билан 1 100 маротаба учрашувлар ўтказилди. Учрашувларда кўтарилган мурожаатларнинг 5 мингдан ортиғи ижобий ҳал қилиниши натижасида 6 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.  

Ижтимоий ташаббуслар

Бухоро вилоятида камбағал оилаларга 900 млн. сўмга яқин ҳомийлик маблағлари ҳисобидан хонадонларни таъмирлаш, чорва моллари, қўй ва парандалар, томорқасида экин экиши учун уруғ ва агротехникага, тикув машина, иссиқхона, мактаб ҳудудида спорт майдончаси (ворк аут,) гўзаллик салонлари ташкил этилди. Бундан ташқари, 53 та маҳалладаги 380 та камбағал оилага 10 минг дона мевали кўчатлар тарқатилди.

Туризмни ривожлантириш

Яқинда фойдаланишга топширилган Хоразм вилояти Хива шаҳридаги «Арда Хива» туристик мажмуаларида банк томонидан меҳмонхона, савдо мажмуалари барпо этилди. Лойиҳаларни амалга ошириш учун танлов асосида пудратчи корхоналар жалб этилиб, 185 млрд сўм инвеститция киртилди.

Бугунги кунда «Арда Хива» лойиҳасида қурилиш ишлари якунига етказилиб, фойдаланишга топширилди, натижада 300 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2024 йил 29 ноябрдаги ПҚ-410-сонли қарорига асосан, Хива шаҳридаги «Тўрт Шоввоз» маданий мерос объектига туташ 6,2 гектар ер майдонида Ҳунармандлар марказини барпо этиш белгиланган. Мазкур лойиҳани молиялаштириш мақсадида «MKB Kasana Invest Group» МЧЖ устав капиталига яна 435 млрд сўм инвестиция киритиш белгиланган.

«Бир контур – бир маҳсулот»: аграр ислоҳотнинг янги юзи

Кейинги йўналиш – намунавий лойиҳалар доирасида аҳолига ижарага берилган 1 741 гектар ерда «Бир контур – бир маҳсулот» асосида деҳқончилик учун 159 та лойиҳага 2,2 млрд сўм имтиёзли кредитлар орқали юқори даромадли, экспортбоп маҳсулотлар етиштирилмоқда. Шунингдек, «Супер лойиҳа»лар доирасида «етиштириш – қайта ишлаш – сотиш» занжири яратилади.

Албатта, ушбу лойиҳалар натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми ортиб, аҳоли даромади яхшиланиши кутилмоқда.  

Микрокредитбанк томонидан йўлга қўйилаётган мазкур ишлар аҳолининг фаол иқтисодий ҳаётга жалб этилиши, даромад манбаларини кенгайтириш, бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг