«Берлин – Оққўрғон» фильми: Бўлмағур саволларга ҳожат йўқ!
Таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов суратга олган «Берлин – Оққўрғон» бадиий фильмининг журналистлар учун уюштирилган тақдимоти бўлиб ўтди.
Алишер Навоий номидаги киносаройнинг кичик зали журналистлар билан гавжум бўлди. Тақдимотни тележурналист Шоира Рауфбоева олиб борди. Премьера бошланишидан олдин режиссёр Зулфиқор Мусоқов мазкур фильм 18 дан катта ёшдагилар учун мўлжалланганини айтиб, ёш болаларни олиб кирмаслик, томоша пайтида мобиль телефондан фойдаланмасликни сўради. Шундан сўнг «Берлин – Оққўрғон» намойиш этилди.
Фильм, асосан, иккинчи жаҳон урушининг мудҳиш манзаралари, оғир асоратлари ҳақида. Режиссёр бу даврни бугунги кун билан боғлай олган. Фильмда ҳужжатли хроникаларга ҳам мурожаат қилинган. Эътиборлиси, тарихий факт ва далиллар билан томошабинни экран ортида режиссёрнинг ўзи таништириб боради.
Шахсга сиғиниш даври, бир оила мусибати, қишлоқ аҳлининг камтарона ва оғир ҳаёти бор ҳақиқати билан очиб берилган. Мусоқовнинг барча фильмларида бўлганидек, «Берлин – Оққўрғон»да ҳам севги-муҳаббат алоҳида ўрин эгаллаган. Қўзивой ва Гулшоданинг пинҳоний ва ошкора туйғулари фильм мотивини ташкил этади. Қизнинг отаси қатағонга учрагани етмагандек, унинг ўзи ва онасини ўн ярим йилга қамаш тўғрисида ҳукм чиқарилади. Бунга чидай олмаган қиз ўзини сойга отади. Онасини қамаб, олис ва совуқ ўлкага сургун қиладилар. Қарангки, бахтли тасодиф туфайли у ҳибсдан озод этилади. Қизи Гулшода ҳам ўлмаган, қишлоқ аҳли томонидан қутқариб қолинган эди.
Фильм кутилмаган қизиқарли сюжетларга бой. Воқеалар гоҳ Ўзбекистон, гоҳ Россия, гоҳ Германияга кўчади. Сталин, Гитлер образлари намоён бўлади. Германиядаги оилаларнинг ҳам абгор аҳволи, қатағон ва қатл этилиши кўрсатилади. Қўрқоқ ва хоин Ҳанс оғир қилмишлари учун қанчалик яшириниб, эҳтиёт чорасини кўрмасин, барибир қасос ўтининг қурбони бўлади.
«Берлин – Оққўрғон» – кўзда ёш билан кўриладиган фильм. Ушбу киноасарни бугунги ёшлар қабул қилмаслиги мумкинлиги ҳақидаги режиссёрнинг хавотирида жон бор. Буни премьерадан кейин уюштирилган савол-жавоблардаги айрим иддаолар ҳам исботлаб берди. Баъзи ҳамкасбларнинг оддий лавҳалардан нотўғри хулоса чиқаргани, жўн фикрлагани, нотўғри талқин қилгани, ножоиз саволлар бергани савияси ҳаминқадар эканлигини намоён этди. Сўраганнинг айби йўқ, дейдилар, бу тўғри. Аммо гоҳида биргина бўлмағур савол ҳам ҳафсалани пир қилиши бор гап! Зотан, юздан ошиқ актёр ва актрисаларни ўзида жамлаб, бир ярим йил мобайнида суратга олинган «Берлин – Оққўрғон» – кенг масштабли киноасар. Зеро, у шунчаки ишланмаган, балки олти йил тайёргарлик кўрилган. Архив материалларидан фойдаланилган. Жаҳон ижтимоий-сиёсий ҳаётини ёритиш билан бирга ўзбекнинг тақдирини очиб берувчи миллий фильм у. «Ўзбеккино» агентлиги раиси Фурқат Зокиров айтганидек, биз, қалам аҳли фильм ҳақида томошабинларга тўғри талқинни етказишимиз жоиз.
Бир сўз билан айтганда, янги-янги қиёфаларни кашф этаётган режиссёр Зулфиқор Мусоқовни «Берлин – Оққўрғон» фильми муваффақияти билан табриклаш керак. Уни, албатта, кўринг, бошқача кўз билан томоша қилинг. Ана шунда чол-кампирнинг ўзаро муносабатига доир бўлмағур саволларга ҳожат ҳам қолмайди. Фильм охирида кўзда ёш билан куласиз ва қарсак чалиб юборасиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter