Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ердаги оталар»ми ёки «Осмондаги болалар»: Мусоқовни йиғлатган кимлар? (видео)

«Осмондаги болалар-3» филми суратга олинмоқда! Филм режиссёри, Ўзбекистон санъат арбоби  Зулфиқор Мусоқов  бу ҳақида батафсил Xabar.uz сайтига интервью берди.

«Осмондаги болалар» филмининг мантиқий давоми бўлажак –  «Ердаги оталар»  орқали томошабин билан нима ҳақида суҳбатлашмоқчи, дардлашмоқчисиз? Бу филмни аввалги қисмларидан фарқли жиҳати нимадан иборат бўлади?

–  Нима ҳақида дардлашмоқчиман?.. Орадан 20 йил ўтди... Вақтни тўхтатиб бўлмайди. Бўлажак филм ҳаммани ташвишлантирган умуминсоний қадриятлар ҳақида... Ватан, ота-она, фарзанд, умр йўлдошга  бўлган севги ҳақида!..

«Осмондаги болалар» филмида Ўзбекистон халқ артисти Ҳожиакбар Нурматов гавдалантирган режиссёр образи тилидан: «Ёшларга ҳавасим келади, улар тоза!...» дея айтилган фикр филм ғоясидек янгараган, назаримда... Яна бир муҳим жиҳат борки, инсон бутун ҳаёти давомида ана шу тозаликни сақлаб қола олиши! Айтингчи, «осмондаги болалар»даги беғбуборлик, тозалик уларнинг ОТАлик образида қанчалик ўзини сақлаб қолди экан?

–  Улар дўстлари, болалари, оиласига содиқ ва тозалигича қолишади. Балким, шу фазилатлари билан улар ҳозирги ёшларга хос (ҳаммасига эмас, албатта) бўлган амалга, «лидерликка» интилиш, сохта рақобатчилик ва пул деса, ўзини осмондан ташлаб юбориш, «пиар» каби иллатлардан жирканади...

Осмондаги болалар бу – беғуборлик, Ердаги оталар эса бу ..?  

–  «Осмондаги болалар-3» – бу авваламбор, ўз хатти-ҳаракатига бўлган масъулият! Ана шу масъулият, филм моҳиятини ўзида ифодалайди.

 Бугунги ёшларга тилакларингиз?

–  Бугунги ёшларга битта тилагим бор – ҳеч қачон амални деб ёлғон гапирманглар ва ўз ишингларни профессионаллари бўлишларингни хоҳлардим.

Келинг, шу ўринда доимий ижодий ҳамкорингиз, кинодраматург, «Осмондаги болалар» филми ҳаммуалиф ссенарийнависи раҳматли Рихсивой Муҳаммаджоновни хотирласак... Улар билан суҳбатлашганимда, «Осмондаги болалар» филми ғояси чой устида, ярим соат ичида туғилганлигини айтиб бергандилар. Ўша кунни эслайлик...

–  Бу мен учун оғриқли мавзу. Жойлари жаннатдан бўлсин! Агар Рихсивой ака тирик бўлганларида, киномизда учраётган бунақанги кўзбўямачиликка улар ҳам қарши бўлардилар...

Лобар Қобилова суҳбатлашди. 

Суҳбатнинг тўлиқ версиясини YouTube’даги Xabar.uz каналида томоша қилинг.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг