Анджей Малиновский «Beeline Uzbekistan»ни ривожлантириш учун ишни нимадан бошламоқчи?
Бугун, 17 март куни пойтахтимиздаги Хилтон меҳмонхонасида «Beeline Uzbekistan» мобил компанияси мутасаддилари билан журналистлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда «Beeline Uzbekistan»га бош директор этиб тайинланган Анджей Малиновский таништирилди.
Польша фуқароси бўлган Анджей Малиновский 2017 йилдан ҳозирги кунгача «Beeline Gruziy»ни бошқарган. Таърифлашларича, у электрон тижорат соҳасида бой тажрибага эга. Унинг бошқаруви остида «Beeline Gruziy» ўзини-ўзи таъминлайдиган ташкилотга айланган. Анджей Малиновский бизнес тадқиқотлари ва молия ҳуқуқи бўйича илмий даражага эга. У поляк, инглиз, рус ва украин тилларини билади.
Учрашувда мобил компания мутасаддилари абонентларнинг минглаб шикоятларини кўриб чиқишгани, сифат масаласи кун тартибидаги асосий вазифа бўлишини таъкидлашди. Мутасаддиларнинг билдиришича, ҳозирда замонавий 4G қамрови республика бўйича 30 фоизни ташкил қиларкан, йил якунига қадар ушбу миқдорни икки баробарга ошириш белгиланган. База станциялар сонини ҳам кўпайтириш режалаштирилган. Хусусан, компания бош директори Анджей Малиновский «инновацион рақамли ечимларга асосланган бизнесни ривожлантиришни устувор вазифалардан бири» эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, «Unitel» MЧЖ 2006 йил 12 сентябрдан бошлаб «Beeline Uzbekistan» савдо белгиси остида хизмат кўрсатиб келмоқда. «Beeline Uzbekistan» – бош қароргоҳи Амстердам (Голландия)да жойлашган VEON халқаро телекоммуникация холдинги таркибига киради. VEON холдингининг 9 та мамлакатда 210 миллиондан ортиқ абоненти бор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter