Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижоннинг собиқ ҳокими ва унинг 43 нафар шеригига оид суд иши бошланди

Андижоннинг собиқ ҳокими ва унинг 43 нафар шеригига оид суд иши бошланди

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров ва унинг 43 нафар шеригига оид суд иши бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.

«Фарғона вилоят суди биносида судланувчилар Б.Ҳ. (эркак, 1972 йилда Қирғизистон Республикасида туғилган, муқаддам судланмаган, Андижон вилоят ҳокимлиги Молия бош бошқармаси бошлиғи ва Андижон шаҳар ҳокими лавозимларида ишлаган), Қ. А. (эркак, 1982 йилда Андижон вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, Андижон шаҳар прокурори ва Андижон вилоят прокурорининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта ёрдамчиси лавозимларида ишлаган), Андижон вилояти Молия ва Халқ таълими бошқармалари, Андижон шаҳар Молия ва Халқ таълими бўлимларининг собиқ раҳбарлари ва масъул лавозимларида ишлаган шахслар ва бошқаларга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди», – деб ёзмоқда Абидов.

Азиз Абидовнинг маълум қилишича, жами 44 нафар судланувчининг 29 нафари эркак ҳамда 15 нафари аёл бўлиб, 34 нафар судланувчига нисбатан «қамоққа олиш», 10 нафарига эса «гаров» ва «уй қамоғи» тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра, судланувчилар томонидан 63 млрд. сўмдан зиёд маблағ талон-торож қилинган ва улар Жиноят кодексининг 167, 168, 207, 209, 210, 28,210, 211, 28,211 ва 243-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Ушбу жиноят иши Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси А. Ўтаев раислигида ҳамда судьялар О. Арабов ва Ш. Шерқуловдан иборат таркибда, биринчи инстанция судида кўрилмоқда.

Айни пайтда суд тергови ўтказилиб, суд жараёни давом этмоқда.

Абидов, шунингдек, суд жараёни якуни бўйича батафсил ахборот берилишини таъкидлаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг